Sayt test rejimida ishlamoqda

Отақулов Нодиржон Бахромалиевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): «Француз, ўзбек ва рус тилларида мезуратив фразеологизмларнинг лисоний хусусиятлари», 10.00.06 – Қиёсий адабиётшунослик, чоғиштирма тилшунослик ва таржимашунослик (филология фанлари). 
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2020.4.PhD/Fil436.
Илмий раҳбар: Маматов Абди Эшонқулович, филология фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон миллий университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон миллий университети, DSc.03/30.12.2019.Fil.01.10.
Расмий оппонентлар: Кулмаматов Дустмамат Сатторович, филология фанлари доктори, профессор; Носиров Абдурахим Абдимуталипович, филология фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади француз, ўзбек ва рус тилларидаги мезуратив фразеологизмларнинг этимологияси, семантик ва структур таркиби, лисоний-маданий ҳамда дифференциал хусусиятларини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
француз, ўзбек ва рус тилларидаги мезуратив фразеологизмлар лексик ва грамматик ўзгаришлар натижасида лексик-грамматик ҳамда эллиптик вариантларни ҳосил қилиши синонимия, антонимия, вариантлилик ҳодисалари асосида аниқланган;
чоғиштирилаётган тиллардаги мезуратив фразеологик бирликлар орасида бирдан ўнгача оралиқдаги рақамлар фразеологизмлар таркибида рамзий маъносига кўра бир хил қарашга эга бўлган универсал тизимни ҳосил қилиши асосланган;
француз, ўзбек ва рус тилларидаги мезуратив фразеологизмларнинг фарқли томонлари ушбу халқларнинг урф-одатларини ифодаловчи эквивалентсиз сўздан ташкил топганлиги, ўхшашлиги эса семантик образлиликнинг яқинлиги натижасида юзага келиши орқали очиб берилган;
турли тизимли тилларда инсонни характерловчи мезуратив фразеологик бирликларнинг ижтимоий-маданий тематик таснифи инсоннинг ташқи кўриниши, хулқ-атворидаги ақллилик, меҳнатсеварлик, жасурлик, камтарлик, тўғрилик каби ижобий ва билимсизлик, баднафслик, иккиюзламачилик, очкўзлик, хасислик каби салбий жиҳатлари асосида ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши: 
Диссертацияда ишлаб чиқилган назарий ва амалий хулоса, тавсия ва ишланмалар асосида:
француз, ўзбек ва рус тилларидаги мезуратив фразеологик бирликларнинг синонимия ва антонимия ҳодисалари асосидаги структур типологик хусусиятлари таҳлилига доир илмий-назарий хулосалардан ЁА-1-06 рақамли «Профессионал таржимонларни тайёрлашда сифат назоратини ташкиллаштиришга компетент ёндашув» мавзуидаги амалий лойиҳа йўналишининг «Маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришда таржиманинг роли» қисмида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 9 декабрдаги 89–03–5146-сон маълумотномаси). Натижада, мезуратив фразеологик бирликларнинг лисоний хусусиятлари турли тизимли тилларда интралингвистик ва экстралингвистик омилларга боғлиқлигини асослашга эришилган;
чоғиштирилаётган тиллардаги урф-одатлар билан боғлиқ бирдан ўнгача оралиқдаги рамзий маънога эга мезуратив фразеологизмларнинг лингвомаданий хусусиятлари тўғрисидаги илмий хулосалардан «Project 598340-EPP-1-2018-1-ES-EPPKA2-CBHE-JP University Cooperation Framework for Knowledge Transfer in Central Asia and China (UNICAC)» мавзуидаги халқаро фундаментал лойиҳанинг «Магистратура талабалари учун онлайн дарсларни ташкил этиш» қисмида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 9 декабрдаги 89–03–5146-сон маълумотномаси). Натижада, турли тизимли тилларда мезуратив фразеологизмлар рамзий маъносининг фарқли ва ўхшаш жиҳатларини аниқлаш ва фарқлашга эришилган;
қиёсланаётган тиллардаги мезуратив фразеологизмларнинг дифференциал хусусиятларига оид илмий материалларидан «Ўзбекистон тарихи» телеканалида намойиш этилган «Тақдимот» ва «Мавзу» номли саҳифаси сценарийсини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг «Ўзбекистон телерадиоканали» давлат унитар корхонасининг 2020 йил 24 ноябрдаги 01-13-1167-сон маълумотномаси). Натижада, француз, ўзбек ва рус тилларидаги мезуратив фразеологизмларнинг миллий-маданий хусусиятларига оид назарий маълумотлар оммалаштирилган;
турли тизимли тилларда мезуратив фразеологизмларнинг ҳажм ва сиғим, масофа ва макон, миқдор ва ўлчов бирликлари бўйича аниқлаштирилган тематик гуруҳларни ўз ичига олган лексик манба асосида луғат тузиш тамойилларига доир илмий-назарий хулосалардан ЁА-1-06 рақамли «Профессионал таржимонларни тайёрлашда сифат назоратини ташкиллаштиришга компетент ёндашув» мавзуидаги амалий лойиҳанинг «Таржимонлар учун луғат яратиш» қисмида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 9 декабрдаги 89–03–5146-сон маълумотномаси). Натижада, шу соҳа бўйича махсус икки ёки кўп тилли мезуратив фразеологизмларнинг изоҳли ва таржима луғатларини яратишга асос бўлиб хизмат қилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish