Рахматова Гузал Ботировнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Бициклик олтингугуртли органик бирикмалар асосида юқори самарали коррозия ингибиторлари олиш ва қўллаш», 02.00.14 – Органик моддалар ва улар асосидаги материаллар технологияси (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.2.PhD/Т1727.
Илмий раҳбар: Қурбанов Мингниқул Жумағулович, кимё фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Термиз давлат университети, PhD.03/30.12.2019.Т.78.01.
Расмий оппонентлар: Каримов Масъуд Убайдулла ўғли, техника фанлари доктори, катта илмий ходим; Эшкараев Садридин Чориевич, кимё фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот: Бухоро давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: тиаиндан ва тиохроман қатори α-аминокетонлари асосида металлар коррозиясига қарши янги юқори самарали коррозия ингибиторларини олиш технологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор тиаиндан ва тиохроман молекулалари ароматик халқасига ациллаш ва диациллаш реакциялари асосида янги авлод коррозия ингибиторлари синтез қилинган;
тиаиндан ва тиохроманни ациллаш ва диациллаш реакциясида метилен хлорид эритмасида 200С ҳарорат ва 4–5 соат давомида 2,5-диметил-1-тиаиндан, сирка ангидриди ва катализаторнинг 1:2:4 моль нисбатларида 2,5-диметил-3,6-диацетил-1-тиаинден 18%, ҳамда 2,5-диметил-6-ацетил-1-тиаиндан 80% унум билан олинган;
ацетилтиаиндан ва ацетилтиохроман молекуласининг ён занжирини бромлаш, бромли ҳосилаларнинг пиперидин (морфолин) билан реакциясининг мақбул шароитлари аниқланган ҳамда 80-88% унум билан тиаиндан ва тиохроман α-аминокетонлари олинган;
олинган АИТ типидаги ингибиторларнинг 15%ли НС1 ва 20%ли H2SO4 эритмаларида 200С ва 600С ҳароратларда ингибитор концентрацияси ҳамда вақтнинг ортиши билан металларни коррозиядан ҳимоялаш даражалари ортиб бориши аниқланган;
тиаиндан ва тиохроман α-аминокетонлари коррозион барқарорлик баллари бўйича 3–5 баллик шкалага тўғри келиши аниқланган ҳамда улар асосида АИТ типидаги ингибиторлар олиш технологияси ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Тиаиндан ва тиохроман α-аминокетонлари асосида металлар коррозиясига қарши АИТ типидаги ингибиторлар олиш технологияси ишлаб чиқиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
металларни коррозиядан ҳимоя қилиш учун тиаиндан ва тиохроман α-аминокетонлари асосида ишлаб чиқилган металлар коррозиясига қарши АИТ типидаги ингибиторлар олиш технологияси «Муборак газни қайта ишлаш заводи»да ишлаб чиқаришга жорий қилинган («Ўзбекнефтгаз» АЖ «Муборак газни қайта ишлаш заводи»нинг 2020 йил 15 сентябрдаги 1024/GK-09-сон маълумотномаси). Натижада, юқори самарали АИТ-1, АИТ-2, АИТ-3 ва АИТ-4 ингибиторларидан фойдаланиб, газ конденсатининг 0,5 % ли Н2SО4, Н2S, СO2 ва аммиакли сув муҳитларида Ст.20 таркибли металл конструкцияларни коррозиядан ҳимоя қилиш имконини берган;
ишлаб чиқилган АИТ-1, АИТ-2, АИТ-3 ва АИТ-4 коррозияга қарши ингибиторлар «Муборак газни қайта ишлаш заводи» да металл конструкциялари ва қурилмаларини коррозиядан ҳимоялашда амалиётга жорий қилинган («Ўзбекнефтгаз» АЖ «Муборак газни қайта ишлаш заводи»нинг 2020 йил 15 сентябрдаги 1024/GK-09-сон маълумотномаси). Натижада, янги АИТ типидаги ингибиторлар коррозия ингибиторлари сифатида қўлланилганда нефт ва газ саноатининг металл конструкциялари ва қурилмаларининг эксплуатацион муддатларини 10–13 % га ошириш имконини берган.