Убайдуллаев Сарварбек Шералиевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ғўзани ҳар хил қатор оралиқларида парваришлашнинг мақбул агротехнологияларини такомиллаштириш”, 06.01.01 – Умумий деҳқончилик. Пахтачилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.2.PhD/Qx85.
Илмий раҳбар: Халиков Баходир Мейликович, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти, PhD.05/30.10.2020.Qx.126.01.
Расмий оппонентлар: Хошимов Иброхим Набиевич, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим; Негматова Сурайё Тешаевна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Андижон вилоятининг оч тусли бўз тупроқлари шароитида Андижон-36 ғўза навини 60 см, 90 (60х30), 80х40 ва 80х60 см қатор оралиқларида етиштиришда мақбул кўчат қалинлигини, қатор ораларига ишлов беришнинг мақбул сони ва чуқурлигини маъдан ўғитлар меъёрига боғлиқ ҳолда такомиллаштиришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор оч тусли бўз тупроқлар шароитида ғўза 80х40 см, 80х60 см қатор оралиқларида парваришланганда тупроқнинг агрофизикавий ва агрокимёвий хоссаларига ўғитлар меъёрларининг ижобий таъсири аниқланган;
N-150, P2O5-105, K2O-75; N-200, P2O5-140, K2O-100 ва N-250, P2O5-175, K2O-125 кг/га маъдан ўғит меъёрларида 60, 90(60х30), 80х40 ва 80х60 см қатор оралиқларида чигитларнинг униб чиқиш динамикаси ҳамда ғўзанинг ўсиши ва ривожланиши юқори бўлганлиги исботланган;
ғўзани гуллаши, кўсакларни очилиши ҳамда қуруқ масса тўплашига ўғит меъёрларига боғлиқ ҳолда 80х40 см қатор оралиғида (40 см), 80х60 см қатор оралиғида (60 см) қўшқаторлар орасига берилган ишловларнинг ижобий таъсири исботланган;
ғўза ҳосилдорлиги ва тола сифатининг яхшиланишига 80х40 см қатор оралиғида, N-200, P2O5-140, K2O-100 кг/га ўғит меъёрида қўшқатор (40 см ) орасига шоналаш даврида бир марта 5-7 см чуқурликда ишлов беришнинг ижобий таъсири аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ғўзани ҳар хил қатор оралиқларида парваришлаш агротехнологияларини такомиллаштириш бўйича олиб борилган тадқиқот натижалари асосида:
пахтачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари учун “Турли қатор оралиқларида ғўза парваришлаш агротехнологияси бўйича тавсиялар” тасдиқланган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 4 октябрдаги 02/020-2802-сон маълумотномаси). Ушбу тавсиянома бугунги кунда фермер хўжаликлари ва пахтачилик кластерлари учун ғўза қатор ораларига сифатли ишлов беришда қўлланма сифатида хизмат қилмоқда.
Андижон вилоятининг оч тусли бўз тупроқлари шароитида 80х40 см қўшқатор схемада экилган Андижон-36 ғўза нави маъдан ўғитлар, соф ҳолда азот-200 кг/га, фосфор-140 кг/га, калий-100 кг/га озиқлантириб, кўчат қалинлиги 120-140 минг дона/гани ташкил қилган майдонларда ғўзани шоналаш даврида сув юрмайдиган (40 см) қатор орасига 5-7 см чуқурликда бир марта наральник билан ишлов бериш агротехнологияси Қўрғонтепа, Жалақудуқ, Избоскан туманларида жами 239 гектар майдонга жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2019 йил 4 октябрдаги 02/020-2802-сон маълумотномаси). Натижада, ҳар гектар майдондан 39,8-40,5 центнер пахта ҳосили олиниб, бошқа қатор оралиқларида парваришланган ғўза майдонларига нисбатан 3-4 ц/га қўшимча ҳосил олишга эришилиб, рентабеллик даражаси 23,5% ни ташкил этган.