Sayt test rejimida ishlamoqda

Шарипов Далер Кучкаровичнинг

фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Саноат ҳудудларида атмосферанинг ифлосланишини мониторинг қилиш ва башоратлаш тизими моделлари ва алгоритмлари», 05.01.07–Математик моделлаштириш. Сонли усуллар ва дастурлар мажмуи (техника фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.PhD/Т8.

Илмий раҳбар: Равшанов Нормахмад, техника фанлари доктори.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент ахборот технологиялари университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент ахборот технологиялари университети,  DSc.27.06.2017.Т.07.01.

Расмий оппонентлар: Қобулов Анвар Восилович, техника фанлари доктори, профессор; Нормуродов Чори Бегалиевич, физика-математика фанлари доктори.

Етакчи ташкилот: Самарқанд  давлат университети.

Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: саноат ҳудудларининг экологик ҳолатини таҳлил этиш, мониторинг қилиш ва прогнозлаш ҳамда атмосферада зарарли моддаларнинг тарқалишини ҳисобга олган ҳолда саноат объектларини оптимал жойлаштириш учун аниқ математик моделлар, сонли алгоритмлар ва дастурий мажмуани яратишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

ер атмосфераси чегаравий қатламида зарарли моддалар тарқалиши жараёнининг математик модели доирасида янги: зарарли моддаларнинг атмосферада мавсумий ва суткали циклда ютилиши, ҳаво оқими ва унинг пастки чегаравий сирти орасида дефляция зарралари билан алмашинуви ва жой орографияси омиллари киритилиб такомиллаштирилган;

жараённинг математик модели иқлимга оид аниқ маълумотлардан фойдаланиш, шамол тезлиги ва турбулент алмашинув коэффициентларининг баландликка қараб ўзгаришини ҳисобга олиш асосида такомиллаштирилган;

зарарли моддаларнинг атмосферада тарқалиши жараёнини қаралаётган ҳудуд учун рухсат этилган юқори концентрациялари билан боғлиқ тарзда тавсифловчи тўғри ва тескари масалаларни ечиш, янги саноат корхоналарини экологик жиҳатдан оптимал ўрнини аниқлаш имконини берувчи самарали сонли алгоритмлар ишлаб чиқилган;

зарарли моддаларнинг атмосферада тарқалиши жараёнининг шамол тезлиги ва йўналиши, уларнинг сутка давомида ўзгариши, турбулент алмашинув коэффициентининг баландликка қараб, ҳаво оқими ва пастки чегара орасидаги зарарли моддалар билан алмашинув коэффициенти ўзгариши билан боғлиқ хусусиятлари аниқланган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:

Атмосферада зарарли моддаларнинг тарқалиши бўйича яратилган математик моделлар, алгоритмлар ва дастурий мажмуалар бўйича олинган илмий натижалар асосида:

саноат региони экологик ҳолатини мониторинг қилиш ва башоратлаш мақсадида яратилган моделлар, сонли алгоритмлар ва дастурий комплекслари Табиатни муҳофаза қилиш бўйича Самарқанд ва Жиззах вилоятлари қўмитасида жорий этилган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2017 йил 2 июндаги 24-8/3401-сон маълумотномаси). Илмий-тадқиқот натижалари саноатли ҳудудларнинг экологик ҳолатини олдиндан аниқлаш ва огоҳлантириш ҳисобидан иқтисодий самарадорликка эришилган;

шамоллар йўналиши вақт бўйича ўзгаришини, зарарли моддаларнинг энг охирги мумкин бўлган концентрацияси ва ҳудуд орографиясини ҳисобга олган ҳолда саноат жойлашган ерларнинг экологик ҳолатини башоратлаш бўйича дастурий маҳсуллар Тошкент вилоятининг Ангрен, Олмалиқ ва Чирчиқ шаҳарларининг табиатни муҳофаза қилиш назорат бўлимларида жорий этилган (Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2017 йил 2 июндаги 24-8/3401-сон маълумотномаси). Илмий-тадқиқот натижалари бўйича Охангарон водийсида яшайдиган аҳолига саноат  корхоналарнинг таъсири ва янги қўриладиган корхоналарни оптимал жойлаштириш ҳисобидан, экологик таъсири камайтиришни таъминлайди.

Yangiliklarga obuna bo‘lish