Sayt test rejimida ishlamoqda

Мақсетова Фарида Азатовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Саётхон-Ҳамро» достони қорақалпоқ  версияси типологияси”, 10.00.08 – Фольклоршунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2021.1.PhD/Fil909
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти.
Илмий раҳбар: Хошниязов Жалгасбай, филология фанлари доктори
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёт ва фольклори институти, Dsc.02/30.12.2019.Fil.46.02. 
Расмий оппонентлар: Ярматов Исамидин Тургунович, филология фанлари доктори, профессор; Алламбергенов Хамза Камалович, Филология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Етакчи ташкилот: Урганч давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: “Саётхон-Ҳамро” достони қорақалпоқ версиясининг ўзига хос табиати, анъанавий сюжетнинг генезиси ва бадиий эволюциясини аниқлаш, мазкур достоннинг туркий халқлар эпик ижодиётидаги турли версия ва вариантлари билан қиёсий типологиясини ойдинлаштириш ҳамда қорақалпоқ достончилигига хос миллий анъаналарнинг достон бадииятидаги ўрнини кўрсатиб беришдан иборатдир.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
қорақалпоқ ишқий-романик эпоси «Саётхон-Ҳамро» достони сюжетининг тарихий асослари мазкур эпос туркий версиялари билан муштарак негизга эга бўлса-да, достоннинг композицион тузилишини ташкил этувчи анъанавий мотивлар талқинида Оролбўйи эпик ареалининг этномаданий ўзига хослиги акс этиши аниқланган;
эпос поэтик структурасининг асосини ташкил этувчи ғайриоддий туғилиш мотивининг генезиси қорақалпоқ халқи аждодларининг анимистик мифологияси ва тотемистик эътиқодларига бориб тақалиши исботланган;
«Саётхон-Ҳамро» достони қорақалпоқ версиясидаги образлар тизими ва етакчи мотивлар таркибининг бадиий талқинида миллий эпик анъана билан боғлиқ поэтик трансформация ўз ифодасини топганлиги далилланган;
достоннинг бадиий тилида оғзаки эпик анъана билан “халқ китоблари” услубининг синтезлашиш жараёнига хос хусусиятлар кузатилиши аниқланган ҳамда эпос таркибидаги шеърий парчаларда қорақалпоқ халқ лирикаси ва эпик шеър тузилишининг таъсири мавжудлиги ойдинлаштирилган;
қорақалпоқ фольклоридаги «Саётхон-Ҳамро» достони мазкур эпоснинг ўзига хос миллий версияси сифатида шаклланганлиги ҳамда минтақа халқлари эпик ижодиётининг бевосита таъсирида эволюцион ўзгаришга учраб, мустақил эпик асар даражасига кўтарилганлиги далилланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
«Саётхон-Ҳамро» достони қорақалпоқ версиясининг миллий ўзига хослиги, тарихий-генетик асослари ва поэтикасини тадқиқ этиш бўйича олинган натижалар асосида:
«Саётхон-Ҳамро» достонининг ёзиб олиниши, нашр этилиши ва ўрганилиши тарихи, қорақалпоқ версияси сюжетининг шаклланиши, туркий версиялар билан қиёсий-типологияси ва бадиий ўзига хослигига доир фактик материаллари ҳамда илмий-назарий умумлашмаларидан ЎзР ФА Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ  гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институтининг ФА-Ф-1-005 рақамли «Қорақалпоқ фольклоршунослиги ва адабиётшунослик тарихини тадқиқ қилиш» (2017-2020) мавзусидаги фундаментал лойиҳасида фойдаланилган (Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг 2020 йил 17 декабрдаги 17.01/154-сонли маълумотномаси). Натижада ишқий-романик достонларнинг қорақалпоқ фольклоршунослигида ўрганилиши тарихига доир илмий-назарий қарашлар янги маълумотлар билан бойитилган ва такомиллаштирилган.  
«Саётхон-Ҳамро» достонининг қорақалпоқ бахшилари репертуаридаги вариантлари, ижрочиларнинг бадиий маҳорати, эпик сюжетнинг талқин қилиш иқтидори ва достонларнинг ижро усуллари ҳақидаги илмий қарашлари ва хулосаларидан Қорақалпоғистон Республикаси Бердақ миллий музейида халқ оғзаки бадиий ижодига оид махсус кўргазма стендларини тайёрлашда фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлигининг 2020 йил 4 декабрдаги 2-03/1523-сонли маълумотномаси). Достоннинг таниқли ижрочилари Минаж Матсапаев ва Жуман бахши вариантлари ҳақидаги фотоматериалларга изоҳлар тарзида ёзилган илмий шарҳларни тарғиб этиш натижасида музейга ташриф буюрувчиларнинг халқ эпоси ҳақидаги билимини оширишга эришилган;
«Саётхон-Ҳамро» достонининг ўзига хос хусусиятлари, бахшилар эпик репертуарида тутган ўрни ва унинг қорақалпоқ халқи бадиий тафаккури тараққиётидаги аҳамиятига доир илмий-назарий хулосаларидан Қорақалпоғистон Республикаси телерадиокомпаниясининг «Мерос», «Улли тулғалар», «Эркин фикр» ва бошқа дастурларини тайёрлашда фойдаланилган (Қорақалпоғистон Республикаси Телерадиокомпаниясининг 2020 йил 10 декабрдаги 01-02 265-сонли маълумотномаси). Натижада халқ достонларида ўз ифодасини топган эзгу ғояларнинг ёш авлодни баркамол қилиб тарбиялашдаги аҳамияти ва таълим-тарбия жараёнида фольклор материалларидан фойдаланишнинг янги методлари ҳақида кенг томошабинлар аудиториясига маълумотлар берилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish