Sayt test rejimida ishlamoqda

Эгамкулова Нодирахон Бахтияр қизининг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “XX аср бошлари адабий жараёни муаммолари” (1906–1917 йиллар ўзбек вақтли матбуоти мисолида)”, 10.00.02. – Ўзбек адабиёти (филология фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.4.PhD/Fil966.
Илмий раҳбар: Абдирашидов Зайнабидин Шарабидинович, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.19.01.
Расмий оппонентлар: Эркинов Афтандил Содирхонович, филология фанлари доктори; Ҳалимова Сайёра Абдураҳимовна,  филология фанлари номзоди, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон миллий университети. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади: ХХ аср бошлари ўзбек вақтли матбуот адабий материалларини аниқлаш, улар орқали давр адабий жараёнига баҳо бериш, ижтимоий фикр тараққиёти тадрижини очиб беришдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ХХ аср бошлари мустақил ўзбек вақтли матбуотида адабий жараён масаласи (шаклланиши, ривожи ҳамда “ғарблашуви”)  давр ижтимоий-сиёсий муҳити ҳамда мавжуд адабий алоқалар кесимида илк маротаба монографик тарзда очиб берилган;
1906-1917 йиллар ўзбек матбуоти саҳифаларидаги бадиий асарлар поэтикасидаги ўзига хослик (адабиётнинг ижтимоийлашуви, бадиий асарнинг тил хусусиятлари, ғоявий жиҳатлари) “Ойина” журнали, “Садойи Туркистон”, “Садойи Фарғона” ва бошқа вақтли матбуотдаги бирламчи манбалар асосида далилланган; 
ХХ аср боши ўзбек вақтли матбуот нашрлари (“Ойина” журнали, “Садойи Туркистон”, “Садойи Фарғона” газеталари) адабиётшунослик нуқтаи назаридан тизимли тадқиқ қилинган, адабиётда янги тур ва жанрларнинг таснифи амалга оширилган ҳамда матбуот орқали кечган адабий алоқаларнинг адабий жараён ривожидаги ўрни очиб берилган;
жадид адабиётнинг мавзу-мундарижасида юз берган ўзгаришлар ҳамда янгиланган поэтик образлар талқини бадиий асарлар таҳлили орқали далилланган;
вақтли матбуот тилининг бадиий асар поэтикасига таъсири масаласи адабий материалнинг алоҳида нашри ва унинг газетада эълон қилинган вариантларининг қиёсий тадқиқи асосида исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
ХХ аср бошлари адабий жараёни муаммолари тадқиқи бўйича олинган илмий натижалар асосида:   
ўтган аср бошлари ижтимоий фикр ҳамда бадиий тафаккур муносабатининг матбуот саҳифаларида акс эттириш усулларини текшириш; ижтимоий муҳит таъсирида адабиётнинг “ғарблашуви” масаласи, адабиётда янги тур ва жанрларнинг пайдо бўлиши сабабларини аниқлаш; матбуот саҳифаларидаги бадиий асарлар поэтикасидаги ўзига хослик масалаларини ўрганиш; адабиётнинг ижтимоийлашуви, бадиий асарнинг тил хусусиятлари, ғоявий жиҳатларини таҳлил қилиш; адабиётнинг мавзу-мундарижасида юз берган ўзгаришлар ҳамда янгиланган поэтик образлар тизимини талқин қилишга оид хулосалардан OT-F1-030 рақамли “Ўзбек адабиёти тарихи” кўп жилдлик монографияни (7 жилд) чоп этиш” (2017-2020) мавзусидаги фундаментал лойиҳанинг назарий қисмида фойдаланилган (Олий ва  ўрта махсус таълим вазирлигининг ¬¬2020 йил 20 ноябрдаги 89-03-4855-сон маълумотномаси). Натижада, ўзбек адабиёти тарихининг ХХ аср боши адабий жараёни, адабиётда янги тур ва жанрларнинг пайдо бўлишига доир илмий қарашларнинг бойишига асос бўлган; 
ХХ аср бошларидаги адабий жараён, бадиий асарнинг жанр хусусиятлари ва поэтик белгиларининг ўрнини белгилаш; ХХ аср боши ўзбек адабиётида рўй берган поэтик образлар тизимидаги янгиланишларни давр кесими нуқтаи назаридан текшириш; жадидларнинг адабий танқид, адабиётда янги тур ва жанрларнинг пайдо бўлиши масалаларига муносабатини аниқлаш; матбуот – адабиёт – давр алоқадорлиги масалаларини талқин ва таҳлил методологияси нуқтаи назаридан асослаш борасидаги илмий-назарий хулосалардан ОТ – Ф1-80  рақамли “Глобаллашув муаммоларининг бадиий талқини ва замондош образи” (2017-2020) мавзусидаги фундаментал лойиҳасининг назарий қисмида фойдаланилган (Фанлар академиясининг ¬¬2020 йил 7 декабрдаги 3/1255-2748-сон маълумотномаси). Натижада, ХХ аср боши янги ўзбек адабиётидаги янгиланган поэтик образлар, бадиий қаҳрамон масаласига доир илмий қарашларнинг бойишига асос бўлган;  
жадид адабиёти бадиияти, давр адабий муҳити ижодкорларининг ўзбек адабиёти тарихида тутган ўрни, вақтли матбуот ва адабий жараён муносабатига оид назарий ва амалий хулосалардан Сурхондарё телерадиокомпанияси “Янги аср” радиосининг “Адабиёт гулшани” эшиттиришида фойдаланилган (Сурхондарё телерадиокомпаниясининг 2019 йил 9 октябрдаги 01-01/336-сон маълумотномаси). Натижада, дастур учун тайёрланган материалларнинг мазмуни назарий ва амалий маълумотлар билан бойитилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish