Sayt test rejimida ishlamoqda

Суюнов Низом Давуровичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Нафас аъзолари касалликларида беморларни дори воситалари билан таъминланишининг фармакоиқтисодий таҳлили ва уни оптималлаштириш», 15.00.01–Дори технологияси ва фармацевтика ишларини ташкил этиш (фармацевтика фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.DSc/Far1.

Илмий маслаҳатчи: Зайнутдинов Хикматулла Суннатович, фармацевтика фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса: Тошкент фармацевтика институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент фармацевтика институти, DSc.27.06.2017.Far.32.01.

Расмий оппонентлар: Исмаилова Мохинур Ғофуровна, фармацевтика фанлари доктори; Ирсалиева Фотима Хуснутдиновна, тиббиёт фанлари доктори; Хомитов Комилжон Зоитович, иқтисодиёт фанлари доктори, доцент.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: нафас аъзолари касалликлари, аллергик ринит, бронхиал астма ва ўпканинг сурункали обструктив касаллигини даволашда қўлланилаётган дори воситаларини фармакоиқтисодий баҳолашнинг назарий-услубий асосларини такомиллаштириш ва касалликларни даволашда қўлланадиган дори воситалари билан таъминлашда илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

аллергик ринит, бронхиал астма ва ўпканинг сурункали обструктив касаллигини даволашда қўлланадиган бронхолитик, глюкокортикоид, аллергияга қарши дори воситаларидан амалиётда оқилона фойдаланишни фармакоиқтисодий баҳолаш методикаси ишлаб чиқилган;

нафас аъзолари касалликларининг кенг тарқалган касалликларида дори воситалари билан таъминлашни оптималлаштиришни фармакоиқтисодий баҳолаш ҳамда бронхиал астма касаллигини даволашда ишлатиладиган дори воситалари истеъмолининг истиқболини аниқлаш методикаси ишлаб чиқилган;

илк бор аллергик ринит, бронхиал астма ва ўпканинг сурункали обструктив касаллигини даволашда қўлланадиган ҳаётий муҳим ва ҳаёт сифатини яхшиловчи, зарурий ва иккинчи даражали дори воситаларининг гуруҳи яратилган ва улар билан таъминланишни оптималлаштириш методикаси ишлаб чиқилган;

дори воситаларини қўллашдаги муаммоларга асосланиб, истеъмолчилар харидларини оптималлаштириш учун «Дори воситалари ва тиббий буюмларнинг жамланма нархномаси» аҳоли ва даволаш-профилактика муассасаларига шаффофлик, аниқ ва равшан маълумотларни таъминлайдиган усули яратилган;

клиник кузатувлар таҳлили ва кўп сонли юқори малакали шифокор-эксперт мутахассислар орасида расмий равишда сўровнома ўтказилиб, маълумотларга интеллектуал ишлов берилиши ҳамда клиник кузатувлар натижалари бир-бирига мос келишига кўра беморни самарали даволашда дори воситаларининг дори шакли ва дозаси муҳим ўрин тутиши фармакоиқтисодий асосланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:

Диссертация натижалари асосида биринчи марта ҳаётий муҳим ва ҳаёт сифатини яхшиловчи, самарали, зарурий ва иккинчи даражали ҳамда оммабоп нархлардаги дори воситалари билан таъминланишни оптималлаштиришга оид яратилган усуллар бўйича олинган натижалар асосида:

аллергик ринитни даволаш учун аллергияга қарши препаратлар, кромогликат кислотаси ва бронхиал астма учун тизимли, ингаляцион глюкокортикостероидларнинг дори шакли ҳамда дозаси самарадорлигини аниқлаш бўйича тавсиялар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2014 йил 17 ноябридаги 418-сон буйруғи 1-иловаси билан тасдиқланган «Аллергик касалликлар диагностикаси ва даволаш тиббий стандартлари»га асос сифатида қабул қилинган. Аллергик ринит, бронхиал астмаларни даволашда клиник ва фармакоиқтисодий самарали бўлган дори воситаларидан Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология марказининг 2016 йил 12 февралдаги дори воситалари «Формуляр»ини тузишда фойдаланилган (Соғлиқни сақлаш вазири томонидан тасдиқланган). Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология марказида даволаш самарадорлигини ошириш ҳамда сарф-харажатларни камайтириш учун (2015 йил 14 январь) маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг ҳаётий муҳим, зарур дори воситаларидан фойдаланилганда беморларни стационарда даволашни 1–2 кунга қисқартириш, уларнинг жисмоний фаоллигини ошириш имконини берган. Тадқиқот натижаларига қадар 11 миллион 654 минг сўм миқдоридаги дори воситалари харид қилинган ва тадқиқот натижаларидан сўнг харажатлар 10 миллион 769 минг сўмни ташкил этган, илмий изланишлар тавсиясига асосан 885 минг сўм миқдорида маблағ тежалган;

аллергик ринит, бронхиал астма ва ўпканинг сурункали обструктив касаллигида қўлланадиган дори воситаларининг самарадорлигини фармакоиқтисодий баҳолаш бўйича ишлаб чиқилган методика Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2016 йил 29 мартдаги 8н- р/32-сон билан тасдиқланган. Ҳаётий муҳим ва зарур дори воситаларини сотиб олиш учун тайёрланган усуллар асосида «Дори-дармон» АК (2015 йил 28 январь) тадқиқот натижаларигача дори воситалари товар айланмаси бўйича рентабеллик 1,03%ни ташкил этган. Тадқиқот натижаларидан сўнг рентабеллик 1,87%га кўтарилган;

аҳоли ва даволаш-профилактика муассасаларига бронхиал астма касаллигида қўлланадиган дори воситаларини етказиб беришни такомиллаштириш мақсадида уларнинг самарадорлиги, ножўя таъсирининг олдини олиш ва оммабоп нархлари ҳақидаги аниқ тасаввур ҳосил қилиш ҳамда истиқболини аниқлаш учун «Бронхиал астма касаллигини даволашда ишлатиладиган дори воситалари истеъмолининг истиқболини аниқлаш» методикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2006 йил 11 сентябрда тасдиқланган. «Ўзфармсаноат» ДАК (2015 йил 28 январь), «Jurabek Laboratories» ҚК МЧЖ (2015 йил 20 январь) томонидан ишлаб чиқарилган дори воситалари генерик шаклларини қўллаш натижасида сезиларли фойда ва рентабелликка эришилган. Ишлаб чиқариш бўйича методика жорий этилгач, рентабеллик 0,40%га ошди, бу даромад ва соф фойданинг кўпайишига имкон берган;

дори воситаларининг самарадорлигини фармакоиқтисодий баҳолаш учун «Дори воситалари таъминотини такомиллаштириш бўйича даволаш-профилактика муассасалари шифокорлари учун анкета» Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2010 йил 5 апрелдаги 8-ш/50-сон билан тасдиқланган. «Ўзфармсаноат» ДАК (2015 йил 28 январь) томонидан «RADIKS» ХИИЧК (2015 йил 22 январь)да аллергик ринит, бронхиал астма ва ўпканинг сурункали обструктив касаллиги ва ёндош касалликларни даволаш учун ҳаётий муҳим, зарур дори воситалари ва тиббий буюмлар гуруҳини ишлаб чиқариш тавсия этилган. Тадқиқот натижаларига қадар корхона рентабеллиги 9,3%ни ташкил этган. Тадқиқот натижаларидан сўнг рентабеллик 15,04%га ошган. Бундай ёндашув нисбатан истиқболли дори воситалари ишлаб чиқариш ҳажмини мақсадли режалаштириш имконини берган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish