Sayt test rejimida ishlamoqda

Умарова Наргизахон Рустамовнанинг 
филология фанлари доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Алишер Навоий асарларининг лисоний-концептуал тадқиқи», 10.00.01 – Ўзбек тили.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: № B2020.4.DSc/Fil250
Илмий маслаҳатчи: Искандарова Шарифа Мадалиевна филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Фарғона давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Фарғона давлат университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.05.02.
Расмий оппонентлар: Холманова Зулхумор Турдиевна, филология фанлари доктори, профессор; Ҳусанов Нишонбой Абдусатторович, филология фанлари доктори, профессор; Одилов Ёрқинжон Рахмоналиевич, филология фанлари доктори, профессор
Алишер Навоий асарларининг лисоний-концептуал тадқиқи
Етакчи ташкилот номи: Урганч давлат университет.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқот мақсади: Диссертациянинг асосий мақсади Алишер Навоий асарларида фаол луғавий концептлар асосида идрок этилган оламнинг лисоний манзарасини тавсифлаш, эски ўзбек тилидаги концепт ва категорияларнинг миллий-лисоний манзарадаги ўрнини белгилаш, шу орқали тил ва унинг идрок этилиши жараёнида юз берган тарихий ўзгаришларни илмий далиллашдан иборат..
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Навоий асарларида қўлланилган либос, ранг, ёш, қиёс категориялари ва уларнинг семантик хусусиятлари когнитив асосда ёритилиб, шоир ижоди билан боғлиқликда либос сўзи, шунингдек, қора, сариқ, яшил ва қизил рангларнинг лисоний, бадиий, диний-фалсафий, тасаввуфий талқинлари ҳамда уларнинг манба луғатлардаги изоҳи билан боғлиқ фарқлар  аниқланган ҳамда сариқ ранг генезисига доир илмий фаразлар илгари сурилган;
миллий тилимизнинг эски ўзбек тили даврини тавсифловчи, шоир асарларида  фаол  қўлланган  луғавий концептлар – Навоий талқинидаги сўзнинг моҳият ва ҳодиса сифатидаги хоссалари, оламнинг тарихий-лисоний манзараси, табиат концепти доирасида эса ҳайвонот ва наботот концептосферасига хос когнитив жиҳатлар концептосфера аъзолари парадигмаси ва уларнинг манбалардаги луғавий изоҳи, этимон маъноси, “Садди Искандарий” достонида улар орқали воқеланадиган метафора, қиёс каби услубий хусусиятлар асосланган; 
“Садди Искандарий” достонидаги ҳукмдор, кема, туҳфа, олтин луғавий концептларининг умумтуркий, миллий, диний, фалсафий тафаккурдаги тимсолларига хос фрейм тузилиши аниқланиб, кема ва олтин лексемалари семантик жиҳатдан матннинг таянч луғавий бирлиги эканлиги далилланган; 
Навоий тилининг миллий ва маданий хусусиятлари қатор луғавий концептлар, жумладан, ёш категориясида `кексалик`, либос категориясида `зебо либос` тушунчалари ҳамда терлик, тўн сўзлари воситасида исботланган; 
шоир асарларида қўлланилган луғавий концептлардаги оламни идрок этиш билан боғлиқ динамик ўзгаришлар ва статик ҳолатлар – кўйлак, тарози, сариқ, қизил, йилқи, кийик, йилон, ўрик, олу, кўкарчин сўзларининг тил хотирасида унутилган этимон маъноси тарихий луғат манбалари қиёси асосида далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Тадқиқотнинг назарий таклифлари, амалий тавсиялари ва хулосалари қуйидагиларга татбиқ этилган:
Навоий асарларида қўлланган либос, ранг, ёш, қиёс категориялари семантик хусусиятларининг когнитив асослари, либос сўзи, шунингдек, қора, сариқ, яшил ва қизил рангларининг лисоний, бадиий, диний-фалсафий, тасаввуфий талқинлари ҳамда уларнинг манба луғатлардаги изоҳи билан боғлиқ фарқлар, сариқ ранг генезисига доир хулосалардан “Умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида ўзбек тили ва адабиёти фанларини ўқитишнинг инновацион методлари” мавзусидаги Ф – 7.2.1 (ПФИ – 1 фундаментал тадқиқотлар бўйича) рақамли фундаментал лойиҳасида фойдаланилган (ЎзР Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 12 ноябрдаги   89-03-4612-сон маълумотномаси). Натижада Навоий асарлари тадқиқида қиёс категорияси лисоний ифодасининг назарий ва амалий  томонлари лойиҳа доирасида асосли ва тизимли хулосалар чиқаришга ёрдам берган;
