Хуррамов Элёр Нарзуллаевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Алмашинган анилинларнинг гликол, дигликол ва салицил кислоталар билан реакцияларини ўрганиш», 02.00.03 – Органик кимё (кимё фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.4.PhD/K145.
Илмий раҳбар: Абдушукуров Анвар Кабирович, кимё фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон миллий унивеситети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбекистон миллий университети, DSc.03/30.12.2019.K.01.03.
Расмий оппонентлар: Максумов Абдуҳамид Гафурович, кимё фанлари доктори, профессор; Матчанов Алимжон Давлатбоевич, кимё фанлари доктори, катта илмий ходим.
Етакчи ташкилот: Тошкент фармацевтика институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: гликол, дигликол, салицил кислоталарнинг анилин ва баъзи алмашинган анилинлар билан реакцияларини систематик равишда ўрганиш, олинган маҳсулотларнинг тузилишини ва қўлланилиш соҳаларини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор гликол кислотанинг анилин ва баъзи алмашинган анилинлар билан тўртламчи аммоний тузлари протонли органик эритувчилар иштирокида синтез қилинган;
гликол кислотани анилинлар билан амидлаш реакцияларида сирка кислотаси каталитик фаолликни намоён қилиши аниқланган ва сирка кислотанинг каталитик фаоллигини ифодаловчи реакция механизми таклиф этилган;
илк бор оксикарбон кислоталарни анилинлар билан амидлаш реакцияларидан юқори унумлар билан кислота ариламидлари синтез қилинган ва ушбу жараёнда ортоборат кислотанинг каталитик фаоллиги аниқланган;
ортоборат кислота иштирокида салицил кислотанинг п-анизидин билан амид ҳосил бўлиш реакциясидан оралиқ маҳсулот ажратиб олинган ва рентген тузилиш таҳлили ёрдамида бу реакциялар оралиқ борли аммоний тузлар ҳосил бўлиши орқали бориши исботланган;
илк маротаба димер ҳолатидаги амидларнинг 2-гидрокси-N-(3-метилфенил)ацетамид мисолидаги гликол кислотаси ариламидлари, амид таутомер шаклида бўлиши амалий ва назарий таҳлил натижалари асосида аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Алмашинган анилинларнинг гликол, дигликол ва салицил кислоталар билан реакциялари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
2-метоксифениламмоний-2-гидроксиацетат, 2-гидрокси-N-(3-метилфенил)ацетамидларнинг рентген тузилиш таҳлили (РТТ) натижалари Кембридж кристаллографик маркази маълумотлар базасига киритилган (Cambridge Crystallographic Data Centre, нинг 2021 йил 26 январдаги 2058756, 2017145-сон маълумотномалари). Натижада, карбон кислота ҳосилалари таркибига кирувчи янги моддаларнинг тузилишини аниқлаш имконини берган;
2-гидрокси-N-(4-бромфенил)ацетамид ва 2-гидрокси-N-(3-метилфенил)-бензамид металл конструкцияларнинг биокоррозиясига қарши ингибитор сифатида “Муборак газни қайта ишлаш заводи” да амалиётга жорий этилган (“Муборак газни қайта ишлаш заводи” АЖнинг 2020 йил 30 апрелдаги 471/GK-04-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу биоингибиторлар металл конструкция ва қурилмаларининг эксплуатацион хоссаларини ошириш имконини берган;
дигликол кислотасининг ариламидлари синтези бўйича олинган натижалардан МУ-ФЗ-20171025111 рақамли “Карбон кислоталарни виниллашнинг илмий асослари ва олинган бирикмаларнинг хоссалари” мавзусидаги лойиҳада моноариламидларни ацетилен иштирокида гомоген шароитда виниллаш реакцияларида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 30 июндаги 89-03-2338-сон маълумотномаси). Натижада, карбон кислоталарнинг винил эфирларини самарали синтез қилиш усулини ишлаб чиқиш имконини берган.