Бобоев Сайфулла Ғафуровичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Мураккаб турлараро дурагайлаш орқали ғўзанинг кўп геномли янги дурагайларини яратиш ва хусусиятларини очиб бериш», 03.00.09–Умумий генетика (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.DSc/B3.
Илмий маслаҳатчи: Муратов Ғайрат Азатович, биология фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Ботаника ва зоология институти, Ўзбекистон Миллий университети, Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти, DSc.27.06.2017.В.39.01.
Расмий оппонентлар: Абзалов Мирадҳам Фузаилович, биология фанлари доктори, профессор; Ибрагимов Паридун Шукурович, қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор; Султанов Аматжон Саидкаримович, биология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Геномика ва биоинформатика маркази.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ғўзанинг [(G. thurberi Tod.х G. raimondii Ulbr.)х G.arboreum L.]х G.hirsutum L. схемасидаги амфидиплоидларига G.hirsutum L. ва G.barbadense L.турларининг маданий навларини дурагайлаш ва генетик жиҳатдан бойитилган кўп геномли янги турлараро мураккаб дурагайлари, оилалари ва тизмаларини яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк маротаба мураккаб тузилишга эга {[(G. thurberi Tod.х G. raimondii Ulbr.) х G. arboreum L.] x G.hirsutum L.} амфидиплоидларига G.hirsutum L. ва G.barbadense L.турларининг маданий навларини дурагайлаш асосида 4 ва 5 та ғўза турлари иштирокидаги янги турлараро мураккаб дурагайлари яратилган;
оналик шаклида иштирок этган {[(G. thurberi Tod.х G. raimondii Ulbr.) х G. arboreum L.] x G.hirsutum L.} амфидиплоиди иштирокида олинган турлараро мураккаб дурагай ўсимликларда (F8 гача) асосий қимматли-хўжалик белгиларнинг шаклланиши ва ўзгарувчанлиги аниқланган;
яратилган янги турлараро мураккаб ва беккросс дурагайларда айрим қимматли хўжалик белгилар орасидаги ўзаро коррелятив боғлиқликлар аниқланган;
турлараро мураккаб ғўза дурагайларининг хўжалик белгиларида намоён бўладиган айрим салбий коррелятив боғлиқликларни бартараф этиш йўли билан тезпишар, маҳсулдор, тола чиқими ва сифати ҳамда 1000 дона чигит вазни каби белгиларнинг юқори мажмуасига эга рекомбинантлар ва оилалар ажратиб олиш имконияти асосланган;
ғўзани кўп геномли ТМДларининг белги хусусиятларини ижобий трансгрессив ўзгарувчанликка эришишида ҳамда генетик жиҳатдан бойитилган қимматли хўжалик белгиларнинг ижобий мажмуасига эга рекомбинантларни яратишда беккросс чатиштиришнинг аҳамияти исботланган;
ғўзанинг кўп геномли тизмаларидан хўжалик учун қимматли белгиларнинг юқори мажмуасига эга бўлган СП-1303, СП-«Камолот», С-1306 ва С-7277 янги навлари яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Мураккаб турлараро дурагайлаш орқали ғўзани кўп геномли янги дурагайларини яратиш ва хусусиятларини очиб бериш бўйича олиб борилган тадқиқотлар асосида:
ғўзанинг янги кўп геномли тизмалари асосида хўжалик учун қимматли белгиларнинг юқори мажмуасига эга бўлган СП-1303, СП-«Камолот», С-1306 ва С-7277 каби янги ғўза навлари яратилган (Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш Давлат комиссиясининг 2016 йил 21 ноябрдаги 53/4-356-сон маълумотномаси). Натижалар асосида СП-1303 ва СП-«Камолот» навларининг нав тозалиги 96% бўлганлиги тасдиқланиб, 2017 йилдан республикамизнинг турли минтақаларида жойлашган шохобчаларда кенг қамровли синовни амалга ошириш имконияти яратилган;
С-7277 ғўза навининг дастлабки уруғчилиги Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтининг Қашқадарё вилояти филиалида ташкил қилинган ва 6 гектар майдонга жорий этилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2016 йил 31 декабрдаги 02/20-1289-сон маълумотномаси). Натижалар С-7277 нави турли стресс омиллар таъсирида ҳам ҳосилдорлик компонентларини сақланиб қолиши ҳисобига 31,5 ц/га дан ҳосил териб олишга ҳамда рентабелликни бошқа навлардан 22–24 % га юқори бўлишига имкон берган;
СП-1303, СП-«Камолот», С-1306 ва С-7277 янги ғўза навларининг элита уруғлари дунёда етакчи ўринда турувчи Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институтининг ғўза коллекциясига топширилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 22 мартдаги 02/20-263-сон маълумотномаси). Илмий натижалар мавжуд ғўза коллекциясини тезпишарлиги, ҳосилдорлиги, толасининг юқори сифати ҳамда вилт касаллигига бардошлилиги бўйича ажралиб турувчи нав намуналари билан бойишига имкон берган.