Дадаханов Мусохон Хошимхоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Қўлёзма матни тасвирига дастлабки ишлов бериш алгоритмлари», 05.01.03 – «Информатиканинг назарий асослари » (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.2. PhD/T1097.
Илмий раҳбар: Фазылов Шавкат Хайруллаевич, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги “Ахборот коммуникацион технологиялари илмий-инновацион маркази”.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент ахборот технологиялари университети ҳузуридаги DSc.13/30.12.2019.Т.07.01.
Расмий оппонентлар: Қобулов Анвар Василович, техника фанлари доктори, профeссор; Бекмуратов Қосим Аллабердиевич, техника фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: «UNICON.UZ» - Фан-техника ва маркетинг тадқиқотлари маркази Давлат унитар корхонаси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: қўлёзма матни тасвирларига дастлабки ишлов бериш алгоритмларини ишлаб чиқиш, дастурий амалга ошириш ва амалий қўллашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
берилган қўлёзма матни тасвири сифатини эталонсиз баҳолашга асосланган ва қўлёзма матни тасвирларини таҳлил қилиш тизимини яратишда ишлов бериш алгоритмлари кетма-кетлигини қуриш жараёнини автоматлаштириш имконини берувчи ёндашув ишлаб чиқилган;
тасвирдаги тўғри чизиқлар кўринишидаги ҳалақитларни бартараф қилиш ва қўлёзма матни сатрларини сегментация қилишга асосланган тасвирдаги даврий равишда такрорланувчи тўғри чизиқларни ажратиб олиш алгоритми ишлаб чиқилган;
матнни қайта ишлаш натижаларига варақнинг орқа тарафидаги матннинг билиниб қолиши, варақдаги эгриланишлар ва бир текис ёритилмаганлик каби ҳалақитларнинг таъсирини бартараф қилиш ёки камайтириш хисобига қўлёзма матни тасвирини бинарлаштириш алгоритми ишлаб чиқилган;
қўлёзма матнининг сатрларнинг нопараллеллиги ва тўлқинсимонлиги, битта сўз доирасидаги ҳарфларнинг узилиб қолиши каби ўзига хос хусусиятлари мавжуд бўлган ҳолларда сегментация натижалари турғунлигини таъминлаш асосида тасвирдаги қўлёзма матнини сатрлар ва сўзларга сегментация қилиш алгоритми ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Диссертация ишининг асосий илмий натижалари қуйидаги объектларга жорий қилинган:
қўлёзма матни тасвирлари сифатини миқдорий баҳолаш, бинарлаштириш ва сегментация қилиш алгоритмлари асосида яратилган дастурий мажмуа қўлёзма экспертизасини ўтказиш учун Наманган вилояти ички ишлар бошқармасининг экспертиза ва криминалистика бўлимига жорий қилинган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигининг 2021 йил 4 январдаги 33-8/27-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижаларини қўллаш қўлёзманинг сифатли намуналарини танлаш жараёнини автоматлаштириш ҳисобига қўлёзма экспертизаси учун сарфланадиган вақтни ўртача 16%га қисқартириш имконини берган;
қўлёзма матни тасвирларини бинарлаштириш, такрорланувчи тўғри чизиқларни ажратиш, сегментация қилиш алгоритмлари асосида яратилган дастурий мажмуа архив қўлёзма ҳужжатларини қайта ишлаш учун Наманган вилоят Ҳокимлигининг архив бўлимига жорий қилинган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигининг 2021 йил 4 январдаги 33-8/27-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқотлар натижаларидан фойдаланиш асосида архив ҳужжатлари сифати яхшиланган ва ушбу ҳужжатларни қўлда ишлов бериш муддатини ўртача 20%га қисқартириш имконини берган;
қўлёзма матни тасвирлари сифатини миқдорий баҳолаш, бинарлаштириш ва сегментация қилиш алгоритмлари асосида яратилган дастурий мажмуа қўлёзма экспертизасини ўтказиш учун Наманган вилояти Косонсой тумани ички ишлар бошқармасининг экспертиза ва криминалистика бўлимига жорий қилинган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигининг 2021 йил 4 январдаги 33-8/27-сон маълумотномаси). Илмий тадқиқот натижаларини қўллаш қўлёзманинг сифатли намуналарини танлаш жараёнини автоматлаштириш ҳисобига қўлёзма экспертизасини ўтказишга сарфланадиган вақтни ўртача 16%га қисқартириш имконини берган.