Sayt test rejimida ishlamoqda

Мусаев Одил Рахматовичнинг

фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

 

I. Умумий маълумотлар.

Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистонда миллатлараро муносабатларни ривожлантиришнинг ижтимоий-фалсафий хусусиятлари», 09.00.04–Ижтимоий фалсафа (фалсафа фанлари).

Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.DSc/Fa.12.

Илмий маслаҳатчи:Тўйчиев Бердиқул Тўрақулович, фалсафа фанлари доктори, профессор.

Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Миллий университети.

ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон Миллий университети, DSc.27.06.2017.F.01.05.

Расмий оппонентлар: Саифназаров Исмоил Саифназарович, фалсафа фанлари доктори, профессор; Ҳакимов Назар Ҳакимович, фалсафа фанлари доктори, профессор; Ҳайдаров Хуррам Фармонович, фалсафа фанлари доктори, профессор

Етакчи ташкилот:Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.

Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.

II. Тадқиқотнинг мақсади: Ўзбекистонда миллатлараро муносабатларни ривожлантиришнинг ижтимоий-фалсафий хусусиятларини очиб бериш ҳамда полиэтниклик шароитида миллатлараро тотувликни таъминлаш, полиэтник жамиятларда ижтимоий-сиёсий барқарорликни мустаҳкамлаш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.

III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:

полиэтниклик шароитида миллий сиёсат концепциясини яратиш ижтимоий зарурат эканлиги илмий асосланган ва унинг асосий тамойиллари (мультикультурализм, толерантлик, плюрализм, тенг ҳуқуқлилик) такомиллаштирилган;

давлат ва фуқаролик жамияти институтлари, ўзини ўзи бошқариш органларининг этномуносабатларни ривожлантириш механизмлари (эмпирик, стратегик, тизимлилик) ишлаб чиқилган;

этномаданий плюрализм ва этносиёсий парадигма миллатлараро муносабатларни ривожлантиришнинг ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий негизи эканлиги илмий асосланган; 

миллий мафкурадаги тенг ҳуқуқлилик, толерантлик, этноплюрализм, мультикультурализм ғояларининг миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаши илмий асосланган;

миллий маданий марказларнинг этномуносабатларни консолидациялаштирувчи конструктив институтлар сифатидаги ижтимоий мақомини (қўмита ёки вазирлик даражасида) ошириш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилган.

IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:

Миллатлараро муносабатларни ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган ижтимоий-фалсафий таклифлар асосида:

миллий сиёсат концепциясини яратишга доир назарий таклифлардан Республика байналмилал маданият марказида ишлаб чиқилган Ўзбекистон Республикасининг миллий сиёсат концепциясининг I. «Ўзбекистонда миллатлараро муносабатларнинг бугунги ҳолати»; II. «Давлат миллий сиёсатининг асосий тамойиллари»; III. «Давлат миллий сиёсатининг мақсад ва вазифалари» бўлимларини тайёрлашда фойдаланилган (Республика байналмилал маданият марказининг 2016 йил 26 декабрдаги 281-сон маълумотномаси). Ушбу назарий таклифлар Ўзбекистон Республикаси миллий сиёсат концепциясининг халқаро демократик стандартларга мос равишда ишлаб чиқилишига хизмат қилган;

этномуносабатларни ривожлантиришнинг механизмларига доир амалий тавсиялардан Республика «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг 2016 йилга мўлжалланган иш режасининг 31. «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти учун зарур бўлган услубий тавсиялар тайёрлаш»; 33. «Фуқаролар йиғинларининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиларининг ишини самарали ташкил этишнинг тартиб-таомиллари»; 41. «Маҳаллаларда ҳуқуқбузарлик, миллатчилик, диний экстремизм, ақидапарастлик мафкураси, миссионерлик каби салбий иллатларнинг олдини олиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш» бандларини тайёрлашда фойдаланилган (Республика «Маҳалла» хайрия жамоат фондининг 2015 йил 30 ноябрдаги 02-02/591-сон маълумотномаси). Натижаларнинг амалиётга жорий этилиши кўп миллатли маҳаллалардаги тадбирларни эмпирик, стратегик, тизимлилик асосида ташкил этиш имконини берган;  

этносиёсий парадигма миллатлараро муносабатларни ривожлантиришнинг ижтимоий, сиёсий, ҳуқуқий негизи эканлиги борасидаги назарий таклифлардан Республика Маънавият тарғибот маркази 2016 йил иш режасининг 4.31. «Мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакиллари иштирокида жойларда «Қудратимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда», «Ўзбекистон – умумий уйимиз», «Биз бир замин ва бир замон фарзандларимиз» мавзуларида республика илмий-амалий анжуманлари, давра суҳбатлари ва дўстлик учрашувларини ташкил этиш» бандини тайёрлашда фойдаланилган (Республика Маънавият тарғибот марказининг 2016 йил 16 декабрдаги 01/04-808-сон маълумотномаси). Мазкур назарий таклифларнинг амалиётга жорий этилиши жамиятда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик, этномаданий плюрализмни ривожлантиришга хизмат қилган;

миллий мафкурадаги тенг ҳуқуқлилик, толерантлик, этноплюрализм, мультикультурализмнинг миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлашига оид таклифлардан Республика Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий марказининг 2016 йил учун ишлаб чиқилган иш дастурининг 5. «Миллий ғоянинг инновацион технологиялари ва ёшларни байналмилал руҳда тарбиялашнинг замонавий усуллари»; 53. «Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда ижтимоий сиёсий барқарорлик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш борасида эришган ютуқларни тарғиб қилиш механизмларини ишлаб чиқиш» бандларини тайёрлашда фойдаланилган (Республика Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий марказининг 2016 йил 15 октябрдаги 245-сон маълумотномаси). Бу турли миллат ёшлари онгига байналмилаллик, толерантлик, этноплюрализм, мультикультурализм ғояларини сингдириш имконини берган;

миллий маданий марказларни миллатларни консолидациялаштирувчи конструктив институтларга айлантириш юзасидан билдирилган таклифлардан Республика байналмилал маданият маркази 2016 йил иш режасининг «Ўзбекистон – ягона Ватан», «Ягона замин – ягона тақдир», «Қудратимиз – бирлик ва ҳамжиҳатликда», «Ўзбекистон – кўп миллатли аҳил оила», «Биз сенинг фарзандларингмиз, Ўзбекистон!», «Ўзбекистон мустақиллиги – миллатлараро муносабатлар ривожида янги давр», «16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни» бандларини ишлаб чиқишда кенг фойдаланилган (Республика байналмилал маданият марказининг 2016 йил 26 декабрдаги 282-сон маълумотномаси). Тадқиқот натижаларининг амалиётга жорий этилиши республикамизда этномуносабатларни консолидациялаштирувчи конструктив институтларнинг шаклланишига ҳамда ижтимоий-сиёсий барқарорликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилган.

Yangiliklarga obuna bo‘lish