Жумаев Сайфиддин Қодировичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Маҳаллий хомашёлар асосида олинган антипиренлар билан ёғоч материалларини ёнғиндан ҳимоялаш”, 05.10.02 - “Фавқулодда ҳолатларда хавфсизлик. Ёнғин, саноат, ядро ва радиация хавфсизлиги” ва 05.09.05 – “Қурилиш материаллари ва буюмлари” (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.4.PhD/Т1241.
Илмий раҳбарлар: Самигов Неъматжон Абдураҳимович, техника фанлари доктори, профессор, Нурқулов Файзулла Нурмўминович, техника фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассасаноми: Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент архитектура-қурилишинститути, DSc.26/30.12.2019.Т.11.01.
Расмий оппонентлар: Курбанбаев Шуҳрат Эргашевич – техника фанлари доктори; Сатторов Зафар Мурадович – техника фанлари номзоди, профессор.
Етакчи ташкилот: Фарғона политехника институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ёғоч материалларини маҳаллий ва иккиламчи хомашёлар асосидаги антипиренлар билан ёнғиндан ҳимоялаш ва унинг самарадор технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
таркибида фосфор-, азот ва металл гуруҳли бирикмаларни реакцион қобиляти юқори органик моддалар билан реакцияси асосида ёғоч қурилиш материалларни ёнғиндан ҳимояловчи олигомер антипирен таркиблари яратилган;
олинган олигомер антипиренлар юқори ҳарорат таъсирида ҳаводаги кислород билан бирикиши орқали турли оксидлар ҳамда сув буғларни ҳосил қилиши натижасида ёғоч қурилиш материалларининг оловбардошлик хоссаларини яхшилаш механизми асосланган;
олигомер антипиренлар билан модификацияланган ёғоч қурилиш материалларининг физик-механик хоссалари ва оловбардошлик даражаси оширилганлиги аниқланган;
таркибида фосфор-, азот ва металл гуруҳли олигомер антипиренларни олиш ва улар асосида ёғоч қурилиш материалларга босим остида шимдириш технологияси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Маҳаллий хомашёлар асосида олинган антипиренлар билан ёғоч материалларини ёнғиндан ҳимоялаш бўйича олинган натижалар асосида:
ёғоч материалларини ёнғиндан ҳимояловчи таркибга Ўзбекистон Республикаси Адлия ваирлиги ҳузуридаги Интелектуал мулк агентлигидан “Ихтирога патент” олинган (№ IAP 06100 «Огнезащитный состав для обработки древесины» 11.12.2019 й.). Натижада, янги таркиб ёғоч қурилаш материалларининг оловбардошлигини ошириш имконини берган;
ёғоч материалларини ёнғиндан ҳимоялаш мақсадида яратилган АДж маркали таркиблар “Жиззах бинокор савдо” МЧЖ, “Фениксплюс” КТХФ, “QAYUM HOJI SERVIS” МЧЖ, “ОМАД” ҚК, “Семеранго Строй Сервис” МЧЖ, “SAD” МЧФ ҳамда “Ҳаққулобод аланга ёнғинни олдини олиш” унитар корхоналарда жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг 2020 йил 28 октябрдаги 09-06/8348-сон ва Ўзбекистон Республикаси Ўзсаноатқурилишматериаллари уюшмасининг 2020 йил
20 октябрдаги 05/15-3264-сон маълумотномалари). Натижада ёғоч курилиш материалларининг масса йўқотиши 5,8% бўлишига (ишлов берилмаган ёғочда 62,1% ни ташкил этган) ҳамда ёғочнинг юзаси бўйлаб аланга тарқалиш индексини 115%га камайтириш имконини берган;
олигомер асосидаги АДж маркали антипиренларнинг таъсир этиш хусусиятини ҳисобга олган ҳолда ёғоч материалларига чуқур шимдириш учун янги автоклав лаборатория ускунаси Ўзбекистон Республикаси Фавкулодда вазиятлар вазирлиги тизимида жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Фавкулодда вазиятлар вазирлигининг 2020 йил 24 декабрдаги 2/2/38-1333-сон маълумотномаси). Натижада ёғоч қурилиш материалларига лаборатория шароитида антипиренларни шимдириш механизми ҳамда технологияларининг самарадорлигини асослаш имконини берган.