Sayt test rejimida ishlamoqda

Мирзаев Жасурбек Аширалиевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Жиззах вилояти суғориладиган ер ва сув ресурсларидан барқарор фойдаланишнинг экологик жиҳатларини баҳолаш», 11.00.05 – Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.2.PhD/B173.
Илмий раҳбар: Кулматов Рашид Анарович, кимё фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон миллий университети ҳузуридаги DSc.03/27.02.2020.В.01.15 рақамли илмий кенгаш асосидаги бир марталик илмий кенгаш.
Расмий оппонентлар: Жабборов Зафаржон Абдукаримович, биология фанлари доктори, профессор; Насрулин Айдар Булатович, география фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Жиззах вилояти суғориладиган ер ва сув ресурсларидан барқарор фойдаланишнинг экологик жиҳатларини аниқлаш ва баҳолашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Жиззах вилоятида суғориш мақсадида ишлатилган сув ресурсларининг сифат ва миқдор ўзгаришлари, суғориладиган майдонлардаги сизот сувларининг сатҳи ва минераллашув динамикасининг ўзгариши йиллар кесимида асосланган;
вилоят суғориладиган тупроқларининг шўрланганлик даражаси динамикаси йиллар кесимида ўзгариши очиб берилган;
илк бор Жиззах вилояти суғориладиган майдонларида ҳосил бўлган коллектор-зовур  сувларининг сифат ва миқдор кўрсаткич хусусиятлари илмий жиҳатдан исботланган;
суғориладиган майдонлардаги сув-тупроқ-туз режими ҳамда коллектор-зовур  сувларидан қайта фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Суғориладиган тупроқларнинг шўрланиш даражаси ва уларнинг экологик ҳолатини баҳолаш бўйича олинган илмий натижалар асосида: 
суғориладиган майдонлардаги ер ости сизот сувларининг сатҳи ва минераллашувининг тупроқ шўрланишига салбий таъсири ҳамда юқори даражада минераллашган коллектор-зовур  сувларидан суғориш мақсадларида қайта фойдаланиш усуллари №МВ-ҚХ-А-ҚХ-2018-91 “Жиззах ва Сирдарё вилоятларининг ҳар хил агроценоз шароитларда микроб препаратларидан фойдаланишнинг экологик жиҳатлари” амалий лойиҳасида тупроқ унумдорлигини тиклаш, тупроқларга биотехнологик ишлов беришда фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 21 июндаги 89-03-4397-сон маълумотномаси). Натижада, суғориладиган майдонларнинг шўрланиш даражаси ва ер ости сувларининг сатҳи ҳамда минераллашувига қараб биопрепаратларни қўллаш меъёрларини белгилаш ҳамда тупроқ унумдорлигини тиклаш имконини берган;
суғориладиган майдонларда ҳосил бўлган нисбатан кам минераллашган Жиззах бош коллектори (ЖБК) ва Оқбулоқ коллектор-зовур  сувларидан сув тақчил бўлган йилларда суғориш, тузга чидамли ўсимликларни етиштириш юзасидан ишлаб чиқилган амалий тавсиялар “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш” Жиззах вилояти бошқармаси амалиётига жорий қилинган (Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2020 йил 13 ноябрдаги 04-02/8-944-сон маълумотномаси). Натижада, нисбатан кам минераллашувли ЖБК ва Оқбулоқ коллектор-зовур  сувларидан сув тақчил бўлган йилларда суғориш, тузга чидамли ўсимликларни етиштириш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish