Sayt test rejimida ishlamoqda

Аликулов Азамат Туйгуновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар. 
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистонда фонд бозори орқали капитал оқимини ошириш», 08.00.07 – Молия, пул муомаласи ва кредит (иқтисодиёт фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2019.2.PhD/Iqt943. 
Илмий раҳбар: Элмирзаев Самариддин Эшкуватович, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент молия институти, DSc.03/30.12.2019.I.17.01.
Расмий оппонентлар: Карлибаева Рая Ходжабаевна, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор; Носиров Эгамқул Исмоилович, иқтисодиёт фанлари номзоди.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади фонд бозори орқали капитал оқимини ошириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
корпоратив тузилмаларни акция ва облигациялар турларига мос муқобил вариантлар асосида молиялаштириш ва танлаб олинган вариантнинг энг мақбул эканлиги бўйича назоратни ташкил этиш таклиф этилган;
давлат иштирокидаги корпоратив тузилмаларга фонд бозорида капитални баҳолаш бўйича инвестицион маслаҳат хизматини жорий қилиш орқали банк кредитларига нисбатан арзон молиявий ресурс жалб қилиш имконияти асосланган;
нефтъ-газ тармоғида қимматли қоғозларни оммавий жойлаштиришга тайёрлашда инвесторлар томонидан энг кўп талаб билдирилган нарх диапазони орқали ўрта вазнли қийматини белгилаш таклиф этилган;
нефтъ-газ тармоғида қимматли қоғозларни оммавий жойлаштиришга тайёрлаш жараёнида чакана инвесторларнинг молиявий имкониятларини ҳисобга олган ҳолда таклиф этилган акцияларнинг 25 фоизидан кам бўлмаган қисмини чакана инвесторларга тақсимлашни олдиндан белгилаб қўйиш таклиф этилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: 
Ўзбекистонда фонд бозори орқали капитал жалб қилишни ошириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
корпоратив тузилмаларни акция ва облигациялар турларига мос муқобил вариантлар асосида молиялаштириш ва танлаб олинган вариантнинг энг мақбул эканлиги бўйича назоратни ташкил этиш таклифи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 майдаги, 404-сон қарори 1-иловаcи билан тасдиқланган «Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги тўғрисида»ги Низомга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан оператив бошқарувидаги давлат иштирокидаги корхоналарга капитални жалб этиш амалиётида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг 2020 йил 6 октябрдаги 4840/03-10-сон маълумотномаси.). Натижада, жалб қилинган молиявий ресурсларнинг даромадлилик даражасини ошириш ҳамда давлатга тегишли  корпоратив тузилмаларнинг истиқболда молиявий ресурслар жалб қилиш бўйича қарорлар қабул қилишида банк кредитларига муқобил вариант сифатида фонд бозоридан фойдаланиш имкониятлари оширилган;
давлат иштирокидаги корпоратив тузилмаларга фонд бозорида капитални баҳолаш бўйича инвестицион маслаҳат хизматини жорий қилиш орқали банк кредитларига нисбатан арзон молиявий ресурс жалб қилиш бўйича таклифи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 27 октябрдаги «Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6096-сон фармонини ишлаб чиқишда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг 2020 йил 6 октябрдаги 4840/03-10-сон маълумотномаси). Натижада, молия бозори орқали капитал жалб қилишда фонд бозори ва банк тизими орқали рақобат муҳитини яхшилаш, корпоратив тузилмаларга арзон молиявий ресурсларни излаб топиш, стратегик ривожланиш бўйича режалар ишлаб чиқиш ҳамда капитал бозорини таҳлил қилиш ва баҳолаш тизими такомиллаштирилган;
нефтъ-газ тармоғида қимматли қоғозларни оммавий жойлаштиришга тайёрлашда инвесторлар томонидан энг кўп талаб билдирилган нарх диапазони орқали ўрта вазнли қийматини белгилаш бўйича таклифи Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармасининг 2020 йил 11 ноябрдаги ХБ-370/11-сонли буйруғига асосан «Нефт ва газ қудуқларини синаш» АЖ ва «Қашқадарёнефтгазишчитаъминот» АЖлари акцияларини оммавий жойлаштириш стратегиясига киритилган («Нефт ва газ қудуқларини синаш» АЖнинг 2020 йил 21 октябрдаги 1416/13-сон, «Қашқадарёнефтгазишчитаъминот» АЖнинг 2020 йил 21 октябрдаги 104-сон маълумотномаси). Натижада, энг кўп овоз жамлаган нарх умумий инвесторлар таркибида энг юқори талаб даражасини аниқлаб бериб IPO/SPOларни амалга ошириш учун нархларни белгилашнинг одилона тизими шакллантирилган;
нефтъ-газ тармоғида қимматли қоғозларни оммавий жойлаштиришга тайёрлаш жараёнида чакана инвесторларнинг молиявий имкониятларини ҳисобга олган ҳолда таклиф этилган акцияларнинг 25 фоизидан кам бўлмаган қисмини чакана инвесторларга тақсимлашни олдиндан белгилаб қўйиш таклифи Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармасининг 2020 йил 11 ноябрдаги ХБ-370/11-сонли буйруғига асосан «Нефт ва газ қудуқларини синаш» АЖ ва «Қашқадарёнефтгазишчитаъминот» АЖлари томонидан IPO стратегиясини шакллантиришда фойдаланилган («Нефт ва газ қудуқларини синаш» АЖнинг 2020 йил 21 октябрдаги 1416/13-сон, «Қашқадарёнефтгазишчитаъминот» АЖнинг 2020 йил 21 октябрдаги 104-сон маълумотномаси). Натижада, қимматли қоғозларни оммавий жойлаштиришда инвесторлар ўртасида қимматли қоғозларни тақсимлаш жараёни оптималлаштирилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish