Sayt test rejimida ishlamoqda

Давлатова Муҳайё Ҳасановнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Инглиз ва ўзбек тилларида результатив тузилмаларнинг лингвокогнитив ва семантик хусусиятлари», 10.00.06 – Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: № В2020.3.PhD/Fil741.
Илмий раҳбар: Сафаров Шаҳриёр Сафарович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат чет тиллар институти. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Бухоро давлат университети, PhD.03/30.12.2019.Fil.72.03.
Расмий оппонентлар: Насруллаева Нафиса Зафаровна, филология фанлари доктори, доцент; Тоирова Гули Ибрагимовна, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, (PhD).
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон миллий университети.    
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади инглиз ва ўзбек тилларида результатив тузилмаларнинг шаклланишида лисоний бирликларнинг иштирокини функционал-семантик ҳамда лингвокогнитив жиҳатдан қиёсий ўрганишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
қиёсланган тиллар результатив тузилмалариаро тафовут инглиз тилида феъл ўтимлилик хусусиятининг устуворлигида, тузилма доирасида ҳаракат эгаси ёки ҳаракат йўналтирилган объектнинг иштирокида; ўзбек тилида феълнинг аналитик шакллари, сифатдош шакли, ўтимли/ўтимсиз феъллар иштироки кўламида юз бериши асосланган;
инглиз тили результатив тузилмаларининг мураккаб тўлдирувчи вазифасида келган иккинчи компоненти объект ҳолатининг ўзгаришини кўрсатувчи сифат, чегараланган хусусиятли феълнинг инфинитив шакли,  каузатив феъллардан кейин қўлланиладиган сифатдош II шаклида бўлиши аниқланган; 
ўзбек тилида результативлик маъносини ифодалашда  -ган шаклига эга бўлган сифатдош ва бўлмоқ, қолмоқ, кетмоқ кўмакчи феъллари воситасида ҳосил бўладиган аналитик бирикмалар, феълнинг луғавий мундарижасида натижага йўналтирилган синмоқ, ўлмоқ, йиқилмоқ каби феълларнинг функционал устуворлиги далилланган;
ҳар иккала тилда результатив тузилма бўлаклариаро синтактик муносабатлар асосини лексик-грамматик воситалар ташкил қилиши ҳамда матн яхлитлиги, унинг мантиқий-мазмуний изчиллигини таъминлашдаги иштироки мулоқот вазияти билан шартланганлиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Результатив тузилмаларнинг семантик, синтактик ва лингвокогнитив масалалари тадқиқи натижалари асосида:
қиёсланган тиллар результатив тузилмалариаро тафовут инглиз тилида феъл ўтимлилик хусусиятининг устуворлиги, инглиз тили мутахасислик предметларида лисоний тузилмаларни семантик воқеланишини таҳлилига доир натижалардан 2014-2015 йилларда бажарилган И-204-4-5 рақамли «Инглиз тили мутахассислик предметларидан ахборот-коммуникацион технологиялари асосида виртуал ресурслар яратиш ва ўқув жараёнига жорий этиш» номли  фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 9 ноябрдаги № 89-03-4500-сон маълумотномаси). Натижада результатив тузилмаларнинг лингвомаданий ва лингвокогнитив хусусиятларни чоғиштирма аспектда ўқитиш бўйича хулосалар чиқаришга эришилган;
ўзбек тилида результативлик маъносини ифодалашда  -ган шаклига эга бўлган сифатдош ва бўлмоқ, қолмоқ, кетмоқ кўмакчи феъллари воситасида ҳосил бўладиган аналитик бирикмалар таҳлили натижаларидан ОТ-Ф8-062 «Тил тараққиётининг деривацион қонуниятлари» номли фундаментал  лойиҳада (2007-2011йй.) фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 9 ноябрдаги № 89-03-4500-сон маълумотномаси). Натижада феъл, феъл категориялари, феъл конструкциялари, феъл бирикмаларининг ҳар хил сатҳларда турлича ёндашилиши, феълнинг луғавий  мундарижасида натижага йўналтирилган синмоқ, ўлмоқ, йиқилмоқ каби феълларнинг функционал устуворлигини ёритиш имконини берган;
инглиз тили результатив тузилмаларининг мураккаб тўлдирувчи вазифасида келган иккинчи компоненти объект ҳолатининг ўзгаришини кўрсатувчи сифат, чегараланган хусусиятли феълнинг инфинитив шакли,  каузатив феъллардан кейин қўлланиланишига доир  хулосалардан 561624-ЕРР-1-2015-UK-EPPKA2-CBHE-SP-ERASMUS + CBHEMEP: «Ўзбекистонда олий таълим тизими жараёнларини модернизациялаш ва ҳалқаролаштириш» номли инновацион лойиҳада (2016-2018 йй.) фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 9 ноябрдаги № 89-03-4500-сон маълумотномаси). Натижада инглиз тилида коммуникатив мулоқот жараёнида лисоний ва нутқий тузилмаларни таснифлаш  учун хизмат қилган;
инглиз ва ўзбек тилларида лисоний тузилмаларни қиёсий-типологик таҳлили натижаларидан Ф-1-06 «Истиқлол даври ўзбек адабиётида Шарқу Ғарб адабий анъаналари синтези» номли фундаментал лойиҳада (2012-2016) фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 9 ноябрдаги № 89-03-4500-сон маълумотномаси). Натижада тадқиқот лойиҳаси асосида лингвистик ва коммуникативлик қобилиятини ошириш, тилшунослик асослари билимини мустаҳкамлаш ҳамда таълим тизими жараёнини такомиллаштириш ва халқаролаштиришга йўналтирилган;
диссертациянинг турли тил тизимидаги лисоний тузилмаларнинг лингвокогнитив, лингвомаданий, прагматик жиҳатларини ўрганиш борасидаги хулосаларидан Бухоро вилояти телерадиокомпаниясининг «Тил – миллат кўзгуси», «Ассалом, Бухоро», «Ўзига ўхшайди ўзбек» каби кўрсатувларнинг сценарийларини тайёрлашда фойдаланилган (Бухоро вилоят телерадиокомпаниясининг 2020 йил 8 сентябрдаги № 818-сон гувоҳномаси). Натижада тил маданиятнинг асосий кўрсатгичи тушунчасини аҳоли орасида шакллантиришга, ўзбек тили ва маданиятини халқаро миқёсда тарғиб қилишнинг лисоний асосларини яратишга хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish