Sayt test rejimida ishlamoqda

Абдуазимов Оқилжон Уткуровичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Ахборотлашган жамиятда жамоатчилик фикри мониторингини таъминлашда оммавий коммуникациялар социологиясининг ўрни (Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг 2001–2016 йиллардаги материаллари мисолида)», 10.00.09–Журналистика (социология фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1DSc/Sots1.

Илмий маслаҳатчи: Бекмуродов Мансур Бобомуродович, социология фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги илмий даража берувчи DSc.27.06.2017.F.01.05 рақамли илмий кенгаш асосида бир марталик илмий кенгаш.

Расмий оппонентлар: Саидов Акмал Холматович, юридик фанлар доктори, профессор;Умаров Абсалом Адилович, социология фанлари доктори, профессор;Худойқулов Мухтор, филология фанлари доктори.

Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.

Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: ахборотлашган жамиятда жамоатчилик фикрини оммавий коммуникациялар воситасида шакллантириш ва мониторингини таъминлаш омиллари, хусусиятлари ва тенденцияларини социологик жиҳатдан назарий-эмпирик асослашдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

«Матбуотнинг тўрт назарияси» такомиллаштирилиб, миллий оммавий коммуникациялар тарихини ҳамда замонавий жараёнларини таҳлил қилишга мос келувчи янги концепция ва назарий қарашлар ишлаб чиқилди. Ушбу назарий қарашлар умумлаштирилиб, «Матбуотнинг 4Т назарияси» деб номланди. Булар: «Термитлашган матбуот назарияси», «Трибониклашган матбуот назарияси», «Трансформациялашган матбуот назарияси», «Таназиялашган матбуот назарияси»дан иборат;

жамоатчилик фикри мониторингини таъминлашда «матбуот–шахс–жамият–давлат» ўзаро қайтма алоқаларини баҳолашнинг 6 та мезони (профессионаллик, мустақиллик, иқтисодий эркинлик, ижтимоий адолатлилик, тезкорлик, холислик) илмий-назарий асосланган ҳолда ишлаб чиқилган;

ахборотлашган жамиятда «ОАВ–журналист–муассис–аудитория» ўртасидаги ўзаро қайтма алоқалар таҳлили асосида анъанавий таҳририятлар трансформациялашиб, янги парадигма сифатида трансмиллий таҳририятларга айланишининг замонавий тенденциялари ва принциплари очиб берилган;

объект ва субъект ўртасидаги қайтма алоқаларни тадқиқ этиш орқали жамоатчилик фикри мониторингини таъминлашда ОКВ функциялари юзага чиқишининг уч босқичли механизми мавжудлиги аниқланган;

ахборотлашган жамиятда журналистиканинг демократик институт сифатида интеграциялашуви ва ОАВ материалларининг контент-таҳлили очиб берилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:

«Термитлашган матбуот назарияси», «Трибониклашган матбуот назарияси», «Трансформациялашган матбуот назарияси», «Таназиялашган матбуот назарияси»дан иборат «Матбуотнинг 4Т назарияси» модели борасидаги таклифлардан Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий марказининг 2015–2016 йиллардаги тарғибот-ташвиқот ишларида фойдаланилган (Республика Маънавият ва маърифат кенгаши Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий марказининг 2016 йил 30 декабрдаги №425-сон маълумотномаси). Натижада оммавий коммуникациялар социологияси моҳиятан янги концептуал таҳлил билан бойишига имкон яратилган;

жамоатчилик фикри мониторингини таъминлашда «матбуот–шахс–жамият–давлат» ўзаро қайтма алоқаларини иерархик таҳлил усули орқали баҳолашнинг 6 та мезони хусусидаги таклиф-тавсиялар «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш марказида амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2017 йил 25 апрелдаги №33-8/2540-сон маълумотномаси). Мазкур таклифларнинг амалиётга жорий этилиши «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантиришда веб-сайтлар очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилган;

«ОАВ–журналист–муассис–жамоатчилик» ўзаро қайтма алоқаларга оид таклифлардан «Халқ сўзи» газетаси таҳририяти ижодий фаолиятида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 30 августдаги №07/44-1-сонли маълумотномаси). Ушбу таклифларнинг амалиётга жорий этилиши жамоатчилик фикри мониторинги механизмини такомиллаштиришга хизмат қилган;

объект ва субъект ўртасидаги қайтма алоқалар диалектикаси, жамоатчилик фикри мониторингини таъминлаш, ОКВ функциялари намоён бўлишининг уч босқичли механизми борасидаги таклифлардан Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳаммуассислигидаги «Оила даврасида» ижтимоий-сиёсий ва маданий-маърифий газетасининг таъсис ҳужжатларида фойдаланилган (Ўзбекистон «Маҳалла» хайрия жамоат фонди республика бошқарувининг 2015 йил 16 июлдаги №02-01/500-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг амалиётга жорий этилиши миллий ахборот бозорини турли хил ёт мафкуралар ва «оммавий маданият»нинг салбий таъсиридан ҳимоя қилувчи материаллар билан таъминлашга хизмат қилган;

журналистиканинг демократик институт сифатидаги функциялари ва ОАВ материалларининг контент-таҳлилига оид таклифлардан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятида фойдаланилган (Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг 2016 йил 26 апрелдаги №12/95-1-сон маълумотномаси). Мазкур таклифлардан амалиётда фойдаланиш миллий медиа муҳитини яхшилаш, таҳририятларнинг глобал тармоқдаги фаолиятини такомиллаштириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish