Sayt test rejimida ishlamoqda

Палымбетов Камалбай Сарсенбаевич
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Қорақалпоқ халқ достони “Қўблон”нинг генезиси, типологияси ва поэтикаси”, 10.00.08 – Фольклоршунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2018.3.DSc/Fil137
Диссертация бажарилган муассаса номи: Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази
Илмий маслаҳатчи: Алламбергенов Кеңесбай, филология фанлари доктори, профессор.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёт ва фольклори институти, Dsc.02/30.12.2019.Fil.46.02.
Расмий оппонентлар: Баҳадирова Саригул, филология фанлари доктори, профессор; Эшонқулов Жоппар Солиевич, филология фанлари доктори, профессор; Жуманазаров Умрзоқ, филология фанлари доктори, профессор
Етакчи ташкилот: Урганч давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: Қорақалпоқ халқ достони «Қўблон»нинг генезиси, типологияси ва поэтик хусусиятларини тадқиқ қилиш асосида Марказий Осиё туркий халқлари эпик анъанасида қаҳрамонлик эпосининг вужудга келиши ва илк эпик сюжетларнинг шаклланишига асос бўлган манбаларни аниқлашдан иборатдир.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
қорақалпоқ халқ достони «Қўблон»нинг миллий версияларини қиёсий таҳлил қилиш асосида Марказий Осиё туркий халқлари қаҳрамонлик эпосининг пайдо бўлиши уруғ-қабилачилик даври фольклоридаги архаик сюжетлар ва мифопоэтик тасаввурларнинг бадиий эволюцияси билан боғлиқ эканлиги исботланган;
достон сюжетининг туркий ва мўғул-бурят халқлари фольклоридаги ўзига хос миллий версиялари тарихий-генетик жиҳатдан муштарак манба асосида юзага келганлиги далилланган;
«Қўблон» достони туркий версияларини ўрта аср эпоси контекстида қиёсий-тадқиқ этиш натижасида «Китоби дадам Қўрқут» ҳамда «Ўғузнома» каби ёдгорликлар анъанавий эпик сюжет ривожига таъсир кўрсатганлиги асослаб берилган;
достон сюжетида патриархал-уруғчилик даврларига хос маиший турмуш тарзининг акс этиши ва кўчманчилик маданиятига мансуб қадриятларнинг поэтик трансформациясига асосланган ҳолда қаҳрамонлик эпосининг қадимий намуналари қипчоқ тип туркий этнослар эпик анъанасида шаклланганлиги исботланган;
жировларнинг бадиҳагўйлик иқтидори ва индивидуал ижрочилик маҳорати туфайли анъанавий эпик сюжет тараққий этиб, бадиий жиҳатдан ўзига хос миллий версиялар пайдо бўлганлиги аниқланган;
қаҳрамоннинг эпик биографияси ‒ ботирнинг туғилиши, сафари  ва уйланиши мотивларининг тасвирида қадимги архаик мотивлар, мифологик қараш ва эътиқодлар, экзогамик никоҳ анъанасининг ифодаси сақланиб қолганлиги кўрсатилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Қорақалпоқ қаҳрамонлик достони «Қўблон»нинг генезиси, типологияси ва поэтикасини тадқиқ этиш орқали олинган натижалар асосида:
тадқиқотнинг «Қўблон» достонининг жанр хусусиятлари, миллий версия ва вариантларининг ўзига хослигини тадқиқ этишга оид материаллари ҳамда назарий умумлашмаларидан Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтида бажарилган Ф1-ФА-0-43429, ФА-Ф1, Г002 рақамли «Қорақалпоқ фольклори ва адабиёти жанрларининг назарий масалаларини тадқиқ қилиш» (2012-2016)  фундаментал тадқиқотида фойдаланилган (Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2020 йил 10 декабрдаги 17.01/142 -сонли маълумотномаси). Натижада мазкур илмий лойиҳаларнинг қорақалпоқ халқ достонлари сюжетининг тарихий-генетик асослари, туркий халқлар эпик анъанасидаги типологик муштаракликлари ва поэтик ўзига хослигини ўрганишга бағишланган фасллари тайёрланган;
диссертациянинг қорақалпоқ халқ достони «Қўблон»нинг сюжетининг туркий халқлар ёзма ёдгорликлари билан алоқадорлиги, туркий халқлар эпоси контекстида тутган ўрни, генезиси ва шаклланиш тарихи, типологияси, поэтикаси, бадиияти, ижрочилар бадиий маҳоратига оид илмий-назарий хулосалари қорақалпоқ тилида таълим берадиган ўрта мактабларнинг тадқиқотчининг муаллифлиги ва ҳаммуаллифлигида ёзилган 6-синф (Нукус шаҳри, «Билим» нашриёти, 2017), 8-синф (Нукус шаҳри, «Билим» нашриёти, 2019) ва 10-синф (Нукус шаҳри, «Билим» нашриёти, 2017) «Адабиёт» дарсликларида фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 2020 йил 11 ноябрдаги ЖҚ-78-сонли маълумотномаси). Натижада қаҳрамонлик эпосининг вужудга келиши ва тадрижий ривожига оид илмий концепцияларнинг жорийланиши орқали дарсликларнинг назарий савияси яхшиланишига эришилган;
«Қўблон» достонининг бадиий хусусиятлари, жанрий ўзига хослиги ва жировларнинг бадиҳагўйлик маҳоратига боғлиқ масалалар таҳлили асосида чиқарилган илмий хулосалар Қорақалпоғистон Республикаси Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкиллаштирилган ёш ижодкорлар семинарларида маъруза сифатида жорийланган (Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмасининг 2020 йил 29 октябрдаги 78-сонли маълумотномаси). Натижада ёш ижодкорларга қорақалпоқ халқ достонлари ва достончилик анъаналарининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида умумий тушунчалар берилган;
тадқиқотнинг халқ достонлари композицияси, сюжети ва мотивлар таркиби, ғоявий-бадиий хусусиятлари билан боғлиқ назарий хулосаларидан Қорақалпоғистон телерадиокомпаниясининг «Гавҳар сўзлар», «Адабиёт ва давр», «Халқ хазинасидан», «Меърос», «Халқ дурдонасидан» номли телекўрсатувларни тайёрлашда фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Телерадиокомпаниясининг 2020 йил 11 ноябрдаги 01-02/230-сонли маълумотномаси). Натижада ушбу телекўрсатув ва радио  эшиттиришларнинг илмий-оммабоплиги таъминланган ҳамда миллий қадриятларимизнинг маънавий-маданий тараққиётда тутган ўрнини ёшлар орасида кенг тарғиб қилишга эришилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish