Sayt test rejimida ishlamoqda

Рахманкулов Мурод Саид-Акбаровичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Селекциянинг янги усулларидан фойдаланган ҳолда ғўзанинг G. hirsutum L. турига мансуб тезпишар, юқори ҳосилли нав ва тизмаларини яратиш», 06.01.05–Селекция ва уруғчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.DSc/Qx4.

Илмий маслаҳатчи: [Ким Роберт Григорьевич], қишлоқ хўжалиги фанлари доктори.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат аграр университети, DSc.27.06.2017.Qx.13.01.

Расмий оппонентлар: Ризаева Сафия Мамедовна,биология фанлари доктори, профессор; Эргашов Иброхим Тошкентович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор; Массино Игорь Всеволодович,қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Миллий университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: ғўза каллус ҳужайраларига NaCIлик селектив озуқалар таъсирини ўрганиш, селекциянинг ноанъанавий усуллар ёрдамида амфидиплоидларни олиш, молекуляр тестлардан фойдаланиб нисбатан гомозигот оила ва тизмаларни аниқлаш ҳамда тезпишар, қимматли-хўжалик белгилар мажмуасига эга бўлган тизма ва навларни яратишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

илк бор NaClлик селектив озуқаларда ҳужайра селекцияси олиб борилиб, лабораторияда in vitro шароитида селекцион материални хлоридли шўрланишга чидамлилигини баҳолашнинг услуби ишлаб чиқилган;

эмбриокультура усули орқали амфидиплоидларни олиш схемаси ишлаб чиқилган;

ҳар хил хромосомали G. hirsutum L., G. raimondii Ulbr., G. thurberi Tod., G. anomalum Waw., G. sturtii F.Müell., G. davidsonii Kell., G. harknessii Brand. турлар орасида амфидиплоидлар ва уларнинг беккросс авлодлари G. sturtii F.Müell., G. raimondii Ulbr., G. harknessii Brand., G. aridum Skov., G. triphyllum Horch. турлар иштирокида яратилган;

молекуляр маркерлар асосида тезпишар, вилтга бардошли ва генотипик бир хил бўлган ғўзанинг оила ва тизмалари яратилган;

V.dahliae ва F.oxysporum  вилт патогенларининг изолятлари билан ўсимликларни инокуляция қилиш асосида тезпишар, юқори ҳосилдор, вилт билан зарарланишга мажмуавий бардошли янги ғўза тизмалари яратилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:

Ғўза селекцияси ва уруғчилиги бўйича олиб борилган илмий-тадқиқотлар натижалари асосида:

қимматли-хўжалик белгилар мажмуасига эга бўлган Истиқлол-14, Истиқлол-13, Манғит-1, Манғит-2, С-2118, С-2119 ғўза навлари яратилган. Истиқлол-14 ғўза нави 2013 йилдан Андижон вилояти бўйича истиқболли деб топилган ва 2016 йилдан ушбу вилоятга районлашган ва 680 гектар майдонга экилган. Ушбу нав 2016 йилда Сурхондарё вилояти бўйича Давлат реестрига истиқболли нав сифатида киритилиб жами 700 гектардан ортиқ майдонга экилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 15 февралдаги 02/20-92-сон маълумотномаси). Бунда Андижон вилоятининг Хўжаобод ва Улуғнор туманларидаги фермер хўжаликлари томонидан 2016 йилда Истиқлол-14 ғўза навидан ҳар гектаридан ўртача 31,0–34,0 центнердан ҳосил олиниб, рентабеллик даражаси 16–20 фоизини ташкил қилган;

Манғит-1 ғўза нави 2015 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида 257 гектар майдонда жорий этилган (Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2017 йил 15 февралдаги 02/20-92-сон маълумотномаси). Манғит-2 ва С-2119 навлари навдорлигини аниқлаш учун 2017 йилда грунтназоратига берилади.

Yangiliklarga obuna bo‘lish