Қурбонов Шухрат Бекметовичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертациясиҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Ўзбекистон қишлоқ туманлари ривожланишининг иқтисодий географик хусусиятлари», 11.00.02–Иқтисодий ва ижтимоий география (география фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.PhD/G1.
Илмий раҳбар: [Солиев Абдусами Солиевич], география фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.27.06.2017.G.01.06.
Расмий оппонентлар: Қаюмов Абдухаким Абдухамидович, география фанлари доктори, профессор; Азимов Шуҳрат Акромович, география фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Нукус давлат педагогика институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистон Республикаси қишлоқ туманлари ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг ҳудудий хусусиятларини очиб бериш ҳамда мавжуд муаммоларнинг ечими бўйича таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
қишлоқ туманларини йирик масштабли иқтисодий-географик тадқиқ қилишнинг илмий-услубий асослари такомиллаштирилган;
қишлоқ туманларининг иқтисодий-географик салоҳиятини баҳолаш ва ундан фойдаланиш даражасини аниқлаш методикаси таклиф қилинган индикатор ва индекслар мажмуи асосида такомиллаштирилган;
республика қишлоқ туманларида турли табиий географик шароитларда вужудга келган қишлоқ аҳоли манзилгоҳларининг жойлашув шакллари аниқланган;
Ўзбекистон қишлоқ туманларининг иқтисодий фаоллигини аниқлаш мезонлари ва уни ҳисоблаш усули асосланган;
қишлоқ туманлари ва уларнинг маъмурий марказларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича илмий-амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Қишлоқ туманлари ривожланишининг иқтисодий-географик хусусиятлари бўйича берилган таклиф ва тавсиялар асосида:
қишлоқ туманларини йирик масштабли иқтисодий-географик тадқиқ қилишнинг такомиллаштирилган илмий-услубий асослари Давлат таълим стандарти мазмунига сингдирилган (O‘zStandart Давлат агентлигида 2014 йил 10 октябрда O‘zDSt 36.1559:2014 №5181 қайд рақами билан рўйхатга олинган). Мазкур таклифнинг амалга оширилиши бакалавриат таълим йўналишида (5140600–География) «Социал география», «Географик тадқиқот усуллари» фанларининг назарий ва амалий аҳамиятини оширишга, хусусан, қишлоқ жойлар географиясини тадқиқ қилишда янги ёндашув асосида мамлакатимиз таълим муассасаларида бакалаврларнинг билим ва кўникмаларини оширишга хизмат қилган;
қишлоқ туманларининг иқтисодий-географик салоҳиятини баҳолаш ва ундан фойдаланиш даражасини аниқлаш методикаси Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан амалиётга жорий қилинган (Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг 2017 йил 24 январдаги 01/72-сон маълумотномаси). Мазкур илмий ишланмадан фойдаланиш республика қишлоқ туманларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш рейтингини ишлаб чиқиш ҳамда Мўйноқ, Қўнғирот, Шуманай, Чимбой, Қораўзак, Қонликўл ва Тахтакўпир туманларида мавжуд иқтисодий-географик салоҳиятдан фойдаланиш даражаси нисбатан паст эканлигини аниқлашга имкон берган;
республика қишлоқ туманларида турли табиий географик шароитларда вужудга келган қишлоқ аҳоли манзилгоҳларининг жойлашув шаклларини ажратиш ва асослаш борасидаги таклифлар Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси амалиётига татбиқ этилган (Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитасининг 2016 йил 17 октябрдаги 02-03-5273-сон маълумотномаси). Мазкур таклифнинг амалга оширилиши «Ўзбекистон аҳоли харитаси» ва илк бор тузилган «Ўзбекистон қишлоқ туманларининг қишлоқ аҳоли жойлашуви бўйича типлари харитаси»ни ишлаб чиқишда асос бўлиб хизмат қилган;
қишлоқ туманларининг иқтисодий фаоллигини аниқлаш мезонлари ва уни ҳисоблаш усули «Миллий иқтисодиётни модернизациялаш шароитида минтақа бозор инфратузилмасини ривожланиши» мавзусидаги фундаментал лойиҳасида фойдаланилган (Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитасининг 2016 йил 8 ноябрдаги ФТК-03-13/777-сон маълумотномаси). Илмий натижалардан фойдаланиш мамлакатимизда қишлоқ туманларининг иқтисодий фаоллиги бўйича рейтинг ўринларини аниқлаш ва улар асосида қишлоқ жойларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирларини таклиф қилиш имконини берган;
қишлоқ туманлари ва улар марказларининг долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммолари ва уларнинг ечими бўйича ишлаб чиқилган илмий-амалий таклиф ва тавсиялардан Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги томонидан фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг 2017 йил 24 январдаги 01/72-сон маълумотномаси). Илмий натижаларнинг жорий қилиниши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «2011–2013 йилларда Қорақалпоғистон Республикасининг Шуманай туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги 48 (444)-сон қарорини бажарилишига хизмат қилган.