Sayt test rejimida ishlamoqda

Мамарасулова Гулноз Абдулқосимовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Илк инглиз романтизм шеъриятида шарқона мавзулар талқини», 10.00.04 – Европа, Америка ва Австралия халқлари тили ва адабиёти.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.1.PhD/Fil425.
Илмий раҳбар: [Холбеков Мухаммаджон Нурқосимович], филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Жиззах давлат педагогика институти. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Бухоро давлат университети, DSc.03/04.06.2021.Fil.72.03.
Расмий оппонентлар: Муродов Ғайрат Некович, филология фанлари  доктори, доцент; Нормуродова Нозлия Зариловна, филология фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон миллий университети.    
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Ғарб адабиёти, хусусан, илк инглиз романтизм шеъриятида келтирилган  шарқона мавзуларни очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
инсон, унинг моҳияти, манфаатлари; инсонпарварлик, донишмандлик ва ахлоқий қадриятларни акс эттирган шарқона мавзуларнинг Ғарб адабиётидаги етакчи хусусиятлари ва Европанинг Шарқ адабиётига бўлган қизиқиши натижасида пайдо бўлган «ориентализм» концепциясининг ижодий-эстетик тамойиллари асосланган; 
илк инглиз романтизм даври адабиётида муаллиф шахсияти, бадиий тафаккури ва руҳиятини белгилашда услубнинг мўътадил салобати, санъатнинг нозик мутаносиблиги, жисмоний ва ақлий нафосатнинг шакллари, характер ва ҳис-туйғуларнинг адолатли тақсимоти, ҳикоя ва далиллар риторикаси, эпик ва драматик шеъриятнинг доимий тузилмаси каби Шарқ адабиётининг бадиийлик мезонлари бирламчи эканлиги далилланган; 
Шарқ лирикасининг инглиз шеърияти тузилиши, шеърий жанрларига таъсир доираси; тилнинг луғат бойлиги ўсишига ҳисса қўшган шарқий тиллардан ўзлашган сўзлар Ғарбда Шарқ адабиётининг кенг тарғиб қилиниши натижаси эканлиги исботланган;  
«Кўл мактаби» вакиллари Кольриж, Вордсворт ва Саутиларнинг поэмаларида учрайдиган Шарқ ва Ғарб анъаналари кесишуви, Ғарбда яратилган бадиий асарларда шарқона руҳ ва шарқона фалсафанинг инъикоси, ҳар икки минтақа маданияти ҳамда қадриятлари қиёсий-типологик умумлашмалар синтези орқали аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Илк инглиз романтизм даври шеъриятидаги шарқона мавзулар талқини масаласини тадқиқ этиш ва мазкур муаммонинг илмий-назарий асосларини ишлаб чиқиш асосида:
Ғарб тиллари луғат бойлиги ўсишига ҳисса қўшган шарқий тиллардан ўзлашган сўзлар Европада романтизм даврида Шарқ адабиётининг кенг тарғиботи натижаси эканлигига доир хулосалардан 2007-2011 йилларга мўлжалланган ОТ-Ф8-062 рақамли «Тил тараққиётининг деривацион қонуниятлари» мавзусидаги фундаментал лойиҳани амалга оширишда фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 13 октябрдаги 89-03-3891-cон маълумотномаси). Натижада бу давр ижодкорлари лирикасидаги бадиий тасвирий ифодалар ва уларнинг деривацион хусусиятлари, уларнинг тилшунослик соҳасига қўшган улушлари ҳамда аҳамиятли жиҳатларига оид назарий умумлашмалар тилнинг деривацион вазифаларини аниқлашга имкон яратган;
илк инглиз романтизм даври адабиётида диний-маърифий мавзудаги ориентал поэмаларнинг шарқона хусусияти, Ислом маърифати, тасаввуф ғоялари билан боғлиқлиги масаласи ва унинг аҳамиятига доир маълумотлардан 2015-2017 йилларга мўлжалланган А-1-118 рақамли «Алишер Навоий образининг тасвир ва талқинларига оид ўқув қўлланмасини тайёрлаш ва нашр этиш» мавзусидаги амалий лойиҳани бажаришда фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 13 октябрдаги 89-03-3891-cон маълумотномаси). Натижада Ғарб адабиётининг қатор дурдона асарлари муваффақияти негизида аслида Шарқ адабиёти туришини очиб беришга хизмат қилган; 
илк инглиз романтизм даври адабиёти ва шу даврда яшаб ижод қилган шоирларнинг асарларида келтирилган шарқона мотивлар, тасвир воситалари ва усулларига оид маълумотлардан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Халқаро адабий алоқалар ва бадиий таржима бўлими қошидаги таржима кенгашлари ва тўгараклари фаолиятини ривожлантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг 2020 йил 10 ноябрдаги 01-03-07/939-сон маълумотномаси). Натижада уюшма фаолиятини илмий-назарий ва илмий-методологик жиҳатдан ривожлантиришга ҳамда ёш ижодкорларнинг Ғарб  ва Шарқ адабий алоқалари ҳақида батафсил  маълумот олишларига эришилган;
Англияда романтизм даври адабиётига мансуб шоирларнинг асарларида келтирилган шарқона мотив ва таҳлилларга оид илмий натижалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси «Yoshlar» радиоканали «Адабиёт ичида» радиоэшиттиришида, шунингдек, Сирдарё вилоят телерадиокомпаниясининг «Ижод завқи» ва «Адабиёт бўстонида» номли радиоэшиттиришларида фойдаланилган («Yoshlar» телерадиоканалининг 2020 йил 21 сентябрдаги 14-03-154-сон, Сирдарё вилоят телерадиокомпаниясининг 2021 йил 26 февралдаги 01-01/66-сон маълумотномаси). Натижада ёшларда миллий ғурурни шакллантириш баробарида ўқувчиларнинг маънавий олами ва эстетик дидини ўстириш, тингловчиларнинг бадиий савиясини юксалтиришда муҳим манба бўлиб хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish