Sayt test rejimida ishlamoqda

Маматалимов Зафар Мамараимовичнинг 
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи): “Анвар Обиджон шеъриятининг бадиий-маърифий хусусиятлари”, 10.00.02 – Ўзбек адабиёти (филология фанлари)
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2018.3.PhD/Fil528
Илмий раҳбарнинг фамилияси, исми, шарифи, илмий даражаси ва унвони: Баракаев Раҳматулла, филология фанлари номзоди, катта илмий ходим.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, DSc.02/30.12.2019. Fil.46.01 
Расмий оппонентлар: Болтабоев Ҳамидулла Убайдуллаевич, филология фанлари доктори, профессор; Матчонов Сафо, педагогика фанлари доктори, профессор. 
Етакчи ташкилот: Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети.
Диссертация йўналиши: назарий аҳамиятга молик.
II.Тадқиқотнинг мақсади: Анвар Обиджон шеърларининг бадиий-эстетик ва маърифий-тарбиявий хусусиятларини белгилаш, шоир ижоди орқали ХХ асрнинг иккинчи ярми ҳамда истиқлол даври ўзбек болалар адабиётида вужудга келган бадиий-шаклий янгиланишлар ҳамда адабий-эстетик жараёнлар тадрижий такомилида Анвар Обиджон ижодий тажрибалари нечоғлик аҳамият касб этганлигини кўрсатишдан иборатдир.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
Анвар Обиджоннинг болалар шоири сифатидаги илмий-ижодий биографияси яратилган, шеърий, насрий ва драматик асарлари жанрлар ҳамда мавзуий гуруҳларга ажратилиб тасниф қилинган; 
шоир ижодида анъанавийлик ва бадиий маҳорат муаммолари маърифийлик-тарбиявийлик, фольклор жанрлари ҳамда мумтоз адабиётимиз анъаналари янгиланиши нуқтаи назаридан улуғ аждодларимизга бағишланган мадҳиялари қиёси ҳамда анъанавий мавзунинг том маънодаги янгича талқинларига асосланган шеърлари мисолида белгиланган; 
шоирнинг ўндан ортиқ туркум шеърларида ўзбек болалар шеъриятини шакл ва мазмун жиҳатидан бойитишга хизмат қилган бадиий тимсоллар яйлов (эркинлик)ни соғинган қўй, илдизи ниҳоятда теран янтоқ, озодлик учун курашувчи учинчи полапон рамзий образларида ижтимоийлашгани асосланган;
шоир ижодий лабораториясига кириш орқали унинг комик ҳолат яратиш маҳоратида Фарғона водийси аскиячилиги образ индивидуаллигини таъминлашга хизмат қилиши кўрсатилган, бадиий асар ғоясини очишда ҳажвий қаҳрамоннинг бадиий-эстетик, дидактик вазифалари аниқланган; 
Анвар Обиджон ижодининг ХХ аср иккинчи ярми ва истиқлол даври ўзбек болалар шеърияти такомилидаги ўрни ҳамда ўзбек болалар адабиётини ривожлантиришдаги мавқеи шоирнинг ушбу давр болалар шеъриятини бадиий тасвир имкониятлари нуқтаи назаридан кескин янгилаган шеърий асарлари қиёсида кўрсатилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Анвар Обиджон шеъриятининг бадиий-маърифий хусусиятлари бўйича олинган илмий натижалар асосида: 
шоир шеъриятига ўзбек мумтоз адабиёти анъаналарининг таъсири, хусусан, ғазал шаклидаги шеърларида Алишер Навоий ижодий анъаналаридан озиқланганлиги ҳақидаги назарий хулосалардан А-1-118 рақамли “Алишер Навоий образининг тасвир ва талқинига оид ўқув қўлланмасини тайёрлаш ва нашр этиш” (2012-2017) мавзусидаги амалий лойиҳада фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 27 ноябрдаги 89-03-4978-сон маълумотномаси). Бунинг натижасида ўқув қўлланмаси Алишер Навоий образининг болалар адабиётидаги талқинига доир фикрлар билан бойитилган; 
Анвар Обиджоннинг фольклор анъаналаридан фойдаланиш маҳорати халқ оғзаки ижодига хос жанрлар мисолида талқин қилинганлиги хусусидаги мулоҳазалардан ХТ-Ф2-004 рақамли “Ўзбек халқ педагогикаси ва фольклор анъаналари” (2008-2010) мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 27 ноябрдаги 89-03-4978-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳанинг фольклор анъаналари қисми бошланғич синфларда халқ оғзаки ижоди таъсирида яратилган шеърий асарларни ўқитиш жараёнида халқ амалий педагогикаси тажрибаларидан фойдаланишнинг аҳамияти жонли мисоллар ёрдамида асослаб берилган; 
ҳозирги ўзбек шеъриятида адабий анъаналар билан дунё адабиёти тажрибаларининг синтезини асослаш мақсадида шарқ адабиётининг буюк классиклари Навоий, Бобур, Машраб, Муқимий; Европа адабиётининг етук вакиллари Пушкин, Сергей Есенин ижодий анъаналаридан озиқланган Анвар Обиджон поэтик маҳорати, шоир ижодининг истиқлол даврида алоҳида ривожланиш палласига кирганлиги “Мактаб”, “Ўқитувчининг ўгитлари”, “Темур бобо ривояти”, “Ҳаётнинг ҳар лаҳзаси гўзал” каби шеърларида яққол бўй кўрсатганлиги ҳақидаги фикрлардан Ф-1-06 рақамли “Истиқлол даври ўзбек адабиётида Шарқу Ғарб адабий анъаналари синтези” (2012-2016) мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 27 ноябрдаги 89-03-4978-сон маълумотномаси). Натижада диссертант қарашлари қиёслар асосида умумий хулосаларни кучайтиришга хизмат қилган;
“Мешполвоннинг жанглари” достони, “Олтиариқдан олти эртак” туркумига кирувчи адабий эртакларда халқ оғзаки ижодидан таъсирланиш масалалари, мифларга хос бўрттириш, жонлантириш, мотивировка элементлари шоир шеъриятида комик ҳолат яратишнинг ўзига хос усули сифатида хизмат қилганлиги борасидаги мулоҳазалардан “Ўзбек мифологияси ва унинг бадиий тафаккур тараққиётида тутган ўрни” (2012-2016) мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 27 ноябрдаги 89-03-4978-сон маълумотномаси). Натижада Анвар Обиджон яратган достонлар, адабий эртаклар хусусидаги назарий хулосалар лойиҳанинг илмий қимматини оширишга ёрдам берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish