Турақулов Рустам Исматуллаевичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Сурункали юрак етишмовчилиги камқонлик билан кечганда ААФ гени полиморфизмини эритропоэтин билан боғлиқлигини ўрганиш ҳамда ташхислаш ва даволашга дифференциал ёндашиш», 14.00.06 – Кардиология (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.4.DSc/Tib486.
Илмий маслаҳатчи: Гадаев Абдигаффар Гадаевич, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент тиббиёт академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий–амалий тиббиёт маркази, DSc.04/30.12.2019.Tib.64.01.
Расмий оппонентлар: Абдуллаев Тимур Атаназарович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Турсунов Хатам Хасанбоевич, тиббиёт фанлари доктори; Махмудова Азиза Джумановна, тиббиёт фанлари доктори.
Етакчи ташкилот: академик И.П. Павлов номидаги биринчи Санкт-Петербург давлат тиббиёт университети.
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: сурункали юрак етишмовчилиги камқонлик билан кечганда ангиотензин айлантирувчи фермент гени полиморфизмини эритропоэтин кўрсаткичи билан боғлиқлигини ўрганиш ҳамда ташхислаш ва даволашга дифферинциал ёндашишни такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
сурункали юрак етишмовчилиги мутлақ темир тенқислиги камқонлиги билан кечганда эрувчи трансферрин рецепторлари меъёрий кўрсаткичларидан ишончли ошиши ва касаллик оғирлик даражаси билан ҳамоҳанглиги аниқланиб, жараённи эрта ташхислаш ва нохуш асоратларини олдини олиш ҳамда даво самарадорлигини башоратлаш асосланган;
сурункали юрак етишмовчилиги турли этиологияли камқонлик билан кечган ўзбек миллатига мансуб беморларда АСЕ гени полиморфизмини камқонлик юзага келишидаги аҳамияти исботланган;
илк бора АСЕ гени I/D полиморфизмини II, ID, DD генотип сақловчилари қон зардобида эритропоэтин кўрсаткичи ўрганилиб, II генотипи сақловчиларда ренал камқонлик ривожланиш механизмининг хусусиятлари очиб берилган;
СЮЕ турли этиологияли камқонлик билан кечган беморларнинг феррокинетик ўзгаришларини инобатга олган ҳолда даволашга дифференциал ёндашиш алгоритми такомиллаштирилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
СЮЕ турли этиологияли камқонликлар билан кечганда АСЕ гени полиморфизмларининг генотип ва алллеларини учраши ҳамда қон зардобидаги трансферрин эрувчи рецепторлари ва эритропоэтин кўрсаткичлари, улар асосида ўтказилган ташхислашнинг тизимли қиёсий таҳлили, шунингдек, даволашга дифференциал ёндашиш бўйича олиб борилган илмий тадқиқот натижалари хулосалари асосида:
сурункали юрак етишмовчилиги турли этиологияли камқонлик билан кечганда ташхислаш бўйича илмий тадқиқотнинг натижалари асосида ишлаб чиқилган «Сурункали юрак етишмовчилиги турли этиологияли камқонлик билан кечганда ташхислаш алгоритми» номли услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 28 январдаги 8н-р/76-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома СЮЕда юзага келадиган камқонликларни дифференциал ташхислаш, уларни кечишини мониторинг қилиш имкониятини яратган;
сурункали юрак етишмовчилиги турли этиологияли камқонлик билан кечганда даволаш бўйича илмий тадқиқотнинг натижалари асосида ишлаб чиқилган «Сурункали юрак етишмовчилиги турли этиологияли камқонлик билан кечганда даволаш алгоритми» номли услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 28 январдаги 8н-р/75-сон маълумотномаси). Ушбу услубий тавсиянома СЮЕ камқонлик билан кечган беморларни даволашга дифференциал ҳамда монанд ёндашиш имкониятини берган;
СЮЕ камқонлик билан кечиши бўйича қиёсий ташхислашнинг тизимли таҳлили ва даволашга дифференциал ёндашиш бўйича олинган тадқиқот натижалари соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникаси, 2–сон Республика клиник шифохонасида амалиётига жорий этилган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 17-февралдаги 8 н-д/60-сон маълумотномаси). Тадбиқ қилинган натижалар касаллик кечиши эҳтимоллигини аниқлаш, беморларни шифохонада даволаниш кунларини қисқаришига, уларнинг ҳаёт сифатини яхшиланишига имкон яратган.