Рахимов Эргашали Юлдашевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ўзбекистоннинг гелиоэнергетик ресурсларини баҳолаш учун маълумотлар базасини шакллантириш ва верификациялаш”, 05.05.06 – «Қайта тикланадиган энергия турлари асосидаги энергия қурилмалари».
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: № В2020.4.PhD/Т924.
Илмий раҳбар: Авезова Нилуфар Раббанакуловна, техника фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Физика-техника институти ва Қуёш энергияси халқаро институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Фарғона политехника институти, PhD.03/27.02.2020.Т.106.02.
Расмий оппонентлар: профессор, Уришев Бобораҳим техника фанлари доктори; Пайзуллаханов Мухаммаде-Султанхан Сайдивалиханович техника фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: И.А.Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ясси гелиоэнергетик қурилмалар ресурс кўрсаткичларини баҳолаш ва илмий башорат қилиш учун қисқа вақт қадами билан олинган сунъий йўлдош ва ер усти кузатувларига асосланган узоқ муддатли актинометрик маълумотларни тўплаш, қайта ишлаш ва верификациялаш ҳамда уларни визуаллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Ўзбекистон ҳудудидаги ясси гелиоэнергетик қурилмалар (фотоэлектрик панел ва ясси қуёший сув иситгич коллектори)нинг ресурс кўрсаткичларини илк бор юқори аниқликда, қисқа вақт қадами билан баҳолаш услуби таклиф қилинган;
NASA POWER маълумотлар базасидаги Ўзбекистон ҳудуди учун мавжуд актинометрик маълумотлар ер усти актинометрик станциялари кузатувлари маълумотлари билан илк бор верификацияланган ҳолда уларнинг нисбий хатолиги 3-8% ни ташкил этиши исботланган;
горизонтал сиртга тушаётган умумий қуёш нурланишининг суткалик йиғинди миқдори ҳамда атроф-муҳитнинг максимал ва минимал ҳарорати кўрсаткичлари бўйича ер усти кузатувлари ва NASA POWER маълумотлар базасидан олинган қийматлар орасидаги корреляцион боғлиқлик ифодалари илк бор таклиф қилинган;
республика ҳудудида ўртача соатлик, кунлик актинометрик ҳамда иқлимий кўрсаткичлар бўйича кўп йиллик сунъий йўлдош (NASA POWER, ЕRА5 ва SARAH-Е) ва ер усти кузатувларидан олинган маълумотлар орасидаги ўртача нисбий хатолик 10%ни ташкил этиши илк бор аниқланган;
Ўзбекистон ҳудуди учун ясси гелиоэнергетик қурилмаларнинг башоратланган ресурс кўрсаткичларини аниқлаш бўйича верификацияланган актинометрик ҳамда иқлимий маълумотларни инобатга олган ҳолда математик модел таклиф этилган ва унга асосан республика гелиоэнергетик ресурсларининг рақамли хариталари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Ўзбекистоннинг гелиоэнергетик ресурсларини ўрганиш ва ер усти кузатувларининг актинометрик маълумотларини верификациялаш бўйича олинган натижалар асосида:
қисқа вақт қадами билан олиб борилган ер усти кузатувларига асосан, Ўзбекистоннинг қуёш энергияси салоҳияти ҳамда қуёш фотоэлектрик станцияларининг ресурс кўрсаткичлари таҳлил қилинган ва баҳоланган. Натижада, олинган баҳолаш услубияти ва кўрсаткичлари хорижий тадқиқотчилар томонидан фойдаланилган (халқаро журналларда ҳаволалар: Journal of Cleaner Production, Volume 223, 801-814, (2019), IF: 7.246; Sustainability, 11(10), 2988, (2019), IF: 2.576; Innovative Energy & Research, 8:1, (2019), IF: 1.36; Book: Sustainable Food Drying Techniques in Developing Countries: Prospects and Challenges (2020) ва бошқалар) ва ўз навбатида Ўзбекистоннинг қуёш энергияси салоҳияти ҳақидаги янгиланган, юқори аниқликдаги ва ишончли маълумотларни олиш имконияти яратилган;
«Ўзбекистон Республикаси минтақалари учун сунъий йўлдош ва ер усти кузатувларидан олинган узоқ муддатли кузатишларга асосланган актинометрик маълумотларни аниқлаш дастури» (№ DGU 05676, 10.09.2018) дастурий маҳсулоти Россия фундаментал тадқиқотлар фонди томонидан молиялаштирилган №18-51-41005 «Кремний ва бошқа турдаги гетероструктурали фотоэлектрик ва фото-иссиқлик қуёш энергияси ўзгартиргичлари ва энергия қурилмаларининг самарадорлигини иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда ҳисобий-назарий ва тажрибавий ўрганиш» фундаментал лойиҳасини (2017-2020) бажаришга жорий этилган (Россия фанлар академиясининг Юқори ҳароратлар қўшма институти томонидан 02.11.2020 йилда берилган №11402-11-93-11-сонли маълумотномаси). Натижада, сўнгги 12 йил давомида Ўзбекистон ҳудуди учун қисқа вақт қадами билан олинган ер усти кузатувлар актинометрик маълумотларини тўплаш ва уларни халқаро маълумотлар базалари ва моделлари билан верификациялаш имконияти яратилган.