Махкамов Ғуломжон Усмонжоновичнинг
фалсафа доктори (РhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Механик экиш аппарати конструкциясини такомиллаштириш орқали пиёз уруғини экиш сифатини ошириш», 05.07.01–Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация машиналари. Қишлоқ хўжалиги ва мелиорация ишларини механизациялаш (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.4.PhD/Т1994.
Илмий раҳбар: Турдалиев Вохиджон Махсудович, техника фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Наманган муҳандислик-қурилиш институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Наманган муҳандислик-қурилиш институти, PhD.03/30.12.2019.Т.90.01.
Расмий оппонентлар: Тожиев Расулжон Жумабаевич, техника фанлари доктори, профессор; Худояров Анвар Назиржонович, техника фанлари номзоди, профессор.
Етакчи ташкилот: Наманган муҳандислик-технология институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: механик экиш аппарати конструкциясини уруғларни доналаб ҳамда белгиланган меъёрларда экишга мўлжаллаб такомиллаштириш орқали пиёз уруғини экиш сифатини оширишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
пиёз уруғини қаторларда доналаб экадиган уячали диск ва қайтаргич роликда ташкил топган механик экиш аппаратининг конструкцияси ишлаб чиқилган;
механик экиш аппаратининг уячали дискида пиёз уруғини жойлашиши унинг геометрик ўлчамлари ва оғирлик марказини инобатга олган ҳолда аниқланган;
пиёз уруғларининг экиш аппарати уячали дискидан чиқиб тупроққа тушиши ва тушган уруғларни ўз ўрнида қолиш жараёнларининг моҳияти очиб берилган ҳамда механик экиш аппратининг ўрнатилиш баландлиги асосланган;
пиёз уруғини доналаб белгиланган меъёрларда экишни таъминлаш учун механик экиш аппаратининг уячали дискини айланишлар сони унинг геометрик ва кинематик параметрларига боғлиқ равишда аниқланган;
механик экиш аппарати ишчи қисмларининг мақбул параметрлари пиёз уруғларини бир хил оралиқда юқори аниқликда экиш шартидан келиб чиқиб аниқланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Механик экиш аппаратини такомиллаштириш орқали пиёз уруғини экиш сифатини ошириш бўйича олинган натижалар асосида:
механик экиш аппарати билан жиҳозланган пиёз экиш машинасига дастлабки талаблар тасдиқланган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 26 январдаги 02/023–259–сон маълумотномаси). Натижада, ортиқча ниҳолларни яганалашга сарфланадиган қўшимча қўл меҳнатига барҳам бериш ҳисобига меҳнат сарфи 1,5 марта кам, ресурстежамкор пиёз экиш машинасини ишлаб чиқиш имконияти яратилган;
механик экиш аппарати билан жиҳозланган пиёз экиш машинаси Наманган вилоятининг Поп ва Чуст туманларидаги фермер хўжаликларида жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 26 январдаги 02/023–259–сон маълумотномаси). Натижада, пиёз экиш машинаси қўлланганда мавжуд механик экиш машиналарига нисбатан уруғ сарфини 40-45 фоизга камайишига эришилган;
механик экиш аппарати билан жиҳозланган пиёз экиш машинасини ўзлаштириш учун лойиҳа-конструкторлик хужжатлари (техник топшириқ) «BMKB-Agromash» АЖда лойиҳалаш жараёнига жорий этилган (Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2021 йил 26 январдаги 02/023–259–сон маълумотномаси). Натижада, пиёз уруғини доналаб экиш учун эксплуатацион ҳаражатлари 36,5 фоизга кам, уруғларни белгиланган меъёрларда шикастламасдан экадиган машинани саноат усулида ишлаб чиқариш имконияти яратилган.