Sayt test rejimida ishlamoqda

Хаялиев Рустем Якубовичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Трахея олд девори нуқсонлари мавжуд беморларни хирургик даволаш ва реабилитацияга мультидисциплинар ёндашув», 14.00.27 – Хирургия (тиббиёт фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.2.DSc/Tib440.
Илмий маслаҳатчи: Худайбергенов Шухрат Нурматович, тиббиёт фанлари доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази Dsc.04/30.12.2019.Tib.49.01.
Расмий оппонентлар: Кротов Николай Федорович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Хакимов Мурад Шавкатович, тиббиёт фанлари доктори, профессор; Абдуллаева Нигора Нусратовна, тиббиёт фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Краснодар ўлкаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги “Профессор. С.В. Очаповский номидаги 1-сон ўлка клиник шифохонаси - илмий тадқиқот институти” ДССБМ (Россия Федерацияси).
Диссертация йўналиши: амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: комплекс хирургик даволаш ва реабилитацияга мультидисциплинар ёндашувдан фойдаланган ҳолда трахеянинг олд деворида хамда бўйиннинг юмшоқ тўқималарида турғун нуқсонлари мавжуд беморларни даволаш натижаларини яхшилашдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
трахея стенози ва рестенозида ларинготрахеопластикадан сўнг трахеянинг олд деворида ва бўйин юмшоқ тўқималарида кенг кўламли нуқсонлар пайдо бўлишининг клиник ва патогенетик хавф омиллари аниқланган;
трахеянинг олдинги девори нуқсонларида унинг гистоструктураси ва кўрсаткичларига, трахеянинг қолдиқ торайиш даражасига, хамрох касаллик хамда неврологик дефицитнинг оғирлик даражасига боғлиқ холда патологик жараён оғирлик даражасини баҳолашнинг анатомик ва морфологик мезонлари аниқланган;
трахея олдинги девори нуқсонларининг тури ва тузилишини аниқлашга, шунингдек, уларнинг патологик кўринишлари яққоллигини баҳолашга асосланган холда реконструктив амалиёт усули ва мақбул муддатини танлашнинг асосий тактик (маҳаллий ва тизимли намоён бўлиши) ва техник (пластика вариантлари) жиҳатларига аниқлик киритилган;
трахея девори нуқсонларида гистоструктура холатининг морфологик хусусиятлари хамда трахеомаляция оғирлик даражаси ва дағал толали бириктирувчи тўқима ўсишининг репаратив жараёнлар фаоллиги ва кўп қаторли эпителийнинг тикланиш муддатларига таъсирининг патогенетик жиҳатлари очиб берилган;
чоклар етишмовчилиги, рестеноз ва лахтакнинг трахея ички юзасига тушиш хавфини камайтиришга қаратилган трахея олд девори ва бўйин юмшоқ тўқималари нуқсонларини тўрт қаватли тери-мушак пластикасининг модификацияланган усули ишлаб чиқилган;
олдиндан тайёрлаб қўйилган дельтопекторал лахтакдан фойдаланиш йўли билан яққол ифодаланган чандиқли перифокал трансформацияли трахеянинг бўйин қисми ва бўйин юмшоқ тўқималарининг кенг кўламли нуқсонларини пластика қилиш усули ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Трахеянинг очиқ нуқсони мавжуд беморларга кўрсатиладиган юқори технологик ёрдам сифатини яхшилаш бўйича бажарилган илмий тадқиқотлар натижалари асосида:
“Ларинготрахеостомиядан сўнг трахея олд девори ва бўйин юмшоқ тўқималаридаги нуқсонни пластик ёпиш усули” ишлаб чиқилган (Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги, 2020 йил 24 июлдаги №IAP 06258-сонли ихтиро учун патент). Таклиф этилган усул атроф чандиқ тўқимасидан фойдаланмасдан трахея нуқсони соҳасининг шиллиқ қаватини тиклашга ва яра четларини тортмаган, ички юзани торайтирмаган ва деформацияламаган холда нуқсонни иккинчи лахтак билан ёпишга, шунингдек, хирургик амалиётдан кейинги асоратлар ва такрорий аралашувлар частотасини қисқартиришга имкон берган;
“Трахея олд девори ва бўйин юмшоқ тўқималари нуқсонини кўчирилган дельто-пекторал лахтак билан пластика қилиш усули” ишлаб чиқилган (Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги, 2021 йил 19 февралдаги №IAP 06430-сонли ихтиро учун патент). Таклиф этилган олдиндан тайёрлаб қўйилган дельто-пекторал лахтакни шакллантириш усули трахея ва бўйин юмшоқ тўқималарининг яққол чандиқли трансформацияланган кенг кўламли нуқсонларини бартараф этишга имкон берган;
“Трахея олд девори очиқ нуқсонларини реконструктив пластик хирургиясида дифференциал ёндашув” номли услубий тавсиянома тасдиқланган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 10 мартдаги 8н-з/49-сон маълумотномаси). Таклиф этилган тавсиялар трахеясида очиқ нуқсони бўлган беморларни хирургик даволашга ва кейинчалик реабилитация қилишга мультидисциплинар ёндашувни мақбуллаштиришга асосланган бўлиб, ушбу оғир тоифадаги беморларнинг ҳаёт сифатини тиклашга имкон берган;
трахеянинг очиқ нуқсони мавжуд беморларга кўрсатиладиган ёрдам сифатини ошириш бўйича олинган илмий натижалар амалий соғлиқни сақлаш фаолиятига, хусусан, академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг Тошкент вилояти ва Хоразм филиалларининг хирургия ва эндоскопия бўлимларига жорий қилинган (Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2021 йил 10 мартдаги 8н-з/49-сон маълумотномаси). Трахеянинг кенг кўламли нуқсонлари бўлган беморларни хирургик даволашда таклиф этилган тактик ва техник ёндашувларни қўллаш босқичли реконструктив амалиётлар улушини кўпайиши билан хирургик аралашувлар структурасини ўзгартириш, асоратлар частотасини 28,8% дан 13,0% гача, такрорий аралашувлар сонини 25,5% дан 6,5% гача камайтиришга, умуман олганда, аъло ва яхши натижалар улушини ошириш, ногиронликни камайтириш ва беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга имкон берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish