Қурбонова Нодира Розиқовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Нореал ҳаёт тасвирида образ ва хронотоп (Данте Алигьери ва Абдулла Орипов ижоди мисолида)», 10.00.06 – Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: № B2018.3.PhD/Fil571.
Илмий раҳбар: Афоқова Нодира Махмудовна, филология фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Бухоро давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Бухоро давлат университети, PhD.03/30.12.2019.Fil.72.03.
Расмий оппонентлар: Файзуллаев Отабек Мухаммадович, филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD); Қуронов Дилмурод Ҳайдаралиевич, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Шарқ ва Ғарб адабиётида нореал ҳаёт тасвирланган асарларни ўзаро қиёслаш орқали икки хил диний-мифологик дунёқараш маҳсули бўлган асарларда образ ва хронотопнинг муштараклик ва ўзига хослигини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Шарқ ва Ғарб ёзма адабиётида нореал дунё, ундаги макон ва замон, ғайритабиий мавжудотлар ва воқеликлар ҳақидаги диний-мифологик қарашлар бадиий акс эттирилишининг муаллиф тафаккури, воқелик дискурси, лисоний элементларнинг конструктив функциялари, адабий таъсир каби поэтик хусусиятлари аниқланган;
нореал ҳаёт контекстида образ тасвири ва хронотоп қолиплаш муаллифнинг субъектив тафаккури, ментал инқирозни енгиш интенцияси, дунё поэзисини талқин этишидаги бадиий психологизм, шакл ва мазмун яхлитлиги тамойиллари орқали воқеланиши асосланган;
Данте Алигьери ва Абдулла Орипов ижодида дунё ва охират концепцияларининг мантиқий-аллегорик боғлиқлиги само, Худо, эзгулик, руҳ каби юқори макон тушунчалари ва ер олами, шайтон, ёвузлик, моддият каби қуйи макон элементларининг муштараклигида намоён бўлиши далилланган;
қиёсланаётган асарларда тасаввурий олам хронотопининг дуалистик характери якун топадиган ер ҳаёти ва боқийлик касб этадиган макон-замон континууми тамойилларининг дунё ҳақиқати, дунёни поэтик кашф этиш ғоявийлигида воқеланиши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Данте Алигьерининг «Илоҳий комедия» ва Абдулла Ориповнинг «Жаннатга йўл» асарларида нореал ҳаёт тасвирида образ ва хронотопни бадиий қайта гавдалантириш ва ўрганиш юзасидан олинган илмий натижалар асосида:
нореал дунё, ғайритабиий мавжудотлар ва воқеликлар ҳақидаги диний-мифологик қарашлар бадиий акс эттирилишида адабий таъсирнинг ўрни, усул ва воситалари аниқланган илмий натижалардан 2007-2011 йилларда бажарилган ОТ-Ф3-090 рақамли «Жадид адабиёти – жаҳон адабиётининг синтези сифатида» мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 19 мартдаги 89-03-4282-сон маълумотномаси). Натижада адабий таъсир, бадиий синтез билан боғлиқ муаммолар қиёсий аспектда ўрганилиб, ечимлари тавсия қилинган;
Шарқ ва Ғарб адабиётида нореал ҳаёт тасвири бадиий-эстетик ғояга бўйсундирилиши бутунжаҳон адабиёти контекстида муштараклиги тўғрисидаги ғоялардан «Бухоро» телеканалининг «Ассалом, Бухоро», «Саккизинчи мўъжиза» телекўрсатувларида унумли фойдаланилган. (ЎзМТРК Бухоро вилоят телерадиокомпаниясининг 2020 йил 3 июнь 1/134-сон маълумотномаси). Натижада томошабинлар дунёқарашида китобхонликка эътибор ва муҳаббат кучайиши, Данте Алигьери ва Абдулла Ориповнинг асарларида нореал дунёдаги образ ва хронотоп тасвири манзаралари акс эттирилиши ҳақидаги тасаввурларнинг пайдо бўлиши кузатилган;
ёзувчининг бадиий маҳорати ва адабиётда ёндош дунёлар тасвирланган асарларни ўзаро қиёслаш, бадиий-эстетик ғояни асарда акс эттиришга доир хулосалардан Туркиянинг Истанбул Тижорат университетида Erasmus+ (K-102) лойиҳаси доирасида олиб борилаётган илмий ишлардан унумли фойдаланилган (Истанбул Тижорат университетининг 2020 йил 11 мартдаги маълумотномаси). Натижада турк ва халқаро талабалар учун жаҳон адабиёти, қиёсий адабиётшунослик, адабиёт назарияси, хусусан, образ ва хронотоп тушунчалари ҳақида батафсил маълумот олиш имконияти вужудга келган, нореал ҳаёт тасвири ҳақида тушуниши учун манба бўлган;
нореал ҳаёт тасвири ва хронотоп тўғрисидаги таҳлил натижаларидан Ҳиндистон элчихонаси қошидаги Лал Бахадур Шастри номидаги маданий марказида фойдаланилган (Ҳиндистон маданият марказининг 2020 йил 2 мартдаги маълумотномаси). Натижада чет эллик тингловчиларнинг қиёсий адабиётшуносликни ўрганишга қизиқиши ортишига, қиёсий адабиётшунослик билан шуғулланадиган чет эллик олимларнинг қизиқиши туфайли илмий ҳамфикрлар топишга муваффақ бўлишди.