Шамшидинов Исраилжон Тургуновичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Қоратоғ ва Марказий Қизилқум фосфоритларидан экстракцион фосфат кислота ишлаб чиқаришнинг такомиллашган ва концентрланган фосфорли ўғитлар олиш технологияларини яратиш», 02.00.13–Ноорганик моддалар ва улар асосидаги материаллар технологияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.DSc/Т15.
Илмий маслаҳатчи: Мирзакулов Холтура Чориевич, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган муҳандислик-қурилиш институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Умумий ва ноорганик кимё институти, Тошкент кимё-технология институти, DSc.27.06.2017.K/T.35.01.
Расмий оппонентлар: Намазов Шафоат Саттарович, техника фанлари доктори, профессор; Усманов Султан Усманович, техника фанлари доктори, профессор; Дехканов Зулфикахар Киргизбаевич, техника фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: Урганч давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: магнийли фосфоритлардан олинган экстракцион фосфат кислотани (ЭФК) қўшимчалардан тозалаш ва фаоллаштириш усулларини ҳамда юқори магнийли фосфоритларни ЭФКга қайта ишлаш ва иккиламчи фосфатларни фаолланган ЭФКда парчалаш йўли билан концентрланган фосфорли ва микроэлементли ўғитларга қайта ишлаш технологияларини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
биринчи маротаба кўрсаткичларни ўлчашнинг кенг қамровли доирасида H3PO4-H2O, H3PO4-MgSO4-H2O, H3PO4-MgSO4-NH4NO3-H2O ва таркибида аммоний нитрат бўлган магнийли ЭФК системаларида қайнаш ҳарорати, тўйинган буғ босими, буғ ҳосил бўлиш иссиқлиги, электр ўтказувчанлиги ва pH қиймати аниқланган;
аммоний нитрат иштирокида ЭФК концентрланган эритмалари физик-кимёвий ва реологик хоссаларининг яхшиланиши магний сульфат гидратларининг бузилиши ҳисобига содир бўлиши исботланган;
магнийли фосфоритлар асосидаги фосфат кислотанинг аммоний нитрат иштирокида фаолланиш мумкинлиги аниқланган;
биринчи маротаба майдаланиш пайтида Қоратоғ фосфатли хомашёси компонентларининг маълум изчилликда тақсимланиши, фосфорит парчаланиш даражасига заррачалар ўлчамининг таъсири, заррачалар ўлчами ортиши билан парчаланиш даражасининг минимум орқали ўтиши аниқланган ва бунда кальций сульфат майда кристалларининг йирик заррачалар сиртида қуйқа қатлам ҳосил қилиш сабаблари асосланган;
фосфат кислотани сульфат кислотали экстракциялашда фосфоритларнинг парчаланиш жараёни ҳамда кальций сульфат дигидрати кристалланишига магнийнинг таъсири аниқланган;
жараён босқичларини камайтириш ҳисобига кислота тозалаш жараёнини жадаллаштириш таъминланадиган ЭФК ишлаб чиқариш технологик циклида ЭФКни фтор ва сульфатлардан бир пайтнинг ўзида тозалаш ҳамда МҚ фосфоритларидан таркибида 52,0% дан кам бўлмаган Р2О5 бўлган экологик тоза маҳсулот – юқори навли аммофос олиш мумкинлиги аниқланган;
иккиламчи фосфатларни концентрланган ва аммоний нитрат билан фаолланган ЭФК ва микроэлементли ЭФКда парчалаш йўли билан концентрланган фосфорли ўғитлар ҳамда микроэлементли ўғитлар олиш технологиялари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Қоратоғ ва Марказий Қизилқум магнийли фосфоритларини концентрланган фосфорли ўғитларга қайта ишлаш технологияларини яратиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
мураккаб азот-фосфорли ўғит олиш усулига Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлигининг ихтирога патенти олинган (№ IAP 03806). Натижада магнийли ЭФКни аммоний нитрат иштирокида буғлатиш йўли билан олинган концентрланган ва фаолланган кислотада фосфоритларни парчалаш, маҳсулотни донадорлаш ва қуритиш орқали концентрланган фосфорли ўғит – қўшалоқ суперфосфат олиш имконияти яратилган;
ЭФКни сульфатлар ва фтордан тозалаш, азот-фосфор-кальцийли ўғит ва микроэлементли ўғит олиш, Қоратоғ юқори магнийли фосфоритларидан янги турдаги концентрланган фосфорли ўғит олиш технологиялари «Ammofos-Maxam» АЖда татбиқ этилиб, юқори навли аммофос ҳамда таркибида кальций ва микроэлементлар тутган концентрланган фосфорли ўғитлар олинган («Ўзкимёсаноат» АЖнинг 2017 йил 24 июлдаги 01/3-3976/П-сон маълумотномаси). Ушбу натижаларни амалиётга жорий қилиш аммофос ишлаб чиқаришнинг амалдаги усулига нисбатан хомашёлар – сульфат кислота сарфини 15–20% га, аммиак сарфини 60–80% га камайтириш имконини берган.