Sayt test rejimida ishlamoqda

Тўйчиев Фурқат Нумоновичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): «Катта нисбатли қутблари ўзгарувчан чулғамни ишлаб чиқиш ва тадқиқ қилиш», 05.05.02 – «Электротехника. Электр энергия станциялари, тизимлари. Электротехник мажмуалар ва қурилмалар» (техника фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: B2017.2. PhD/T205.
Илмий раҳбар: Бобожанов Махсуд Қаландарович, техника фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Тошкент давлат техника университети, DSc.03/10.12.2019.Т.03.03.
Расмий оппонентлар: Пирматов Нурали Бердиёрович, техника фанлари доктори, профессор; Арипов Назиржон Мукарамович, техника фанлари доктори, профессор. 
Етакчи ташкилот: Навоий давлат кончилик институти. 
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади: юк кўтариш-транспорт механизмлари электр моторлари учун қутблари нисбати катта бўлган қутблар сони ўзгарувчан чулғам схемасини ишлаб чиқишдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
асинхрон моторларни поғонали ишга тушириш учун қутблар сони ўзгарувчан чулғам схемаси ишлаб чиқилган;
«юлдуз-жуфт юлдуз» базавий схема асосида тоқ сонли қутбларга эга чулғамлар олиш учун дискрет берилган фазовий функциялар усули такомиллаштирилган;
матрицалар усули асосида қутблари ўзгарувчан чулғам таркибидаги юқори гармоникаларни ҳисоблаш ва магнит юритувчи куч шаклини тузиш алгоритмлари ишлаб чиқилган;
магнит юритувчи куч шаклларини аниқлаш усули фазаларда ток ўзгариши асосида такомиллаштирилган ва чулғам гармоник таркибига вақт ўзгариши таъсир этмаслиги исботланган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. 
Юк кўтариш-транспорт механизмлари ва конвейерлар электр юритмасини такомиллаштириш бўйича олинган илмий натижалар асосида:
икки тезликли электр машинаси учун қутблар сони ўзгарувчан чулғам схемасига Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги томонидан ихтирога патент олинган (№ IAP 05385, 23.03.2017 й.). Натижада, статор пазлар сони 30 га тенг бўлган магнит ўтказгич асосида электромагнит кўрсаткичлари яхшиланган ва содда тайёрлаш технологиясига эга қутблар сони ўзгарувчан чулғамли икки тезликли мотор яратиш имконини берган;
тельфер электр юритмасида юк кўчириш жараёнини такомиллаштирувчи ва маҳсулот бутунлигини таъминловчи икки тезликли мотор “QARSHI BEST SHOES” МЧЖда жорий қилинган («Ўзсаноатқурилиш-материаллари» уюшмасининг 2020 йил 26 ноябрдаги 05/15-3693-сонли маълумотномаси). Натижада корхонанинг юк кўтариш-транспорт механизми ёрдамида кўчирилаётган юкнинг яхлитлигини таъминлаш ҳисобига бир йилда 31,4 млн. сўмлик иқтисодий самарадорликка эришилган;
лентали конвейер электр юритмаси иш режимини юкламанинг кун давомида ва мавсумий ўзгаришига мослаштирувчи ва электр энергияни тежовчи қутблар сони ўзгарувчан мотор “LAZURITE INVEST GROUP” МЧЖда жорий қилинган («Ўзсаноатқурилишматериаллари» уюшмасининг 2020 йил 26 ноябрдаги 05/15-3693-сонли маълумотномаси). Натижада, қутблар сони ўзгарувчан асинхрон моторни қўллаш орқали кам юкланган режимда электр энергия истеъмоли 17,5% га камайган ва бир йилда 53 млн. сўмлик иқтисодий самарадорликка эришилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish