Рахмонов Суннатилло Мавлоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Амир Темур даврида тасаввуфнинг ижтимоий маънавий роли”, 09.00.03 – Фалсафа тарихи (фалсафа фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.1.PhD/Fal182.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат чет тиллар институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, DSc.03/30.12.2019.F.02.02.
Илмий раҳбар: Каримов Сайимназар Каримович, фалсафа фанлари доктори, доцент.
Расмий оппонентлар: Хажиева Мақсуда Султановна, фалсафа фанлари доктори, профессор; Махмудов Равшанбек Жалилович, фалсафа фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Қарши давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Амир Темур ва темурийлар даврида Марказий Осиёда тасаввуфнинг ижтимоий-маънавий, маърифий ва ахлоқий ўрнини замонавий фалсафий ёндашувлар асосида тадқиқ этиш, жамиятда диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда ёшларнинг маънавий-руҳий камолотга эришишига қаратилган таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Амир Темур тасаввуфнинг ахлоқий поклик, бағрикенглик каби асосий қоидаларидан салтанат бошқарувида мамлакат тараққиётига тўсиқ бўладиган мазҳаблараро ва тариқатлараро низоларни бартараф этиб ижтимоий барқарорликни таъминлашда амалий фойдаланганлиги илмий-назарий жиҳатдан асосланган;
Амир Темур даврида тариқат намоёндаларининг ижтимоий-сиёсий ташаббускорлик (ижтимоий воситачилик ва ҳомийлик) фаолиятлари ҳамжиҳатлик ва ижтимоий тотувликни таъминлаш мезони эканлиги мантиқий далилланган;
Амир Темур тасаввуфнинг муҳим руҳий – маънавий омиллари бўлган покланиш, тўғри ва софдил бўлиш, ҳалол меҳнат қилиш, бирор касбни эгаллаш, меҳр-шафқатли бўлиш каби комиллик мезонларини амалга ошириш учун кенг имкониятлар очиб берганлиги асосланган;
Амир Темур даврида Нақшбандийлик тариқатининг диний-ирфоний асослари (зуҳд, фақр, сабр, тавба, таваккул) мустаҳкамланганлиги ва тариқатлар орасидаги бағрикенглик, ҳамкорлик, муросачилик тамойилларини ўрнатишда Нақшбандийликнинг етакчилик роли ишончли аргументлар асосида исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Амир Темур ва темурийлар давлатида диний бағрикенглик, ижтимоий ҳамкорлик, аҳлоқий поклик, адолатлилик, сабрли бўлиш каби маънавий-ахлоқий тамойилларнинг моҳияти ҳамда ўзига хос хусусиятларининг ёшлар тарбиясига таъсири борасидаги илмий асосланган таклиф-тавсияларидан “Миллий ғоя ва миллатлараро муносабатлар” номли ўқув қўлланманинг IX-XVI боблари ва XVII бобининг 2-бўлими мавзуларини тайёрлашда фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 2 мартдаги 89/03-920-сон маълумотномаси). Натижада, ёшларда ўз тарихига нисбатан эҳтиром туйғусини шакллантириб, ёш авлодни маънавий-ахлоқий жиҳатдан камолотга етишишига хизмат қилган.
Амир Темур тасаввуфнинг муҳим руҳий-маънавий омиллари бўлган покланиш, тўғри ва софдил бўлиш, ҳалол меҳнат қилиш, бирор касбни эгаллаш, муҳтожларга меҳр-шафқат кўрсатиш каби ғояларини халққа сингдириш учун кураш олиб борганлигига оид илмий-назарий хулосаларидан Ўзбекистон Ёшлар Иттифоқи Марказий Кенгашининг “Ёшлар ва қонун” номли Концепциясини ва “Ёшлар – келажак бунёдкори” шиори остида “Уюшмаган ёшлар билан ишлаш тизими самарадорлигини ошириш муаммо ва истиқболлари” комплекс чора тадбирлар дастури лойиҳасини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Ёшлар иттифоқи марказий кенгашининг 2020 йил 12 февралдаги 04-13/626-сон маълумотномаси). Натижада, ёшларнинг жамият ишларига даҳлдорлик хиссиёти, актив ҳаётий позицияси кучайишига, ёшлар орасида жиноятчилик даражасини камайтиришга хизмат қилган;
Амир Темур ва темурийлар даврида Мовароуннаҳрда тариқат намоёндаларининг тинчлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган ижтимоий-сиёсий ташаббускорлик фаолиятларига оид конструктив таклиф-тавсиялардан Жиззах вилояти “Истиқбол” минтақавий тадқиқот марказининг “Жойларда ижтимоий муаммоларни ҳал этишда жамоатчилик назоратини кучайтириш” мавзусидаги 46-11/50 рақамли амалий грант лойиҳасининг “Ижтимоий, иқтисодий ва маънавий муҳит барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни тизимли таҳлил этиш мақсадида тадқиқотлар ўтказиш” номли 11-банди ижросини таъминлашда фойдаланилган (Жиззах вилояти “Истиқбол” минтақавий тадқиқот марказининг 2020 йил 7 февралдаги 4-сон маълумотномаси). Натижада, ёшларни маънавий-маърифий ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилган.