Мадримова Азиза Гаибназаровнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Марказий нерв системасининг перинатал патологиясида чақалоқларда эшитиш функциясининг хусусиятлари», 14.00.04 – Оториноларингология (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.2.PhD/Tib844.
Илмий раҳбар: Хайдарова Гавхар Саидахматовна, тиббиёт фанлари доктори, доцент
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент тиббиёт академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат стоматология институти DSc04/30.12.2019.Тib.59.01.
Расмий оппонентлар: Радциг Елена Юрьевна, тиббиёт фанлари доктори, профессор (Россия Федерацияси); Арифов Сайфиддин Саидазимович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: А. Алиев номидаги Озарбайжон давлат врачлар малакасини ошириш институти (Озарбайжон Республикаси).
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: чақалоқларда эшитиш заифлигининг шаклланишида МНСнинг перинатал патологияси аҳамиятини ўрганиш ва шу асосда ушбу патология билан туғилган чақалоқларни олиб боришга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
оғир перинатал асфиксия билан туғилган чақалоқларда ташқи сезгир эшитув ҳужайраларининг ишлаш унумдорлиги пасийиши билан номоён бўлган эшитиш анализаторининг периферик шикастланишлари аниқланган;
отоакустик эмиссия амплитудаси қиймати билан қисқа-латентли чақирилган эшитув потенциалларининг орасидаги ўсиш даражаси, асфиксиянинг оғирлик даражаси ва неврологик намоён бўлиш давомийлиги ўртасида тўғри мутаносиблик аниқланган;
динамикада асфиксия билан туғилган чақалоқларда периферик эшитиш қобилиятининг бузилиши транзитор бўлиб, 6 ойликгача нормаллашиши аниқланган;
гипербилирубинемия билан туғилган чақалоқларда эшитиш анализаторининг шикастланиш даражаси гипербилирубинемиянинг оғирлик даражасига параллел равишда ўсиб боришида отоакустик эмиссия кўрсаткичларининг сезиларли торайиши, қисқа-латентли чақирилган эшитув потенциаллари чўққилари латентлигининг ва чўққилариаро интервалларнинг узайиши билан номоён бўлганлиги аниқланган;
оғир даражали гипербилирубинемия билан туғилган чақалоқларда эшитиш йўллари бўйлаб мия кўприкчасининг пастки ва ўрта қисмининг учдан бир қисмида ўтказувчанлигининг бузилиши билан номоён бўлган марказий генезли эшитиш заифлиги мавжудлиги аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
МНСнинг перинатал патологияси билан туғилган чақалоқларда эшитиш анализаторини ўрганиш бўйича ўтказилган тадқиқот натижалари асосида:
қисқа латентли чақирилган эшитиш потенциалларини қўллаш орқали эшитиш заифлашувини эрта аниқлашга қаратилган илмий натижалар асосида ишлаб чиқилган «Перинатал асфиксия билан туғилган чақалоқларда эшитиш қобилияти бузилишини аниқлаш жадвали» услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 12 мартидаги 8н-д/52-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома перинатал асфиксия билан туғилган чақалоқларда эшитиш қобилиятининг бузилишини эрта аниқлашни ва такомиллаштириш имконини берган;
эшитиш анализаторининг марказий қисмидаги нейронлар фаоллигини аниқлашга оид илмий изланишлар асосида ишлаб чиқилган «Гипербилирубинемия билан туғилган чақалоқларда эшитиш функциясини баҳолаш усули» услубий тавсияномаси тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2020 йил 12 мартидаги 8н-д/52-сон маълумотномаси). Мазкур услубий тавсиянома гипербилирубинемия билан туғилган чақалоқларни олиб бориш тактикасини оптималлаштириш имконини берган; чақалоқларда эшитиш анализатори шикастланишларининг клиник ва аудиологик кўринишини аниқлаш бўйича олинган тадқиқот натижалари соғлиқни сақлаш амалиётига, жумладан, Хоразм болалар кўп тармоқли тиббиёт марказининг клиник амалиётига, Хива тумани акушерлик мажмуасининг реанимация бўлимига, Урганч шаҳридаги 2-сонли шаҳар оилавий поликлиникаси клиник амалиётига жорий қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 28 январдаги 8 н-з/26-сон маълумотномаси). Олинган тадқиқот натижаларининг амалиётга жорий қилиниши чақалоқларда эшитиш анализатори патологиясини эрта ташхислаш ва шу контингентдаги чақалоқларнинг олиб боришга қаратилган чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш имконини берган.