Sayt test rejimida ishlamoqda

Асилова Гулшан Асадовнанинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Божхона ва солиқ йўналишлари талабаларининг давлат тилида касбий мулоқот юритиш компетенциясини ривожлантириш (рус гуруҳларида)», 13.00.02–Таълим ва тарбия назарияси ва методикаси (ўзбек тили) (педагогика фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.DSc/Ped3.

Илмий маслаҳатчи: Мухитдинова Хадича Собировна, педагогика фанлари доктори, доцент.

Диссертация бажарилган муассаса номи, Тошкент давлат педагогика университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат педагогика университети, DSc.27.06.2017.Ped.26.01.

Расмий оппонентлар: Эгамбердиева Нодира Мелибаевна, педагогика фанлари доктори, профессор; Ахмедова Лайло Талибжановна, педагогика фанлари доктори, профессор; Ахмедов Ойбек Сапорбоевич, филология фанлари доктори.

Етакчи ташкилот: Фарғона давлат университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: олий таълим муассасаларининг божхона ва солиқ йўналишлари рус гуруҳлари талабаларининг давлат тилида касбий мулоқот юритиш компетенциясини ривожлантиришдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

тил таълимига компетент ёндашув ва уни рус гуруҳларида ўзбек тилини ўқитишда қўллашнинг лингводидактик асослари такомиллаштирилган;

божхона ва солиқ йўналишлари рус гуруҳлари талабаларининг ўзбек тилида касбий мулоқот юритиш компетенцияси оғзаки ва ёзма, монологик ва диалогик нутқ турларига алоқадорлигига кўра компонентларга ажратилган;

божхона ва солиқ йўналишлари учун ўзбек тили фанининг ўқув-дастурий таъминотида соҳавий терминларнинг ёритилиши ҳамда ўргатилиши илмий-методик жиҳатдан такомиллаштирилган;

божхона ва солиқ йўналишлари рус гуруҳлари талабаларининг касбий монологик ва диалогик нутқини ўстиришнинг уч босқичли тизими ишлаб чиқилган;

рус гуруҳлари талабаларига божхона ва солиқ соҳаларига оид ички меъёрий ҳужжатларни давлат тилида тузиш, тўлдириш ва расмийлаштиришни ўргатишнинг самарали методикаси ишлаб чиқилган;

божхона ва солиқ йўналишлари рус гуруҳлари талабаларининг давлат тилида касбий мулоқот юритиш компетенциясининг ривожланганлик кўрсаткичлари аниқланган ва баҳоланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:

Божхона ва солиқ йўналишлари рус гуруҳлари талабаларининг давлат тилида касбий мулоқот юритиш компетенциясини ривожлантириш бўйича олинган натижалар ва ишлаб чиқилган таклифлар асосида:

божхона ва солиқ тизимларида қўлланадиган норматив ҳужжатларни давлат тилида тузиш, тўлдириш ҳамда расмийлаштиришга ўргатиш бўйича илмий-методик тавсиялар  божхона соҳасига оид халқаро ҳужжатлар ҳамда битимларни таржима қилиш, божхона амалиётида норматив ҳужжатларни юритишга татбиқ этилган (Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2016 йил 9 ноябрдаги 03-05/13-6552-сон ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2016 йил 6 декабрдаги 16/1-28640-сон маълумотномалари). Бу амалдаги соҳавий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни давлат тилида тўғри юритиш ҳамда электрон ҳужжат айланишини самарали амалга ошириш механизмини такомиллаштиришга имкон берган;

илмий-методик тавсиялардан “Божхона кўриги далолатномасини рўйхатга олиш ва тўлдириш тартиби”, “Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома”, “Божхона иши соҳасида қўлланиладиган айрим ҳужжатлар ва ҳисоботларнинг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида”, “Божхона юк декларациясини ўзгартириш, унга қўшимча киритиш, уни қайта расмийлаштириш, қайтариб олиш ва бекор қилиш тартиби тўғрисидаги низом”, “Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қарор, Давлат божхона қўмитасининг “Божхона органлари томонидан аниқланган ҳуқубузарлик ҳолатлари бўйича тузиладиган процессуал ҳужжатлар шаклларини тасдиқлаш тўғрисида”, “Давлат божхона хизмати органларида ички идоравий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруқларини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2016 йил 9 ноябрдаги 03-05/13-6552-сон ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2016 йил 6 декабрдаги 16/1-28640-сон маълумотномалари). Мазкур тавсиялардан солиқ органларининг таҳлил ва назорат ҳамда ташкилий-бошқарув фаолиятида фойдаланиш йўлга қўйилган. Уларнинг амалий қўлланиши молия ва давлат хизмати органларида солиқ тушумларини таҳлил қилиш, режалаштириш ҳамда прогнозлаштириш, давлат солиқ хизмати органларида жорий қилинган дастурий маҳсулларда ахборот-таҳлил ишларини олиб бориш, солиққа оид маълумотларнинг ягона компьютер базасини юритиш, солиқ тўловчиларга давлат тилида маълумотномалар бериш, юридик ва жисмоний шахсларнинг солиқ солиш ҳамда солиқ қонунчилигининг бузилиши масалалари бўйича мурожаатларини кўриб чиқиш, фуқароларнинг оғзаки ва ёзма мурожаатларини, шикоят ҳамда аризаларини кўриб чиқиб, қонуний тартибда ҳал этишда хизмат қилган;

божхона ва солиқ терминларининг таржимасига оид илмий-назарий ҳамда методик тавсиялардан Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг лойиҳасини тайёрлаш ҳамда уни таржима қилиш жараёнида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2016 йил 9 ноябрдаги 03-05/13-6552-сон ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2016 йил 6 декабрдаги 16/1-28640-сон маълумотномалари). Шунингдек, улардан Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Республика ахборот-маслаҳат маркази сайтининг материалларини тайёрлашда фойдаланилган. Бу солиқ соҳасига оид терминларнинг самарали таржима қилинишига асос бўлади;

рус гуруҳлари талабаларининг ўзбек тилида касбий мулоқот юритиш компетенциясини ривожлантириш тизимидан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2015 йил 21 августдаги 303-сон буйруғи билан тасдиқланган “Божхона иши” ва 5230800-Солиқлар ва солиққа тортиш бакалавриат таълим йўналишининг малака талабларини яратишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг 2016 йил 9 ноябрдаги 03-05/13-6552-сон ва Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 2016 йил 6 декабрдаги 16/1-28640-сон маълумотномалари). Натижада мазкур йўналишлар талабалари томонидан “Ўзбек тили” фани бўйича ўзлаштириш кўрсаткичларининг юқори бўлишига эришилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish