Sayt test rejimida ishlamoqda

Туйчиева Ойдин Сайфуллаевнанинг фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
 
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “XV-XX аср адабиётида аёлларга бағишланган тазкиралар: анъанавийлик ва новаторлик (ўзбек ва форс тилларидаги материаллар асосида)”, 10.00.06 – Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик (филология фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.1.PhD/Fil1169.
Илмий раҳбар: [Сотиболдиева Сарвиноз Рузиевна], филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.19.01 (бир марталик).
Расмий оппонентлар: Ҳамроев Жумақул, филология фанлари доктори, профессор; Қуронбеков Аҳмадқул,  филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: XV-XX аср адабиётида аёлларга бағишлаб ёзилган тазкираларнинг  адабиёт тарихида тутган ўрни, тазкиралардаги анъанавийлик ва новаторликни ёритиб бериш асосида форсийда ижод қилиб, исмлари тарих зарварақларида қолиб кетган мовароуннаҳрлик аёллар номларини илк бор илмий муомалага киритишдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
XIX асрда 12 та ва ХХ асрда яратилган 7 та тазкира илк марта адабиётшунослик нуқтаи назаридан таҳлил қилиниб, Руқиябону, Сито ун-нисо, Иффатий, Давлат, Офоқ Бегим Жалойир, Подшоҳ Хотун, Меҳрий, Маҳастий, Кавкаб, Исмат Бегим, Орзу Самарқандий каби аёлларнинг ижоди илмий муомалага олиб кирилган;
24 та тазкирани қиёсий ўрганиш асосида 200 га яқин аёллар билан боғлиқ маълумотлар 14 та диаграмма ва 11 та жадвал асосида кўрсатилиб, баъзи шоираларнинг исмлари юзасидан йўл қўйилган камчиликлар  аниқланган; 
Шарқ адабиётида аёлларга бағишланган туркий ва форсий тилдаги тазкираларнинг “Жавоҳир ул-ажойиб”, “Ахтаре тобон”, “Оташкаде” каби шаклланиш босқичлари ва ривожланиш босқичларининг даврий ўзгаришлари мисоллар асосида очиб берилган; 
аёлларга бағишланган туркий ва форсий тилдаги тазкираларда мумтоз анъанага индивидуал ижодий тафаккур мезонларидан келиб чиқиб ёндашиш бадиий мазмун учун асос вазифасини ўтаганлиги илмий исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
XV-XX аср адабиётида аёлларга бағишланган тазкиралар: анъанавийлик ва новаторлик масалалари тадқиқи бўйича олинган илмий натижалар асосида:  
XV-XX асрлар шарқ адабиётида аёлларга бағишланган туркий ва форсий тилдаги тазкираларда номлари зикр этилган ижодкорлар адабий мероси, XV-XX асрлар Ҳирот адабий муҳити таниқли намояндалари Алишер Навоий, Фахрий Ҳиравий, Ҳусайн Байқаро ва бошқа ўнлаб шоирларга оид аниқланган биографик  маълумотлардан А-1-117 рақамли “Тошкент давлат шарқшунослик институти ҳузуридаги Абу Райҳон Беруний номли  Шарқ қўлёзмалари маркази (асосий) фондидаги филологияга оид қўлёзмаларни тавсифлаш” мазусидаги (2015-2017) амалий лойиҳанинг ижодкорлар биографиясини тиклаш ва бойитиш қисмида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг  2020 йил 14 августдаги  3/1255-1649-сон маълумотномаси). Натижада, тазкиралар орқали XV-XX асрлар Ҳирот адабий муҳитига ойдинлик киритилгани, номлари маълум бўлмаган  ўнлаб шоирлар биографиясига оид маълумотлар аниқланишига асос бўлган;
адабий таъсир, бадиият илми ва аёлларга бағишланган тазкираларда қўлланган мумтоз образлар, Шарқдаги адиба аёллар адабий меросининг қиммати, тазкиралардаги адабиёт тарихида номлари ва шеърлари номаълум бўлиб келган ижодкорлар асарлари таҳлили, тазкираларда ифодаланган адибаларнинг ижтимоий-маданий ҳаётда тутган ўрнини белгилашга оид  илмий-назарий хулосалардан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамда Республика Тожик миллий маданий маркази томонидан ўтказилган «Тил миллат кўзгусидир» мавзусидаги анжуман дастури ва маъруза  материалларини тайёрлашда фойдаланилган (Республика тожик миллий маданий марказининг 2019 йил 9 октябрдаги 01-72-сон маълумотномаси). Натижада, Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан илмий, маънавий, маданий истиқболга эришишларига фойдали илмий материал бўлиб хизмат қилган;
XV-XX аср адабиётида аёлларга бағишланган тазкиралар, жумладан, XIX асрда 12 та ва ХХ асрда яратилган 7 та тазкира илк марта адабиётшунослик нуқтаи назаридан таҳлил қилиниб, Руқиябону, Сито ун-нисо, Иффатий, Давлат, Офоқ Бегим Жалойир, Подшоҳ Хотун, Меҳрий, Маҳастий, Кавкаб, Исмат Бегим, Орзу Самарқандий каби аёлларнинг ижоди ҳақидаги илмий маълумотлардан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси  “Ёшлар” телерадиоканалида эфирга узатиладиган “Оқшомга қадар” дастури “Ёшлар меҳмонхонаси” саҳифаси сценарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ёшлар” телерадиоканалининг 2019 йил 12 ноябрдаги 14-03-393-сон маълумотномаси). Натижада радиоэшиттиришлар илмий-назарий маълумотлар билан бойитилиб, уларнинг илмий-маърифий савияси ошган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish