Sayt test rejimida ishlamoqda

Пулатов Дилшод Ҳақбердиевичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ғазна ижросини такомиллаштиришнинг методологик жиҳатлари», 08.00.07–Молия, пул муомаласи ва кредит (иқтисодиёт фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.DSc/Iqt.2.

Илмий маслаҳатчи: Хамидулин Михаил Борисович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассасалар номи: Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси, DSc.27.06.2017.I.16.01.

Расмий оппонентлар: Ҳайдаров Низомиддин Ҳамроевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Жумаев Нодир Хосиятович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Эшназаров Тўлқин Шералиевич, иқтисодиёт фанлари доктори.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II.Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ғазна ижросининг методологик жиҳатларини такомиллаштириш бўйича илмий таклиф ва амалий тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

«бюджет ташкилоти», «бюджет маблағлари олувчи», «бюджет ижросига касса хизматини кўрсатиш», «давлат харидлари», «бюджет таснифи» тушунчаларини аниқлаштириш орқали Давлат бюджети маблағлари ҳисобини юритиш ва самарали ишлатилишининг илмий-услубий жиҳатдан таъминоти такомиллаштирилган;

ғазначилик органлари фаолияти самарадорлигини ошириш билан бир қаторда Давлат бюджети маблағларини бошқаришни оптималлаштириш имконини берадиган, давлат бюджети ғазна ижроси жараёнида юзага келадиган молиявий муносабатлар илмий асослаб берилган;

замонавий технологик ва техник мажмуаларни қўллаш ҳисобига бюджет тизими бюджетларининг даромадларини давлат бюджети ғазна ижроси билан қамраб олиш таклифи асосланган;

бюджетдан маблағ олувчилар барча бўғинларининг давлат бюджети ғазна ижросига тўлиқ ўтиши, ёпиқ (махфий) тавсифга эга бўлган харажатларни ўзига хос тартибини ҳисобга олган ҳолда давлат молиясини бошқариш жараёнини такомиллаштириш юзасидан таклифлар асослаб берилган;

бюджет маблағи олувчиларнинг паспортлари лойиҳаси, электрон маълумотномаси, услубий қўлланма ва дастурий мажмуани ўз таркибига олувчи инновацион ишланма яратилган;

Ўзбекистондаги молиявий муносабатларни ислоҳ этишнинг ҳозирги босқичи хусусиятлари ҳамда ривожланган хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда давлат бюджети ғазна ижросини такомиллаштиришнинг методологик асослари ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:

Диссертация ишининг илмий таклифлари ва амалий тавсиялари асосида:

Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексини тайёрлаш жараёнида тадқиқотчи томонидан таклиф этилган «бюджет ташкилотлари», «бюджет маблағлари олувчилар» тушунчаларининг илмий-услубий ишланмалари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан амалиётга жорий этиш учун қабул қилинган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасининг 2010 йил 9 ноябрдаги 04/1-13-228-сон маълумотнома). Мазкур ишланмалар 2013 йилда қабул қилинган Бюджет кодексининг 4- ва 5-моддаларига киритилган;

давлат мулки, энергия ресурслари, асосий воситалар ва кам қийматли қимматликлар ҳисобини юритиш бўйича бюджет ташкилотларининг махсус дастурий мажмуалари ва паспортлари шаклларини ишлаб чиқиш тўғрисидаги таклиф амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ўқув марказининг 2015 йил 30 мартдаги БА/41/1-302/167-сон маълумотномаси). Натижада бир йил давомида давлат бюджети касса харажатларини 5 фоиздан ортиқ миқдорда тежаш имконини берди;

замонавий технологик ва техник мажмуаларни қўллаш ҳисобига бюджет тизими бюджетларининг даромадларини давлат бюджети ғазна ижроси билан қамраб олиш таклифи Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалиётга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2016 йил 5 майдаги ЖК/31-01/1-32-09/908-сон маълумотномаси). мазкур таклифнинг амалиётда қўлланилиши Давлат бюджети 25–40 млрд. сўм миқдоридаги даромадининг ягона ғазначилик ҳисоб рақамига келиб тушишини ўртача 3 кунга тезлаштириш имконини берди;

турли даражадаги бюджетлар, хусусан, республика ва маҳаллий бюджетлар, давлат мақсадли жамғармалари харажатлар ваколатларини белгилаш бўйича тавсияси «Ўзбекистон Республикасида Бюджет тизимини ислоҳ қилиш лойиҳаси» жорий қилинган (БМТ «Ўзбекистон Республикасида Бюджет тизимини ислоҳ қилиш лойиҳаси» Тараққиёт дастурининг 2014 йил 20 мартдаги BSR/04.03.14/09-сон маълумотномаси). Натижада ҳар бир бюджет бўғинининг харажатлар ваколатларини тўлиқ таъминлашга бўлган қизиқиши ортди;

2011–2012 йилларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ўқув маркази билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ўртасида тузилган шартнома асосида «Паспортлаштириш» дастурий мажмуаси лойиҳасининг инновацион таркибий қисмлари бўлган қуйидаги йўналишлар бўйича тадбирлар амалга оширилган (Молия вазирлиги Ғазначилигининг 2012 йил 20 декабрдаги №БА/48/14-1057/971-сон маълумотномаси):

а) давлат мулки, энергия ресурслари, асосий воситалар ва кам қийматли қимматликлар ҳисоби бўйича бюджет маблағи олувчиларнинг паспортлари лойиҳаси ишлаб чиқилган. Бундан бюджет параметрларини ишлаб чиқишда, давлат харидларининг самарадорлиги ва уларни такомиллаштиришни таҳлил қилиш, норматив ҳужжатларни ишлаб чиқишда фойдаланиш мумкин;

б) бюджет маблағлари олувчиларнинг Электрон маълумотномаси, маълумотлар тўплами ишлаб чиқилган;

в) «Паспортлаштириш» дастурий мажмуасидан фойдаланиш бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқилган;

г) кроссформалиликни таъминловчи замонавий ВЕБ (Prime Faces) технологиялардан фойдаланилган JAVA дастурлаштириш тилида код ҳажми ПК-10 Mb бўлган дастурий мажмуа фойдаланишга топширилган;

Ўзбекистондаги молиявий муносабатларни ислоҳ этишнинг ҳозирги босқичи хусусиятлари ҳамда ривожланган хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибаларидан келиб чиққан ҳолда Давлат бюджети ғазна ижросини такомиллаштиришнинг методологик асослари «Ғазначилик» дарслигига киритилган (ISBN 978-9943-4365-8-9).

Yangiliklarga obuna bo‘lish