Джаббаров Саидбурхон Тулагановичнинг
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон
I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Ўзбекистон Республикасининг мавжуд темир йўлларида тезюрар йўловчи поездлар ҳаракатини ташкил этиш методологияси», 05.09.02–Асослар, пойдеворлар ва ер ости иншоотлари. Кўприклар ва транспорт тоннеллари. Йўллар, метрополитенлар ихтисослиги (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2019.1.DSc/T129.
Илмий маслаҳатчи: Мирахмедов Махамаджан Мирахмедович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Тошкент темир йўл муҳандислари институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатацияси институти, Тошкент шаҳридаги Турин политехника университети, DSc.27.06.2017.Т.09.01.
Расмий оппонентлар: Хожметов Гайбназар Хадиевич, техника фанлари доктори, профессор; Садиков Ибрагим Салихович, техника фанлари доктори, профессор; Исмагулова Саракуль, техника фанлари доктори, профессор (Қозоғистон Республикаси).
Етакчи ташкилот: “Ўзоғирсаноатлойиҳа” акциядорлик жамияти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: йўловчи ва юк поездларининг аралаш ҳаракатли мавжуд темир йўл бўлакларида тезюрар ва юқори тезликдаги йўловчи поездлар ҳаракатини ташкил этиш методологиясини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ҳаракат тезлиги чегараланган жойларда поездларнинг тезланиш ва секинлашиш йўли узунлигини инобатга олган ҳолда гуруҳлаш усули ишлаб чиқилган;
моддий ресурсларни чегараланганлигини инобатга олиб, мавжуд темир йўл инфратузилмасини таъмирлаш (модернизация) ишларини бажаришни босқичма-босқичлигини (ёки рационал кетма-кетлигини) белгилаш усули тезлик чегараланган участкаларни бирлаштириш орқали такомиллаштирилган;
ҳаракатланаётган юқори тезликдаги поездни осесимметрик жисм сифатида моделлаштирилган ҳамда ҳаво оқимининг поезд атрофида тақсимланиш характери ва тезлиги манбалар усули орқали аниқланган;
мавжуд темир йўл инфратузилмаси доимий иншоот ва қурилмаларининг ҳолати, қурилиш-технологик параметрларини ҳисобга олган ҳолда юқори тезликдаги поезднинг рухсат этилган максимал тезлигини белгилаш усули ишлаб чиқилган;
юқори тезликдаги поездларнинг хавфсиз ҳаракатини миллий стандарт талабларига мос ҳолда ҳаракатланаётган поезд яқинидаги инсонларни минимал хавфсиз туриш масофасини аниқлаш алгоритми ишлаб чиқилган;
мавжуд бир изли темир йўлларда йўловчи поездлар тезлиги ва юк ташиш ёки поездлар ўтказиш имкониятини комплекс ошириш усули ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Мавжуд темир йўлларда йўловчи поездларнинг тезюрар ҳаракатини ташкил этиш методологиясини ишлаб чиқишда олинган натижалар асосида:
мавжуд темир йўл инфратузилмаси доимий иншоот ва қурилмаларининг ҳолати, қурилиш-технологик параметрларини инобатга олиб юқори тезликдаги поезднинг рухсат этилган максимал тезлигини белгилаш усули «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ тасарруфидаги участкаларда, жумладан Тошкент-Самарқанд, Самарқанд-Қарши, Самарқанд-Навоий-Бухоро, Қарши-Китоб темир йўл бўлакларида капитал таъмирлашни лойиҳалаш жараёнига жорий этилган (“Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг 2018 йил 27 июндаги НЗ-1/3898-18-сон маълумотномаси). Натижада юқори тезликдаги “Афросиёб” поездларининг мунтазам равон ҳаракатини таъминлаш, йўловчиларнинг ҳаракатланиш вақтини, оддий тоифадаги йўловчи поезддаги ҳаракатига нисбатан 1-2,5 соатгача қисқартириш имкони яратилган;
юқори тезликдаги “Афросиёб” йўловчи электропоездлари ҳаракатини ташкил этиш учун ҳаракат тезлиги чегараланган жойларда поездларнинг тезланиш ва секинлашиш йўли узунлигини гуруҳлаш усули “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тасарруфидаги корхоналарда, жумладан “Капитал қурилиш дирекцияси” ва “Тоштемирйўллойиҳа” АЖ томонидан йўл инфратузилмаси объектларини таъмирлаш ишлари ҳажмини аниқлашда жорий этилган (“Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг 2018 йил 27 июндаги НЗ-1/3898-18-сон маълумотномаси). Натижада Тошкент-Самарқанд, Самарқанд-Навоий-Бухоро, Қарши-Китоб темир йўл бўлаклари тархини қайта лойиҳалашда эгриликларнинг оптимал радиусларини белгилаш имконини берган;
моддий ресурсларни чегараланганлигини инобатга олиб, мавжуд темир йўл инфратузилмасини таъмирлаш (модернизация) ишларини бажаришнинг босқичма-босқичлигини (ёки рационал кетма-кетлигини) белгилашни такомиллаштирилган усули “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тасарруфидаги корхонада, жумладан “Капитал қурилиш дирекцияси” томонидан Тошкент-Самарқанд темир йўл бўлинмасининг инфратузилма объектларини таъмирлаш ишларини бажариш кетма-кетлигини белгилашда жорий этилган (“Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг 2018 йил 27 июндаги НЗ-1/3898-18-сон маълумотномаси). Натижада Тошкент-Самарқанд темир йўл бўлагида моддий ресурсларни чегараланганлигини инобатга олиб, тезюрар йўловчи поездлар тезлигини уч босқичда оширишга эришилган;
мавжуд бир изли темир йўлларда йўловчи поездлар тезлиги ва юк ташиш ёки поездлар ўтказиш имкониятини комплекс ошириш усули “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тасарруфидаги корхонада, жумладан “Капитал қурилиш дирекцияси” томонидан Тошкент-Самарқанд темир йўл бўлаги инфратузилмаси объектларини модернизация қилишда жорий қилинган (“Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг 2018 йил 27 июндаги НЗ-1/3898-18-сон маълумотномаси). Натижада турли тоифадаги поездларнинг интенсив ҳаракати мавжуд бўлган Тошкент-Самарқанд тезюрар темир йўл бўлагида юк ташиш имкониятини сақлаб қолишга эришилган.