Навоий тилининг миллий ва маданий хусусиятлари луғавий концептлар, жумладан, ёш категориясида `кексалик`, либос категориясида `зебо либос` тушунчалари ҳамда терлик, тўн сўзлари борасидаги назарий хулосаларидан 574097-ЕРР-2016-1-СY-eppka2-CBHE-JP рақамли, “RUECVET: Пилотирование профессионального образования и обучения Россия и Узбекистана” номли Евроиттифоқ проекти асосидаги Эрасмус+фундаментал лойиҳасида касб-ҳунар коллежлари ҳамда академик лицей ўқитувчилари учун ташкилланган малака ошириш курсларини ўтказишда, дастурлар тузишда кенг фойдаланилган (ЎзР Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 12 ноябрдаги 89-03-4612-сон маълумотномаси). Натижада шоир асарларида қўлланган фаол луғавий бирликларнинг тушунарлилиги ортган, лисоний-концептуал тадқиқ усулларидан фойдаланиш имконияти юзага келган;
миллий тилимизнинг  тарихий  даврларида  фаол  бўлган  луғавий концептлар, Навоий талқинидаги сўзнинг моҳият ва ҳодиса сифатидаги хоссалари, оламнинг лисоний манзараси, табиат концепти доирасида эса ҳайвонот ва наботот тушунчаларига хос когнитив жиҳатларига доир қарашларидан ОТ-Ф1-100 рақамли “Имконияти чекланган болалар ижтимоий-маданий фаолиятининг бадиий-ижодиёт воситалари асосида назарий ва амалий  такомиллашуви” номли фундаментал лойиҳани амалга оширишда фойдаланилган (ЎзР Олий ва ўрта махсус вазирлигининг 2020 йил 12 ноябрдаги 89-03-4612-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳа доирасида чоп этилган “Шахс ва қадриятлар” номли монография материалларининг мазмуни мукаммаллашган, илмий далилларга бой бўлиши таъминланган;
шоир асарларида қўлланган луғавий концептлардаги оламни идрок этиш билан боғлиқ динамик ва статик ўзгаришлар кўйлак, тарози, сариқ, қизил, йилқи, кийик, йилон, ўрик, олу, кўкарчин сўзларининг тил хотирасида унутилган этимон маъносига доир материаллардан А-1-099 рақамли “Ўзбекистоннинг барқарор стратегик тараққиётида фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш ва маънавий-ахлоқий хавфсизликни таъминлаш концепцияларининг аҳамияти” мавзусидаги лойиҳада фойдаланилган (ЎзР Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг  2020 йил 12 ноябрдаги 89-03-4612-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳа доирасида нашр этилган ўқув-услубий кўрсатманинг назарий томонларини ёритишда диссертация хулосаларига  асосланилган;
“Садди Искандарий” достонидаги ҳукмдор, кема, туҳфа, олтин луғавий концептлари фрейм таркиби, кема ва олтин лексемалари семантик жиҳатдан матннинг таянч луғавий бирлиги эканлиги доирасидаги хулосалардан И-2013 57 рақамли “ИЖТИМОИЙ ЭКОЛОГИЯ МУАММОЛАРИ” номли монография тайёрлаш ва чоп этиш”   мавзусидаги инновацион лойиҳасини бажаришда фойдаланилган (ЎзР Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 12 ноябрдаги 89-03-4612-сон маълумотномаси). Натижада Навоий асарларида қўлланган ижтимоий-экологик тушунчаларга оид фикр-мулоҳазалар лойиҳа доирасидаги муаммоларнинг муайян даражада ҳал этилишига олиб келган;  
тадқиқотнинг миллий ғурур ва маънавий ифтихоримиз тимсолига айланган улуғ шоир ижодий меросининг ўзбек маданияти ва тарихида тутган ўрни, асарларининг тарбиявий ва таълимий  аҳамияти, филологик тадқиқи, шоирнинг сўз ва унинг моҳияти, нутқ ва нотиқлик маданияти ҳақидаги талқинлари ифодаланган материалларидан Фарғона вилояти телерадиокомпаниясининг “Интервью”, “Замондош”, “Адабий муҳит”, “Қадрият”, “Маънавият – қалб кўзгуси”, “Зиё сари” кўрсатувлари ҳамда “Маънавият”, “Зиё масканларида”, “Эътироф” номли радиоэшиттиришларининг махсус дастурлари сценарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Фарғона вилояти телерадиокомпаниясининг 2020 йил 23 октябрдаги 367-сон маълумотномаси). Натижада мазкур кўрсатув ва эшиттиришлар маънавий-маърифий ҳамда миллий жиҳатдан бойиган, халқчиллиги ортган;
диссертация натижаларидан Фарғона вилояти “Рухсор” телерадиоканалининг “Тил – миллатнинг қалби, ғурури” туркум кўрсатувларида фойдаланилган (Фарғона вилояти “Рухсор” телерадиоканалининг 13.10.2020 йилдаги 236-сон маълумотномаси). Натижада кўрсатувлар маърифий ва амалий жиҳатдан бойиган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish