Эгамбердиева Саида Абдисаматовнанинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Ғўзанинг маданий G.hirsutum L. турини қимматли хўжалик белгиларини яхшилашда интрогрессив шакллардан фойдаланиш», 06.01.05–Селекция ва уруғчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.DSc/Qx3.
Илмий маслаҳатчи: Ризаева Сафия Мамедовна, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.27.06.2017. Qx13.01.
Расмий оппонентлар: Массино Игорь Всеволодович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Нариманов Абдужалил Абдусамадович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори; Бабоев Саидмурат Кимсанбоевич, биология фанлари доктори.
Етакчи ташкилот номи: Ўсимликшунослик илмий-тадқиқот институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: G.hirsutum L. турининг интрогрессив дурагайлашдан фойдаланиб олинган бошланғич ашёси асосида кенг генетик имкониятларга эга бўлган донорлари, навлари ва тизмаларини яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор ёввойи диплоид G.trilobum Skovsted, G.lobatum Gentry,G.Harknessii Brandg ва рудерал G.hirsutum ssp. yucatanense, G.hirsutum ssp. punctatumvar. purpurascens (Poir.) Mauer тур хиллари иштирокида олинган интрогрессив шаклларнинг генетик потенциали аниқланган;
1–14 авлод интрогрессив шакллари иштирокида олинган дурагай ва тизмалар популяцияси шаклланишининг биометрик таҳлили ўтказилди. Дисперcион таҳлилни қўллаш натижасида бир қатор қимматли-хўжалик белгиларнинг умумий фенотипик ўзгарувчанлигида генотипик ва модификацион ўзгарувчанликнинг нисбий ҳиссаси баҳоланган;
ёввойи диплоид G.trilobum Skovsted, G.lobatum Gentry, G.harknessii Brandg турлари иштирокида олинган интрогрессив шакллар асосида юқори тола сифатига эга, бошқа қимматли-хўжалик белгилари ва касалликларга бардошлилиги уйғунлашган навлар ва тизмалар яратилган;
интрогрессив шакллар иштирокида олинган дурагайларда миқдорий белгиларнинг ирсийланиши ва ўзгарувчанлиги бўйича маълумотлар олинди ҳамда F1 авлод дурагайларида вертициллез вилтига чидамлиликнинг доминантлиги аниқланган;
дурагайлашда интрогрессив шакллардан фойдаланиш орқали ёввойи турларнинг фойдали белгиларини маданийлашган G.hirsutum L. тури геномига ўтказишнинг оригинал схемаси ишлаб чиқилди; қимматли селекция ашёси яратишда интрогрессив шаклларни навлар билан чатиштиришнинг нав ичида дурагайлашга нисбатан афзаллиги ва самарадорлиги кўрсатилган;
маданий навларнинг генотипини яхшилашда турлараро ва тур ичида узоқ дурагайлаб олинган интрогрессив шакллар фойдали белгиларнинг қимматли донорлари эканлиги аниқланган;
ажралаётган авлодларда юқори маҳсулдор рекомбинантларни танлашнинг самарадорлиги прогноз қилинган;
F2 ва F3 авлодларида бошқа дурагай комбинацияларга нисбатан трансгрессия даражаси ва частотаси юқори бўлган генотиплар комбинациялари селекцион қийматга эга бўлиши аниқланган;
танловларнинг самарадорлиги ёки дурагай комбинациянинг қиймати F2 авлодда олинган юқори кўрсаткичли якка танловларнинг миқдорига ҳам боғлиқ. F2 ва F3 да олинган якка танловлар сони кам бўлганда, ҳатто улар юқори кўрсаткичларга эга бўлганда ҳам танлов самарадор бўлмаганлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Интрогрессив селекцияси бўйича олиб борилган изланишлар натижалари асосида:
қимматли хўжалик белгилари мажмуига эга С-6779, СП-6780 янги навлари яратилган. Л-Т – [F15BC4 (G.hirsutum L., С-4727 х G.trilobum Skovsted) х С-4727] х Омад интрогрессив шакли иштирокида олинган С-6779 нави 2014 йилда Грунтназоратдан муваффақиятли ўтди ва 2015 йилдан нав синаш жараёнини ўтмоқда. Ғўзанинг Л-Л - F9 BC3 G.hirsutum L., Tamcott x G.lobatum Gentry) х С-4880 интрогрессив шакли иштирокида олинган СП-6780 нави (Л-2505 тизмаси) 2016 йилда Грунтназоратда синалган (Қишлоқ хўжалик экинлари навларини синаш давлат комиссиясининг 2017 йил 21 июндаги 53/4-289-сон маълумотномаси). Ушбу навларни ишлаб чиқаришга жорий қилиниши юқори ҳосил етиштириш ҳисобига ҳар гектар майдондан 3–5 центнер қўшимча ҳосил олинади. Тезпишарлик ҳисобига етиштирилган ҳосилни совуқ тушкунгача тез ва сифатли териб олиш имконини беради;
янги С-6771 ва С-6775 ғўза навларига патентлар олинган (NAP 00063, 18.12.2006 й.; NAP 00106, 30.01.2012 й). Ўрта толали С-6775 ғўза нави 2013 йилдан Фарғона вилояти учун районлаштирилган ва қишлоқ хўжалик экинлари Давлат реестрига киритилган. С-6775 нави 2014 йилда 300 га, 2015 йилда 1049 га, 2016 йилда Фарғона вилояти фермер хўжаликларида 2255 га майдонда экилди. Қува тумани фермерлари томонидан С-6775 навининг экилиши ҳисобига бир гектардан қўшимча 4–5 центнер сифатли пахта хомашёси олинган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги 2016 йил 23 ноябрдаги 02/20-1253-сон маълумотномаси). Бунда иқтисодий самарадорлик ўртача бир гектардан 1309,7 минг сўмни ташкил қилди, рентабеллик даражаси 15–20 фоизга етган.