Sayt test rejimida ishlamoqda

Норова Мавлуда Файзуллоевнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Инглиз ва ўзбек тилларида фоностилистик ва графостилистик воситаларнинг коннотатив маънолари», 10.00.06 – Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: № B2019.1.PhD/Fil752.
Илмий раҳбар: Ҳайдаров Анвар Аскарович, филология фанлари номзоди, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Бухоро давлат университети, PhD.03/30.12.2019.Fil.72.03.
Расмий оппонентлар: Ходжаева Дилафрўз Изатиллоевна, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD); Маматов Абди Эшонқулович, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Урганч  давлат университети.    
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади инглиз ва ўзбек тиллари фоностилистик ҳамда графостилистик воситаларидаги коннотатив маънолар ва уларнинг услубий хусусиятларини очиб бериш, қиёсий таҳлил қилиш ҳамда коннотатив маънонинг умумнутқ маданияти ривожи, бадиий тасвирдаги аҳамиятини белгилашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
инглиз ва ўзбек тилларида коннотатив маънонинг доимий, узуал, одатий ва контекстуал, окказионал, тасодифий кўринишлари фонопрагматик ва графопрагматик жиҳатдан психолингвистик, лингвокультурологик ва социолингвистик омиллар таъсирида воқеланиши; фонопрагматик ракурсда коннотатив маъно нутқ товушларида ифодаланган информатив маънонинг таркибига кириши, уни тўлдириши ва  уларнинг фоновариантлари талаффузида ёрқин намоён бўлиши аниқланган;
ҳар иккала тилда унли/ундош товушлар ва сўзлар фоновариантлари талаффузи билан ҳосил бўладиган коннотатив маъноларнинг фонопрагматик функционаллиги қизиқиш, қувонч, ҳайрат, меҳрибонлик, эркалаш каби ижобий; қайғу, жаҳл, нафрат, қўрқув, камситиш, ғазаб каби салбий ички руҳий ҳолатлар билан боғлиқ ҳолда воқеланиши далилланган;
ҳар икки миллат ёзувчи ва шоирлари асарларида қўлланилган аллитерация, ассонанс, ономатопея, протеза, метатеза, элизия сингари фоностилистик воситаларда ифодаланган миллат менталитетига боғлиқ эмоционал-экспрессив маънолар фоностилема ва графостилемаларда диққатни тортиш, таъкидлаш, бўрттириб кўрсатиш, қизиқтириш, ажаблантириш, киноя, график образлилик яратиш каби коннотацияларни қамраб олиши асосланган;
чоғиштирилаётган тиллар нутқ товушлари талаффузида ҳосил бўладиган архаик, диалектал, эмоционал-экспрессив хусусиятли коннотатив маъно мазкур товушларнинг парадигматик (тил сатҳи) ва синтагматик (нутқ сатҳи) муносабати ҳосиласи эканлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Инглиз ва ўзбек тилларидаги фоностилистик ва графостилистик воситаларнинг коннотатив маъноларини ўрганиш жараёнида эришилган илмий натижалар асосида:
модернистик шеъриятга хос хусусиятлар тавсифида тилдаги фоностилистик ва графостилистик воситаларнинг ўрни, аҳамияти, маънолари, поэтик-услубий имкониятлари билан боғлиқ илмий хулосалардан Ф-1-06 рақамли “Истиқлол даври ўзбек адабиётида Шарқу Ғарб адабий анъаналари синтези” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 2 октябрдаги 89-03-3678-сон маълумотномаси). Натижада ҳарф ва товуш муносабатларини  қиёсий-типологик таҳлил қилиш тамойиллари ҳамда товушлар воситасида маъно ифодалаш кўринишларини аниқлаштиришга эришилган;  
инглиз ва ўзбек тилларида нутқ товушлари талаффузида ифодаланаётган коннотатив маънонинг товушлар парадигматик ва синтагматик муносабатида юзага келиши билан боғлиқ илмий хулосалардан Бухоро давлат университетида Европа Комиссиясининг Эрасмус+ дастури доирасида амалга оширилаётган “TALENT – Establishing Master Programmes in Human Resource Management and Talent Development in Central Asia – Марказий Осиёда инсон ресурсларини бошқариш ва бошқарув қобилиятларини ривожлантириш магистратура дастурлари” халқаро лойиҳасида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 5 ноябрдаги 89-03-4449-сон маълумотномаси). Натижада инглиз тилида ишлаб чиқилган 8 та махсус курснинг ўзбек тилига адекват ўгирилишига ва мазкур курсларнинг миқдор ва сифат жиҳатдан янада такомиллаштирилишига эришилган;   
инглиз ва ўзбек тиллари фоностилема ва графостилемаларининг қиёсий таҳлили, уларда коннотатив маънонинг умумий ва дифференциал хусусиятларига доир илмий хулосалардан тиббиёт олий ўқув юртларининг магистрантлари учун “Nutq madaniyati” номли усулий қўлланмани ёзишда; академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ва олийгоҳ талабалари учун мўлжалланган “Uzbek-English-Russian phrase-book” номли қўлланмани яратишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 2 октябрдаги 89-03-3678-сон маълумотномаси). Натижада олий таълим талабаларининг инглиз тили луғат бойлигининг ошишига, тиллараро миллий-маданий хусусиятларнинг нутқ жараёнига мувофиқ тарзда интеграллашувига хизмат қилган;
фоностилистик ва графостилистик воситаларнинг коннотатив маънолари ёритилган илмий хулосаларидан Туркия Республикаси Истамбул университетидаги туркиялик ва чет эллик талабаларга фоностилистиканинг асосий йўналишларини тушунтириш бўйича амалга оширилган ишларда фойдаланилган (Истамбул университетининг 2020 йил 25 августдаги маълумотномаси). Натижада ўзбек, инглиз тилшунослиги,  стилистикаси соҳалари йўналишида ўтказилган дарсларда фундаментал назарий, илмий ва амалий манба сифатида хизмат қилган; 
коннотатив маъно турларининг универсаллиги, инглиз ва ўзбек тилларида психолингвистик, лингвокультурологик ва фонопрагматик муносабатларни ифодалашда коннотациянинг қўлланиши юзасидан олинган илмий натижалардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Бухоро” телеканалининг “Ассалом, Бухоро”, “Махсус репортаж”, “Бухоро – шарқ гавҳари” каби туркум телекўрсатув ва радиоэшиттиришлари сценарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Бухоро вилояти телерадиокомпаниясининг 2020 йил 9 июлдаги 1/178-сон маълумотномаси). Натижада телетомошабин ҳамда радиотингловчиларда инглиз ва ўзбек тиллари нутқий мулоқотида сўз ва унинг фоновариантлари талаффузидаги таъсирчанлик, уларнинг кишилар онгига таъсири тўғрисида лисоний тасаввур шаклланишига эришилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish