Sayt test rejimida ishlamoqda

Тоғаев Жасур Эркиновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон 

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Бронза ва илк темир даври тарихий реконструкцияси масалалари (Жанубий Ўзбекистон мисолида)”, 07.00.01. – Ўзбекистон тарихи (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.2.PhD/Tar244.
Илмий раҳбар: Сагдуллаев Анатолий Сагдуллаевич, тарих фанлари доктори, профессор, академик.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон миллий университети, DSc.03/30.12.2019.Tar.01.04.
Расмий оппонентлар: Сулейманов Рустам Хамидович, тарих фанлари доктори, профессор; Нормуродов Дилмурод Рахматуллаевич, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD).
Етакчи ташкилот номи: Самарқанд давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Жанубий Ўзбекистон мисолида бронза ва илк темир даври тарихий реконструкциясини очиб беришдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
Қадимги Шарқ илғор маданий анъаналарининг миграциялар таъсирида Жанубий Ўзбекистонда кенг ёйилганлиги ҳамда унинг Жарқўтон маданияти, меъморчилиги, ибодатхона ва сарой хўжаликларида акс этганлиги асосланган;
Сурхон воҳаси қадимги ёдгорликлари географияси, аҳолининг ҳудудий жойлашиш чегаралари, миграциялар ва иқтисодий алоқалар таҳлили асосида Буюк ипак йўлидан анча аввал бронза даврида минтақалараро транзит алоқа йўллари шаклланганлиги янги тузилган хариталар орқали исботланган;
бронза ва илк темир даври меъморчилигида пахса, хом ғиштдан фойдаланиш каби маҳаллий анъаналар, меъморий иншоотларнинг тузилиши сингари ташқи маданий таъсир уйғунлигида ривожланганлиги ҳамда мазкур меъморий-бинокорлик тарҳи антик даври ва ўрта асрларда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаганлиги аниқланган;
Жанубий Ўзбекистондаги бронза ва илк темир даври Сополлитепа, Жарқўтон, Қизилча 6 каби меъморий обидаларининг моделлари қайта тикланиши, мазкур жараёнда уч ўлчовли моделлаштириш технологиясининг қўлланилиши пировардида тарихий маданий меросни сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш ҳамда виртуал музейларни ташкил этишга кенг имкон яратиши исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Жанубий Ўзбекистон мисолида бронза ва илк темир даври тарихий реконструкциясига оид илмий хулоса ва таклифлардан:
бронза ва илк темир даврида тарихий жараёнларнинг ўзгариши, ижтимоий-иқтисодий муносабатлар, маданиятлар ривожланиши даражаси ва этник тарихга таъсири масалалари ва уларнинг илк ёзма манбаларда акс этилиши ҳолатлари, бошқарув асослари ва жамият тузилишига ҳамда маданий вилоятлар тарихий географиясига оид маълумотларнинг ёзма манбаларда ифодаланиши республика олий ўқув юртларининг тарих ва архившунослик бакалавр йўналиши талабалари учун тайёрланган “Manbashunoslik” дарслиги мазмунида ўз аксини топган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 27 мартдаги 274-015 рақамли гувоҳномаси). Натижада, мазкур маълумотлар талабаларнинг қадимги давр тарихи бўйича илмий кўникма ва билимларини оширишга имкон яратган;
тарихий реконструкцияга доир илмий қарашлар ва назарий ҳолатлар, Жанубий Ўзбекистон бронза ва илк темир даври реконструкциясидаги натижалар ва инновация усулларининг қўлланиш даражаси, бу соҳада етарлича ҳал қилинмаган масалалар, Жанубий Ўзбекистон бронза ва илк темир даври меъморий обидаларининг 3DsMax дастурида қайта тикланган моделлари, 3D моделлаштириш технологияси ёрдамида табиий ва антропоген ландшафтнинг ўзаро муносабатлари жиҳатларини аниқлаш, шунингдек, виртуал музейларни яратиш долзарблиги ва зарурати каби жиҳатлардан “O‘zbekiston tarixi” телеканалида эфирга узатилган “Taqdimot” кўрсатуви сценарийсини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси “Ўзбекистон” телерадиоканали давлат унитар корхонасининг 2020 йил 20 ноябрдаги 02-40-1151-сон маълумотномаси). Натижада, кўрсатувда ўз аксини топган илмий материаллар телетомошабинларнинг қадимги Ўзбекистон тарихига доир билимларини оширишга хизмат қилган;
илк давлатчилик тарихини қайта тиклаш масалалари, давлатчилик ривожланишида бошқарув асослари, минтақада давлатчилик шаклланишининг ўзига хос хусусиятлари ҳақидаги олинган илмий натижалар республика олий ўқув юртларининг тарих факультетлари талабалари учун “O‘zbekiston tarixi” дарслигининг биринчи китоби мазмунида акс этган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2018 йил 14 июндаги 531-280 рақамли гувоҳномаси). Натижада, ушбу маълумотлар Ўзбекистонда илк давлатчиликнинг шаклланиши хусусида янгича қарашларни шакллантиришга хизмат қилади.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish