Sayt test rejimida ishlamoqda

Хидоятова Дилафруз Абдугаффаровнанинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Интерфаол таълим модели воситасида таълим рус тилида олиб бориладиган мактаблар ўзбек тили ўқитувчиларининг малакасини ошириш жараёни самарадорлигини ошириш», 13.00.01–Педагогика назарияси ва тарихи. Таълимда менежмент (педагогика фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.PhD/Ped45.

Илмий раҳбар: Йўлдошев Жўра Ғаниевич педагогика фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат педагогика университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи: Тошкент давлат педагогика университети, DSc.27.06.2017.Ped.26.01.

Расмий оппонентлар: Мухитдинова Хадича Собировна, педагогика фанлари доктори; Халилова Шахноза Турғуновна, педагогика фанлари доктори.

Етакчи ташкилот: Олий ва ўрта махсус таълимни ривожлантириш маркази.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади:

интерфаол таълим моделини такомиллаштириш асосида таълим рус тилида олиб бориладиган мактаблар ўзбек тили ўқитувчилари малакасини ошириш жараёни самарадорлигини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

интерфаол методлардан фойдаланиш механизми тингловчиларнинг эҳтиёжлари асосида уларнинг мотивацияси, касбий компетенцияларини ошириш,  ўзга тилни ўргатишдаги муаммоли вазиятларнинг самарали ечимларини қўллаш ва коммуникатив жараённи фаоллаштириш асосида такомиллаштирилган;

ўзга тилни ўргатиш тамойилларига мувофиқ ўқиш, гапириш, фонетик талабларга мос талаффуз қилиш, тинглаб англаш, расм орқали фикрини ифодалаш, диалогик нутқ, ёзиш кўникмаларини ривожлантириш асосида «Дарахт», «Step by step», «4 тараф», «Соат миллари», «Ўқув шартномаси», «Алифбо ҳарфлари», «Даврлар стули», «Расмни қайтариб чиз», «Расмлар орасидаги боғлиқлик» каби бир қанча интерфаол методлар такомиллаштирилган;

«Мевали салат», «Ким етакчи?», «Об-ҳаво», «Илтимос, бундай қилинг!» ва бошқа энержайзерлар ва «Бутерброд», «Гапни тўлдиринг», «Кечаги кунни тасвирланг», «Пантомима» каби рефлексия машқлари ўзбек тилини ўргатишнинг замонавий методларига мослаштирилган;

таълим рус тилида олиб бориладиган мактаблар ўзбек тили ўқитувчиларининг малакасини ошириш жараёнини такомиллаштиришда интерфаол таълим моделидан фойдаланишнинг илмий асослари таҳлил этилиб, тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:

Интерфаол таълим модели воситасида таълим рус тилида олиб бориладиган мактаблар ўзбек тили ўқитувчилари малакасини ошириш жараёни самарадорлигини ошириш юзасидан ишлаб чиқилган услубий ва амалий таклифлар асосида:

малака ошириш жараёни самарадорлигини оширишда интерфаол методлардан фойдаланиш юзасидан таклифлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 августдаги 234-сон қарори билан тасдиқланган «Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тўғрисидаги низом»нинг 9 ва 14-бандларида ўз аксини топган (Халқ таълими вазирлигининг 2017 йил 18 февралдаги 03-02/1-7-1399-сон маълумотномаси). Мазкур таклифлар халқ таълими ходимлари малакасини ошириш жараёнида ўқув-услубий таъминотини такомиллаштириш асосида таълим сифатини оширишга имкон яратди;

тадқиқот иши юзасидан ишлаб чиқилган ва такомиллаштирилган интерфаол таълим модели ва интерфаол методлар Республика Таълим маркази илмий кенгашининг 2017 йил 30 июндаги 2-сон қарори билан  республикадаги таълим рус ва бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларнинг ўзбек тили дарсларида фойдаланишга тавсия этилган (Республика Таълим марказининг 2017 йил 27 июлдаги 01/11-01/04-891-сон маълумотномаси). Мазкур тавсия ва тадқиқот юзасидан яратилган бир қанча методик таъминотлар республика таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларида ўзбек тили ўқитувчилари томонидан фойдаланилди ва бу ўзбек тили дарс жараёнларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилди. 

Yangiliklarga obuna bo‘lish