Ўроқов Сирожиддин Худайбердиевичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган тармоғи номи): «Зарафшон водийси шароитида маржумак ҳосилдорлигига маъданли ўғитлар таъсирининг физиологик асослари», 03.00.07 – Ўсимликлар физиологияси ва биокимёси (биология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.2.DSc/B79.
Илмий маслаҳатчи: Хўжаев Жўрақул Хўжаевич, биология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти, DSc.02/30.12.2019.B.53.01.
Расмий оппонентлар: Давранов Қодиржон Сотволдиевич, биология фанлари доктори, профессор; Холлиев Аскар Эргашович, биология фанлари доктори, профессор; Хамдамов Искандар, биология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Гулистон давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: такрорий экин сифатида етиштирилган маржумак навларининг ўсиши, ривожланиши, физиологияси ҳамда уруғларининг физиологик хусусиятлари ва биокимёвий таркибини аниқлашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк бор Зарафшон водийси шароитида маржумак навларининг фотосинтетик кўрсаткичлари (барг сатҳи, қуруқ модда ва фотосинтез соф маҳсулдорлиги) маъданли ўғит меъёрлари таъсирида ўзгариши аниқланган;
маржумак барглари таркибидаги “а” ва “б” хлорофилл пигментлари, каротиноидларнинг ривожланиш фазалари бўйича ўзгариш динамикаси озиқа элементлари билан таъминланганлигига боғлиқлиги исботланган;
Зарафшон водийси шароитида маъданли ўғит меъёрлари таъсирида маржумак навлари баргларидаги сув миқдори, транспирация жадаллиги ва сув танқислиги нав хусусиятларига боғлиқ равишда ўзгариши исботланган;
илк бор такрорий экин сифатида етиштирилган маржумак навларининг ўсиши, ривожланиши ва маҳсулдорлик кўрсаткичлари маъданли ўғитларга боғлиқлиги физиологик жиҳатдан асосланган;
илк бор Зарафшон водийсининг суғориладиган ерларида такрорий экин сифатида етиштирилган маржумак навлари донларининг биокимёвий таркиби аниқланган;
маржумак уруғларининг физиологик хусусиятлари (уруғларнинг тиним даври, ҳаётчанлиги, униш қуввати ва унувчанлиги) аниқланган ҳамда етиштирилган ҳосилдан уруғлик чиқимини ошириш имконияти физиологик жиҳатдан асосланган;
Зарафшон водийси шароитида маржумак навларининг биологик, физиологик хусусиятлари асосида ҳосилдорликни ошириш, дон сифатини яхшилаш юзасидан амалий тавсиялар ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Зарафшон водийси шароитида маржумакни такрорий экин сифатида етиштириш ва ўғитлар таъсирининг физиологик асослари бўйича олинган илмий натижалар асосида:
маржумак навлари уруғларининг физиологик хусусиятлари (тиним даври, сақлаш муддатлари, экиш чуқурлиги, униш қуввати ва унувчанлиги, униб чиқиш учун зарур бўлган оптимал ҳарорат) аниқланиб, 5,0–7,0 см чуқурликда экиш технологияси Самарқанд вилояти, Иштихон тумани «Зарбанд Агро стар», «Шахриддин нурли замин» фермер хўжаликларида, жами 7,8 гектар майдонда жорий қилинган (Қишлoқ хўжaлиги вaзирлигининг 2019 йил 25 ноябрдаги 02/021-3855-сон маълумотномаси). Натижада, 2 йилда ўртача 19,3–19,8 ц/га дон ҳосили олиниб, фермер хўжаликлари рентабеллиги 22,1–24,7% ортишига хизмат қилган;
маржумак уруғларига Раксил препарати билан (2 кг/т) кимёвий ишлов бериш технологияси Самарқанд вилоятининг Пайариқ ва Каттақўрғон туманларида, жами 8,5 гектар майдонга жорий этилган (Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 2019 йил 28 ноябрдаги 04-02/8-1227-сон маълумотномаси). Натижада, майдонларда майсаларни тўлиқ ундириб олиш ва 18,8–19,3 ц/га ҳосил олишни таъминлаш ҳамда тармоқ рентабеллиги 14,1–18,6% ошиши билан бирга атроф-муҳитни ифлослантирмаслик, экологик ҳолатга салбий таъсир кўрсатмаслик имконини берган;
маржумак навларининг сув алмашинув хусусиятлари (барглардаги сув миқдори, транспирация жадаллиги, сув танқислиги)ни аниқлаш орқали навларни етиштиришда мақбул суғориш режими бўйича технологиялар Самарқанд вилояти, Пайариқ ва Оқдарё туманларида, жами 6,9 гектар майдонга жорий этилган (Қишлoқ хўжaлиги вaзирлигининг 2019 йил 25 ноябрдаги 02/021-3855-сон маълумотномаси). Натижада, бу технология сув ресурсларини 13,3–15,2% тежаш имконини берган;
маржумак навларини етиштириш технологияси Самарқанд вилояти Пайариқ, Каттақўрғон, Жомбой ва Оқдарё туманларида, жами 24,9 гектар майдонга жорий этилган (“Ўздонмаҳсулот” аксиядорлик компаниясининг 2019 йил 5 декабрдаги 7-4-158-2546-сон маълумотномаси). Натижада, ун чиқимини баҳолаш мақсадида корхонага топширилган 500 кг маржумак донидан 390 кг маржумак уни ва 110 кг қўшимча маҳсулот олиш имконини берган.