Махмудова Азиза Нугмановнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Замонавий фуқаролик жамиятида шахснинг ҳуқуқий ижтимоийлашуви (ижтимоий-фалсафий таҳлил)”, 09.00.04 – Ижтимоий фалсафа (фалсафа фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.4.PhD/Fal392.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Самарқанд давлат университети, DSc.03/30.12.2019.F.02.02
Илмий раҳбар: Вафаева Джамиля Бакиевна, фалсафа фанлари номзоди, доцент.
Расмий оппонентлар: Мусаев Фахриддин Абдусаттарович, фалсафа фанлари доктори, профессор; Чориев Санжарбек Анварович, фалсафа фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Тошкент тиббиёт академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: замонавий фуқаролик жамиятида шахснинг ҳуқуқий ижтимоийлашуви ҳодисасини ривожланиш қонуниятлари ва механизмларини фалсафий таҳлил қилишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ҳуқуқий ижтимоийлашув жараёни шахснинг индивидуал хусусиятлари, шу билан бирга давлат ва нодавлат тузилмаларнинг биргаликдаги фаолияти натижасида шаклланадиган синергетик ҳодиса эканлиги фалсафанинг атрибутив категориялари (эркинлик, зарурият, имконият) асосида далилланган;
ҳуқуқий ижтимоийлашув шахснинг жамиятдаги етукликка интилишининг узлуксизлиги, ҳуқуқий мутаносиблик даражаси билан боғлиқлиги асосланган;
ҳуқуқий ижтимоийлашувда девиант хулқнинг намоён бўлиш шакллари бепарволик, лоқайдлик, руҳий тушкунлик каби мезонлар антипод жараёнлар сифатида асосланган;
фуқароларнинг ҳуқуқий ижтимоийлашувини келтириб чиқарувчи жамоавийлик, ижтимоий ҳамкорлик, ижтимоий назорат сингари мезонларининг объективлигини таъминлашда фуқаролик жамияти институтлари фаолияти билан функционал ва регулятив боғлиқлиги очиб берилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: Замонавий фуқаролик жамиятида шахснинг ҳуқуқий ижтимоийлашувини тадқиқ этиш жараёнида:
ҳуқуқий ижтимоийлашув жараёни шахснинг индивидуал хусусиятлари, шу билан бирга давлат ва нодавлат тузилмаларнинг биргаликдаги фаолияти натижасида шаклланадиган синергетик ҳодиса эканлигига оид илмий янгилиги ва таклиф-тавсияларидан “Миллий ғоя ва миллатлараро муносабатлар” номли ўқув қўлланманинг “Миллий манфаатларни рўёбга чиқариш ва демократик қадриятлар устуворлигини таъминлашнинг долзарб масалалари” деб номланган мавзусини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 10 августдаги 89-03-2759-сон маълумотномаси). Натижада, шахсни ҳуқуқий ижтимоийлашув жараёнида давлат ва нодавлат ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорлиги ва ҳамжиҳатлигини оширишга ҳизмат қилган;
ижтимоийлашув кишининг фақат ижтимоий муҳит билан алоқаларигина эмас, балки жамият етуклигининг даражаси билан ҳам боғлиқ бўлган узлуксиз жараён эканлигига доир конструктив хулоса ва таклиф-тавсияларидан “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Экстремизмга қарши курашиш тўғрисида”ги, “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятлар тўғрисида”ги ва “Волонтёрлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг моддаларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг суд-ҳуқуқ масаслалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитасининг 2020 йил 20 октябрдаги 23-сон маълумотномаси). Натижада, республикамизда ижтимоий муносабатларни тартибга солиб турувчи норматив-ҳуқуқий хужжатларнинг самарадорлигига ҳамда қабул қилинаётган қонунларнинг амалий аҳамиятини такомиллаштиришга хизмат қилган;
ҳуқуқий ижтимоийлашувда девиант хулқнинг намоён бўлиш шакллари бепарволик, лоқайдлик, руҳий тушкунлик каби мезонлар антипод жараёнлар сифатида асосланганлигига оид таклиф ва тавсияларидан Самарқанд вилоят “Рахмдиллик жамияти” ННТнинг “Ижтимоий ҳизмат: парвариш ва бандлик” мавзусидаги 66-07\176 рақамли амалий грант лойиҳасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда фойдаланилган (Самарқанд вилояти “Рахмдиллик жамияти”ННТнинг 2020 йил 26 августдаги 28-сон маълумотномаси). Натижада, ушбу грант лойиҳасининг амалга оширилиши жараёнида мураккаб ҳаётий вазиятларга тушиб қолган аёллар, ногиронлардаги ҳуқуқий ижтимоийлашувнинг ўсишига ва ижтимоий фойдали фаолият билан шуғилланиш иштиёқи пайдо бўлишига хизмат қилган;
ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти барпо этишда фуқароларнинг ҳуқуқий ижтимоийлашувини келтириб чиқарувчи жамоавийлик, ижтимоий ҳамкорлик, ижтимоий назорат, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариши, фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини мувофиқлаштириш омилларига оид таклиф ва тавсияларидан Самарқанд вилоят телерадиокомпанияси томонидан тайёрланган “Ижтимоий ҳимоя давр талаби” ва “Биз томонларда” номли кўрсатувларнинг дастур сценарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Самарқанд вилоят телерадиокомпаниясининг 2020 йил 18 августдаги 09-01/249-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида, шахс ҳуқуқий ижтимоийлашуви жараёнида ижтимоий ҳамкорлик, жамоатчилик назорати каби муҳим омилларнинг фаолиятини самарали ташкил этишга ва ўзини-ўзи бошқариш органларининг шахс ҳуқуқий ижтимоийлашуви жараёнига янада фаолроқ жалб этилишига хизмат қилган.