Sayt test rejimida ishlamoqda

Жумаев Шерзод Баҳром ўғлининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): “Вагонлар оқимини ташкил этишда ахборот технологиялари асосида транспорт жараёнлари технологиясини такомиллаштириш”, 05.08.03 – Темир йўл транспортини ишлатиш; (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.3.PhD/Т1862
Илмий раҳбар: Суюнбаев Шинполат Мансуралиевич, техника фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент давлат транспорт университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат транспорт университети ҳузуридаги PhD.15/30.12.2019.Т.73.01 рақамли Илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Арпабеков Муратбек Ильясович, техника фанлари доктори, профессор; Хаджимухаметова Матлуба Адиловна, техника фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент aхборот технологиялари университети.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда темир йўл транспортида вагонлар оқимини ташкил этиш транспорт жараёнлари технологиясини такомиллаштириш ва уни амалий қўллашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
манёвр рейсларининг рационал сони ва уларни бажариш кетма-кетлигини танлаш учун вагонларнинг таркибда жойлашишидаги мумкин бўлган комбинацияларни қайта ишлашга доир дастурий таъминот асосида юк объектлари бўйича маҳаллий вагонларни жамлаш усули ишлаб чиқилган; 
кўп гуруҳли поездларни тузишнинг энг яхши схемасини излаш мақсадида Фибоначчи сонларини қўллаган ҳолда вагонлар гуруҳининг узунлигига боғлиқ равишда саралаш йўлларининг минимал зарурий сонини аниқлаш усули ишлаб чиқилган; 
ўзгармас ва ўзгарувчан график шароитида вагонлар йиғилиш жараёнларининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда терма ва терма-участка поездларининг жўнатиш вақтини белгилаш учун поезд таркиблари тузилишидаги фойдаланиш кўрсаткичлари аниқланган;
вагонлар гуруҳини йўл-йўлакай поездларга қўшиб юборишнинг мумкин бўлган вариантларини техник-иқтисодий баҳолашга доир дастурий таъминот асосида вагонларни график вақтларига бириктиришнинг математик модели ишлаб чиқилган;
темир йўл участкасига хизмат кўрсатувчи турли поездларнинг фойдаланиш харажатларини таққослаш асосида терма, участка ва терма-участка поездлари ҳаракатини ташкил этишнинг тезкор режалаштириш технологияси такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Вагонлар оқимини ташкил этишда ахборот технологиялари асосида транспорт жараёнлари технологиясини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
юк объектлари бўйича маҳаллий вагонларни жамлаш усули “Ўзбекистон металлургия комбинати” АЖ темир йўл станцияларига вагонлар гуруҳини белгиланган тартиб бўйича тузишда манёвр рейсларининг рационал сони ва уларни бажариш кетма-кетлигини танлаш учун жорий этилган (“ЎМК” АЖнинг 2021 йил 7 июндаги 01/06-01/04-384-сонли маълумотномаси). Натижада кўп гуруҳли поездларни тарқатиш учун сарфланадиган вақтни 17% га, станция юкланганлигини 6% га камайтиришга, ёқилғи сарфини ва вагонларнинг туриб қолиш вақтини минималлаштиришга, маҳаллий вагонларнинг айланмасини тезлаштиришга эришилган;
вагонлар гуруҳининг узунлигига боғлиқ равишда саралаш йўлларининг минимал зарурий сонини аниқлаш усули “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тасарруфига кирувчи «Чуқурсой» станциясига кўп гуруҳли поездларни тузишнинг энг яхши схемасини излаш учун жорий этилган (“ЎТЙ” АЖнинг 2021 йил 3 июндаги 01/2330-21-сонли маълумотномаси). Натижада тепалик технологик цикли 12% га камайган, транзит қайта ишланадиган поезд таркибларини саралаш жараёнларига сарфланадиган вақт 5% га қисқарган ва саралаш тепалигининг қайта ишлаш қобилияти 14% га ошган;
вагонларни график вақтларига бириктиришнинг математик модели ва терма, участка ва терма-участка поездлари ҳаракатини ташкил этишнинг тезкор режалаштириш технологияси “ЎТЙ” АЖ тасарруфига кирувчи “Логистикани ривожлантириш ва рақамлаштириш бош бошқармаси”га вагонлар гуруҳини йўл-йўлакай поездларга қўшиб юборишнинг мумкин бўлган вариантларини техник-иқтисодий баҳолаш ва темир йўл участкасига хизмат кўрсатувчи турли поездларнинг фойдаланиш харажатларини таққослаш учун жорий этилган (“ЎТЙ” АЖнинг 2021 йил 3 июндаги 01/2330-21-сонли маълумотномаси). Натижада ахборот технологиялари асосида вагонлар оқимини ташкил этиш бўйича тезкор қарор қабул қилиш, темир йўл участкасидаги оралиқ станцияларига вагонларни бир маромда ва изчил етказиб беришни башоратлаш ва таҳлил қилиш имкони яратилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish