Урунбаев Жасур Эркиновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертация ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Икки компонентли муҳитлардаги кросс-диффузия жараёнларини сонли моделлаштириш», 05.01.07 – Математик моделлаштириш. Сонли усуллар ва дастурлар мажмуи (физика-математика фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.4.PhD/FM452.
Илмий раҳбар: Рахмонов Зафар Равшанович, физика-математика фанлари доктори.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Самарқанд давлат университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Ўзбекистон миллий университети, DSc.03/30.12.2019.FM.01.02.
Расмий оппонентлар: Нормуродов Чори Бегалиевич, физика-математика фанлари доктори, профессор; Маматов Алишер Зулунович, техника фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Қорақалпоқ давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: ночизиқли чегаравий шартлар билан берилган кросс-диффузия масаласини аналитик ва сонли ечиш усуллари, сонли ечиш алгоритмлари ва дастурий таъминотини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
кросс-диффузиянинг ночизиқли математик модели учун глобал ечимнинг мавжудлик шарти топилган;
ночизиқли чегаравий шартлар билан берилган кросс-диффузия модели учун Фуджита типидаги критик экспонента қиймати топилган;
кросс-диффузия системаси учун қўйилган чегаравий масала учун автомодел ечимлар асимптотикасининг бош ҳадлари топилган;
ночизиқли чегарвий шартлар билан берилган кросс-диффузия масалаларини сонли ечиш алгоритмлари ва айирмали схемалари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
Ночизиқли кросс-диффузия масалаларини сонли ва аналитик ечиш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
ночизиқли чегаравий шартлар билан берилган кросс-диффузия масалаларини сонли ечиш алгоритмлари ва глобал ечимнинг мавжудлик шартларидан №R.J130000.7854.5F235 “Аргументлари бўлакли ўзгармас бўлган иккинчи тартибли кечикувчи дифференциал тенгламалар учун янги даврий ечимлар” грант лойиҳасида қисман-ўзгармас аргументли ҳусусий ҳосилали дифференциал тенгламаларни сонли ечишда фойдаланилган (Малайзия технология университетининг 2020 йил 19 январдаги UTM-J-5401/12-16/1/5JlD-2(84)-сон маълумотномаси). Натижада, қисман-ўзгармас аргументли иккинчи тартибли ҳусусий ҳосилали дифференциал тенгламаларнинг ечимлари мавжудлик ва ягоналик шартларини аниқлаш имконини берган;
кросс-диффузия системаларини сонли ечиш алгоритмлари ва дастуридан «Зарафшон» магистрал тизимлари Бошқармасида сув омборлари ва каналларида фильтрланиш натижасидаги сув сарфининг ўсишини башорат қилишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2019 йил 26 ноябрдаги 33-8/8343-сон маълумотномаси). Натижада, муҳит параметрларининг турли қийматларида фильтрланиш тезлигини аниқлаш имконини берган.