Sayt test rejimida ishlamoqda

Саманов Шермухаммад Абдурасуловичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Ғўзанинг геномлараро интрогрессив усуллари билан олинган тизмаларининг қимматли хўжалик белгиларини баҳолаш асосида нав олиш”, 06.01.05- селекция ва уруғчилик (қишлоқ хўжалиги фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.4.PhD/Qx663.
Илмий раҳбар: Аманов Бахтияр Хушбакович, биология фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти, PhD.05/27.02.2020.Qx.42.02.
Расмий оппонентлар: Рашидова Дилбар Каримовна, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, катта илмий ходим; Мирахмедов Мирвахоб Садикович, қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Тошкент давлат аграр университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ғўзанинг геномлараро интрогрессив усуллари билан олинган тизмаларнинг қимматли хўжалик ва сифат белгиларини шаклланиши, коррелятив боғлиқлиги ҳамда кластер таҳлили асосида генетик жиҳатдан бойитилган янги нав яратишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
илк маротаба, интрогрессив Т-24, Т-РСМ, Т-138, Т-141 тизмаларда қимматли хўжалик ва толани сифат белгиларини кластер таҳлили натижасида 3 та гуруҳга ажралиши аниқланган;
геномлараро Т-24, Т-РСМ, Т-138, Т-141 тизмаларнинг кўсакларнинг очилиш суръати андоза навга нисбатан 2-13 кунга эртапишар эканлиги, жумладан, Т-РСМ тизмасида ўсув даври 109 кунни ташкил этиши аниқланган;
кўп геномли тизмалар яьни Т-РСМ (6,7 г), Т-24 (7,1 г) бир дона кўсакдаги пахта вазни юқори кўрсаткичларга эга бўлиши аниқланган;
Т-138 тизмаси чигитларининг унувчанлиги Fusarium oxysporum f.sp.vasinfectum патоген замбуруғ штаммларига 70,0% кучли чидамли, Т-РСМ ва Т-138 тизмалари Verticillium dahliaе замбуруғига нисбатан толерантлиги 80,0-100,0% эканлиги исботланган;
Т-РСМ тизмаси Fusarium oxysporum f.sp.vasinfectumга кучсиз зарарланганлиги, Т-РСМ, Т-141 тизмалари Fusarium solani билан умуман зарарланмаганлиги, Т-24 ва Т-РСМ тизмалари Verticillium dahliae замбуруғига ўсимлик барглари 100% зарарланмаганлиги аниқланган; 
интрогрессив тизмаларни қиёсий баҳолаш асосида ҳосилдор, эртапишар, толаси узун, тола чиқими ва сифати юқори бўлган тизмалар таҳлил қилинган ҳамда мужассамлашган услублар асосида янги ўрта толали «Нисо» ғўза нави яратилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Ғўзанинг геномлараро интрогрессив тизмаларининг қимматли хўжалик белгиларини баҳолаш асосида нав олиш бўйича олиб борилган тадқиқотлар асосида:
ғўза навларининг генотипларини бойитишда турли геномли турлардан фойдаланиш бўйича олинган илмий натижалар 2016-QNXZ-B-20 рақамли «Ғўзанинг геномлараро интрогрессив усуллари билан олинган тизмаларининг қимматли хўжалик белгиларини баҳолаш асосида нав олиш» мавзусидаги лойиҳасида интрогрессив дурагай шаклларининг абиотик стресс омилларига чидамлилигини баҳолашда фойдаланилган (Хитой Халқ Республикаси Фанлар академиясининг 2020 йил 10-ноябрдаги маълумотномаси). Натижада кўп геномли турлар асосида олинган тизмаларнинг морфологик ва қимматли хўжалик белгиларининг ирсийланиши ва ташқи муҳитнинг ноқулай шароитларида ўзгарувчанлик характерини аниқлаш имконини берган;
ғўзанинг кўп геномли турлари асосида олинган тизмалар ФА-А-КХ-2018-30 «Ғўзанинг янги тезпишар, ҳосилдор, касалликларга бардошли, турли иқлим шароитларига мослашган, ўзида қимматли хўжалик белгиларини мужассам этган навларни яратиш» мавзусидаги амалий лойиҳада ғўзанинг геномлараро тизмаларининг қимматли хўжалик ва биологик хусусиятларига ҳамда селекциявий имкониятига баҳо беришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2020 йил 12 ноябрдаги №4/1255-2472-сонли маълумотномаси). Бунинг натижасида ҳосилдор, ташқи муҳитнинг ноқулай омилларига ва касалликларига чидамли бўлган ноёб намуналар ажратиб олиш орқали генетик имкониятларидан самарали фойдаланиш имконини берган;
янги “Нисо” нави Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш марказининг Термиз нав синаш участкасида, Мингбулоқ нав синаш участкасида, Хатирчи нав синаш участкасида ва Жиззах нав синаш участкасида ҳосилдорлиги юқори бўлганлиги аниқланган (Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг 2020 йил 16 декабрдаги №02/020-4410-сонли маълумотномаси). Натижада андоза навлардан 1,5-2,5 ц/га қўшимча ҳосил олиш имконини берган;
ғўзанинг геномлараро интрогрессив тизмалари Республикада етакчи бўлган «Ғўза генофонди» ноёб объектига киритилган (Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг 2020 йил 12 ноябрдаги №4/1255-2473-сонли маълумотномаси). Ушбу интрогрессив тизмалар ғўза коллекцияси фондини бойитиш, ғўзанинг ёввойи турларини баҳолаш, стресс омилларга мослаша оладиган ва генетик жиҳатдан бойитилган намуналар бўйича электрон базаси ахборот-таҳлил тизимини шакллантириш имконини берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish