Кенжабоева Рахшона Мирзаевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “X-XIII асрлар Мовароуннаҳр ҳанафий манбаларида вақф масалалари”, 24.00.03 – Фиқҳ, калом илми. Илоҳиёт (исломшунослик фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.4.PhD/Isl10.
Илмий раҳбар: Ражабова Мавжуда Абдуллаевна, юридик фанлар доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон халқаро ислом академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон халқаро ислом академияси, DSc.35/30.12.2019.Isl/Tar/F.57.01.
Расмий оппонентлар: Тошқулов Жўрабой Ўринбаевич, юридик фанлар доктори (DSc), профессор, Насриев Илҳом Исмоилович, юридик фанлар доктори (DSc), профессор.
Етакчи ташкилот: Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади X-XIII асрлар Мовароуннаҳр ҳанафий манбаларидаги вақф масаласини тадқиқ этиш.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк фиқҳий манбаларда қисқа баён этилган вақф мавзуси давр ўтиши, унинг тури ва салмоғи ортиб боргани, вақф мулки, тизими ва муҳофазасига доир янги фатволар, ҳуқуқий асослар ишлаб чиқиш зарурати натижасида вақф ислом ҳуқуқининг алоҳида бир тармоғига айлангани очиб берилган;
Туркия “Вақфлар Қонуни”нинг ҳам замонавий ҳуқуқ, ҳам шариат қонун-қоидалари билан уйғунлиги, унда ислом ҳуқуқи тамойилларига кўра ташкил этилган вақфлар билан бир қаторда жамғармалар, жамоат ташкилотлари, касаба уюшмалари каби замонавий ташкилотларнинг ҳам ҳуқуқий мақомлари белгиланганлиги очиб берилган;
вақф ижараси анъанавий ижарадан мулк ижараси муддати уч йилдан ошиши мумкин бўлмаслиги, ижара шартномаси субъектларидан бирининг вафоти муносабати билан ижара шартномасининг бекор қилинмаслиги жиҳатдан фарқ қилиши, ижарани бекор қилиш муддати олдиндан белгиланиши мумкинлиги жиҳатдан эса ўхшашлиги далилланган;
мусулмон аҳолиси 95% дан зиёд бўлган ўзбек жамиятида вақф амалиётининг татбиқ этилиши ижтимоий ҳимояни таъминлашда кенг қамровли ва самарали омиллардан бири эканлиги очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
X-XIII асрлар Мовароуннаҳр ҳанафий манбаларида вақф масалалари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
илк фиқҳий манбаларда қисқа баён этилган вақф мавзуси давр ўтиши, унинг тури ва салмоғи ортиб боргани, вақф мулки, тизими ва муҳофазасига доир янги фатволар, ҳуқуқий асослар ишлаб чиқиш зарурати натижасида вақф ислом ҳуқуқининг алоҳида бир тармоғига айлангани ҳақидаги натижалар буюртма асосида тайёрланган “X-XIII аср Мовароуннаҳр классик фиқҳий манбаларида вақф мавзусининг ёритилиши” китоби мазмунига сингдирилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 20.02.2021 санадаги 03-07/1135-сон хулосаси). Натижада, ушбу нашр кенг жамоатчиликнинг тарихий ва фиқҳий манбаларда вақф мавзусининг ёритилиши тўғрисидаги билимларини янада ривожлантиришда ҳисса қўшган;
Туркия “Вақфлар Қонуни”нинг ҳам замонавий ҳуқуқ, ҳам шариат қонун-қоидалари билан уйғунлиги, унда ислом ҳуқуқи тамойилларига кўра ташкил этилган вақфлар билан бир қаторда жамғармалар, жамоат ташкилотлари, касаба уюшмалари каби замонавий ташкилотларнинг ҳам ҳуқуқий мақомлари белгиланганлиги ҳақидаги натижалар буюртма асосида тайёрланган “Жаҳон мамлакатларида вақф қонуни ва амалиёти” китоби мазмунига сингдирилган (Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 20.02.2021 санадаги 03-07/1135-сон хулосаси). Натижада, ушбу нашр кенг жамоатчиликнинг вақф қонунчилиги тўғрисидаги билимларини янада ривожлантиришда ҳисса қўшган;
вақф ижараси анъанавий ижарадан мулк ижараси муддати уч йилдан ошиши мумкин бўлмаслиги, ижара шартномаси субъектларидан бирининг вафоти муносабати билан ижара шартномасининг бекор қилинмаслиги жиҳатдан фарқ қилиши, ижарани бекор қилиш муддати олдиндан белгиланиши мумкинлиги жиҳатдан эса ўхшашлиги ҳақидаги натижалардан Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказида ислом ҳуқуқига оид манбалар бўлимида фойдаланилган, шунингдек, вақфлар таълим соғлиқни сақлаш, ижтимоий ёрдам каби ҳаётнинг барча соҳаларини қамраб олгани, айниқса, илм-фан ҳам вақфлар воситасида ривож топганига оид хулосалар буюртма асосида тайёрланган “Бухоро таълим тизими тарихи” ва “Тошкентлик азиз сиймолар” китобларига мазмунан сингдирилган (Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказининг 50/21-сон маълумотномаси). Мазкур асар китобхонларнинг вақфга оид дунёқарашларини янада кенгайишига хизмат қилган.
мусулмон аҳолиси 95% дан зиёд бўлган ўзбек жамиятида вақф амалиётининг татбиқ этилиши ижтимоий ҳимояни таъминлашда жуда муҳим омиллардан бири эканлигига оид хулосалардан Ўзбекистон Миллий Телерадиокомпанияси “Маҳалла” телеканали томонидан эфирга узатилган “Одоб дурдоналари” кўрсатувида фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий 10.11.2020 санадаги 01-18-411-сон маълумотномаси) ва Ўзбекистон Миллий Телерадиокомпанияси “Маҳалла” радиоканалининг “Маърифат чироқлари” эшиттиришида суҳбат тайёрланди. Бунда мулкни вақф сифатида васият қилса, унинг миқдори жами мулкнинг 1/3 қисмидан ошмаслиги зарур экани, закот исломда фарз амал бўлиб, вақф эса ихтиёрий экани, тадқиқот мавзусининг амалий аҳамияти ҳақда суҳбат олиб борилган (Ўзбекистон Миллий Телерадиокомпаниясининг 2020 йил 2 декабрдаги 04-111-сон маълумотномаси). Натижада, мазкур жараёнлар кенг жамоатчиликда вақфнинг шаръий асослари, унинг мерос, закот каби бошқа муносабатлардан фарқлари ҳақидаги билим ва тасаввурларнинг янада кенгайишига хизмат қилган.