Sayt test rejimida ishlamoqda

Қўзиев Исломжон Неъматовичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Иқтисодиётни модернизациялаш шароитида аудиторлик ҳисоботини тузиш ва умумлаштириш методологиясини такомиллаштириш», 08.00.08–Бухгалтерия ҳисоби, иқтисодий таҳлил ва аудит (иқтисодиёт фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.1.DSc/Iqt.3.

Илмий маслаҳатчи: Ибрагимов Абдугапур Каримович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент молия институти.

ИК фаолият кўрсатаётган муассасалар номи, ИК рақами: Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академияси, DSc.27.06.2017.I.16.

Расмий оппонентлар: Пардаев Мамаюнус Қаршибоевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Исманов Иброхим Набиевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Дусмуратов Раджаббой Давлетбаевич, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Тошкент давлат иқтисодиёт университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: аудиторлик ҳисоботларини тузиш ва уларни умумлаштириш методологиясини такомиллаштириш бўйича илмий-услубий таклиф ҳамда амалий тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

аудиторлик ҳисоботларида акс эттириладиган маълумотларни гуруҳлаш, қайта ишлаш ва аналитик ишлов бериш ҳамда аудиторлик фаолиятини тартибга солиш поғоналарини шакллантиришнинг методологик жиҳатлари ишлаб чиқилган;

аудиторлик текширувларининг муаяйн изчилликда амалга оширилишини таъминлаш мақсадида ташқи аудитни ўтказиш босқичлари ва амалларининг узвий боғлиқликдаги кетма-кетлиги модули яратилган;

аудиторлик ҳисоботи юзасидан аудитнинг халқаро стандартларига асосланган аудиторлик фаолиятининг миллий стандартларини ишлаб чиқиш концепцияси бўйича таклифлар асосланган;

халқаро стандартлар асосида аудиторлик текширувларининг сифатини ошириш юзасидан аудиторлик ҳисоботларининг мукаммал шакли ишлаб чиқилган;

махсус топшириқлар бўйича аудиторлик ҳисоботининг таркиби ва уни тузиш кетма-кетлигини белгилаш концепцияси бўйича таклифлар асослаб берилган;

аудиторлик текширувлари натижаларини умумлаштиришда аудиторлик хулосалари, уларнинг турлари, модификациялашган шаклларини тузиш ва унинг таркибини такомиллаштиришга доир тизимли ёндашув таклиф этилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:

Аудиторлик ҳисоботларини тузиш ва уларни умумлаштириш методологиясини такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган таклифлар асосида:

хўжалик юритувчи субъект фаолиятини ташқи аудит томонидан аудиторлик текширувини амалга ошириш жараёнида қўлланиладиган аудиторлик ҳисоботи шаклини такомиллаштириш бўйича таклифлар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизими ташкилотлари амалиётига татбиқ этилган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2016 йил 11 июлдаги 02/15-2080-сон маълумотнома). Мазкур таклифнинг амалга оширилиши қишлоқ хўжалиги тизимидаги 301 та хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида аудиторлик текширувларининг шартномавий нархларини 30,1 млн. сўмга камайтириш имкониятини яратган;

аудиторлик ҳисоботини такомиллаштириш бўйича илмий натижалар Ўзбекистон аудиторлар палатаси томонидан амалиётга жорий қилинган (Ўзбекистон аудиторлар палатасининг 2016 йил 27 июндаги 84-сон маълумотнома). Мазкур таклифнинг амалиётга татбиғи натижасида ҳар бир акциядорлик жамиятининг ташқи аудитини амалга ошириш учун аудитор томонидан сарфланадиган вақт 2 киши-соатга, жами 301 та субъект ҳисобига 602 киши-соат (ёки 9,03 млн. сўм)га тежалган. Шунингдек, аудиторлик текширувларининг такомиллашган модулини қўллаш натижасида аудитор томонидан ишни бажариш муддати ўртача 1 кунга қисқариб,  тежалган вақт давомида хўжалик субъектларига қўшимча аудиторлик хизматини кўрсатиш орқали 86 млн. сўм ҳажмида маблағ ишлаш имкониятини берди;

махсус саволни текшириш натижалари юзасидан аудиторлик ҳисоботининг мақбуллаштирилган вариантини жорий этиш бўйича таклифи Ўзбекистон Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий ассоциацияси томонидан амалиётга татбиқ қилинган (Ўзбекистон Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий ассоциациясининг 2016 йил 28 июндаги 67-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг амалиётга жорий этилиши аудиторлик ташкилоти томонидан махсус саволларни текшириш ва унинг натижалари юзасидан аудиторлик ҳисоботини тузишнинг соддалаштирилган ягона тартибини ишлаб чиқиш имкониятини берди;

аудиторлик ҳисоботининг таркиби ва унинг таркибий қисмларига қўйилган талаблар, аудиторлик хулосасининг турлари, шунингдек модификацияланган фикр билдирилган аудиторлик хулосасини жорий қилиш бўйича аудитнинг халқаро стандартлари асосида миллий стандартларни такомиллаштиришга оид таклифлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан амалиётга татбиқ этилган (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2017 йил 7 февралдаги ММ 17-01-35/64-сон маълумотнома). Мазкур таклифнинг амалиётга татбиғи аудиторлик текширувлари сифатини янада ошириш ҳамда аудиторлик ташкилотларининг масъулиятларини кучайтиришга ижобий таъсир кўрсатган;

аудиторлик ҳисоботларини шакл жиҳатдан бирхиллаштириш, аудиторлик ҳисоботлари мазмунига хориж ҳамда республикамиздаги таниқли олимларнинг қарашлари, аудиторлик ҳисоботларини шакллантиришнинг яхлит тизим сифатидаги методологик асосларини ифодаловчи асосий кўрсаткичлар олий таълимнинг бакалавриат йўналишларида «Аудит» фани дарслигига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2015 йил 2 февралдаги №32-071-сон гувоҳномаси). Мазкур илмий натижалардан дарсликда фойдаланиш аудиторлик ташкилотларини давлат томонидан тартибга солишнинг мазмуни ва ўзига хос хусусиятларини очиб беришга хизмат қилди;

аудит натижаси бўйича тузиладиган аудиторлик ҳисоботларида акс эттириладиган маълумотларни гуруҳлаш, қайта ишлаш, аналитик ишлов бериш, махсус топшириқлар бўйича аудиторлик ҳисоботининг умумий кетма-кетлиги ва таркибини белгилашнинг илмий-услубий асослари, аудиторлик ҳисоботини тузиш жараёнидаги рисклар ва уларни баҳолашнинг таъсирини иқтисодий-математик моделлар асосида ҳисоблаш усулларидан фойдаланиш бўйича таклифлардан «Иқтисодиётни модернизациялаш жараёнига интеллектуал капитал таъсирининг методологик асосларини ишлаб чиқиш» мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг 2017 йил 9 февралдаги Ф1-104-сон маълумотномаси). Мазкур илмий натижалардан лойиҳада фойдаланиш мамлакатимиздаги хўжалик юритувчи субъектларнинг молия хўжалик фаолиятини яхшилаш ва иқтисодий самарадорлигини ошириш имконини берди.  

Yangiliklarga obuna bo‘lish