Назарова Шаҳноза Ибадуллаевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбек халқ эртакларида синов мотивларининг генезиси ва поэтикаси», 10.00.08–Фольклоршунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2.PhD/Fil113.
Илмий раҳбар: Турдимов Шомирза Ганиевич, филология фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, DSc.27.06.2017.Fil.46.01.
Расмий оппонетлар: Ёрматов Исомиддин Турғунович, филология фанлари доктори; Қаюмов Олимжон Садриддинович, филология фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: синов мотивларининг ўзига хос табиати, табиат кучлари, фетишизм, тотемизм, анимизмга оид мифологик тасаввурлар, шунингдек маросим фольклори билан алоқадорликдаги генезиси, халқ эртаклари сюжетида тақиқ, шарт, шартлашишдан иборат муҳим ҳалқа сифатидаги композицион ва бадиий-эстетик вазифалари, поэтик хоссалари, маъно қирралари моҳиятини очиб бериш ҳамда илмий таснифини яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
синов мотивлари эпик сюжетнинг муҳим ҳалқаларидан бири эканлиги, мифологик тасаввурлар ҳамда қадимги маросим фольклори билан алоқадорликда келиб чиққанлиги очиб берилган;
синов мотивларининг тақиқ, шарт ва шартлашувдан иборат сюжет унсурлари мажмуи эканлиги, ҳар бир фольклор жанрида ўзига хос тарзда намоён бўлиши асосланган;
синовнинг шартлашиш тури фольклоршуносликда илк бор алоҳида тип сифатида ажратилган ва номланган, унинг ўзига хос хусусиятлари ва хоссалари аниқланган;
тақиқ ва шартларнинг, асосан, воқеалар аввали ҳамда ривожида, шартлашишларнинг воқеалар боши, ривожи ҳамда якунида бўлиши, синов мотивларининг ҳомийга йўлиқиш, сафар, тутқунлик, ўлим ва қайта тирилиш мотивлари билан боғлиқлиги асосланган;
тақиқ, шарт ва шартлашишларнинг ўз поэтик жуфтларига эгалиги ҳамда семантик турлари аниқланган;
синов мотивларининг эртак сюжети ўзагини ҳосил қилувчи ва асосий ҳалқаларни туташтирувчи поэтик восита вазифасини бажариши исботланган;
синов мотивларининг эпик сюжетдаги ўрнига кўра эртаклар вариантлилигини юзага келтириши очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Ўзбек халқ эртакларида синов мотивларининг генезиси ва поэтикаси бўйича олинган илмий натижалар асосида:
синов мотивлари генезиси, уларнинг поэтик хусусиятлари, бадиий-эстетик вазифалари бўйича олинган илмий натижалардан «Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари 100 жилдлигини нашрга тайёрлаш ва уни текстологик ўрганиш масалалари» фундаментал лойиҳасининг 19-жилди («Гўрўғлининг туғилиши» достони)да берилган халқ достонлари матни юзасидан кириш мақола тайёрлаш, илмий изоҳлар тузиш, синов мотивларининг ўзига хос талқинлари ва бахшилар бадиий маҳорати билан боғлиқ жиҳатларни ёритишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлигининг 2017 йил 18 июлдаги ФТА-02-11/343-сон маълумотномаси). Синов мотивларининг эпик тафаккур тараққиётини кўрсатиб беришдаги аҳамияти илмий далиллар асосида ўз исботини топган;
21-жилд («Юнус пари» достони)да берилган халқ достонлари матнида келган тақиқ мотивининг маъно қамрови ва поэтик хоссаларини асослаб бериш, лойиҳадаги матнлар тадқиқида синов мотивлари комплексига кирувчи тақиқ, шарт, шартлашиш каби терминлардан назарий истилоҳ сифатида фойдаланиш, синов мотивининг шартлашиш турини фольклоршуносликда илк маротаба илмий истилоҳ сифатида қўлланган (Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлигининг 2017 йил 18 июлдаги ФТА-02-11/343-сон маълумотномаси). Синов мотивларининг, хусусан, шартлашишнинг алоҳида мотив сифатида ўз поэтик хоссаларига эга эканлигини илмий далиллашга имкон берган.