Sayt test rejimida ishlamoqda

Жамолиддинова Дилноза Мирҳожиддиновнанинг 
фан доктори (DSc) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Бадиий матнда терминларнинг лингвопоэтик ва лингвокультурологик хусусиятлари”, 10.00.01 – Ўзбек тили.
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам:  B2019.4.DSc/Fil188.
Илмий маслаҳатчи: Маҳмудов Низомиддин Мамадалиевич, филология фанлари доктори, профессор. 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Муқимий номидаги Қўқон давлат педагогика институти. 
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, DSc.02/30.12.2019.Fil.46.03.
Расмий оппонентлар: Ҳакимов Муҳаммад Хўжахонович, филология фанлари доктори, профессор; Каримов Суюн Амирович, филология фанлари доктори, профессор; Муҳамедова Саодат Худойбердиевна, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: Наманган давлат университети.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади ўзбек тили бадиий матнидаги терминларнинг лингвопоэтик ва лингвокультурологик  хусусиятларини очиб беришдан иборат. 
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
ўзбек тилидаги аниқ ва табиий фанлар ҳамда ижтимоий-гуманитар фанлар терминларининг, шунингдек, касб-ҳунар лексикасининг матнда услубий хосланган ҳолда муайян поэтик-эстетик мақсадларда қўлланиши ва матннинг бадиий қимматини оширишга хизмат қилиши аниқланган;
терминларни матн таркибида таҳлил қилиш уларнинг матний қуршовда намоён бўлувчи семантик-структур, мантиқий ва бадиий-эстетик моҳиятини, бошқа нутқ услубларига хосланиш хусусиятларини аниқлашга имкон яратиши, шу сабабли мазкур бирликларни фақат гап доирасида эмас, матн доирасида ҳам ўрганиш мақсадга мувофиқ эканлиги асосланган;
терминлар ва касб-ҳунар лексикаси тил эгаларининг лисоний онги ҳосиласи сифатида бадиий матнда лингвомаданий қимматга эга бўлиши, шунингдек, мазкур соҳалар бўйича жамоа онгида шаклланган концептларнинг лисоний ифодачиси сифатида бадиий матнда поэтик тус олиб воқеланиши исботланган;
бадиий матнда қўлланган илмий терминлар ҳамда касб-ҳунар лексикаси орқали  муайян концептнинг воқеланишига хос миллий-маданий семалари ва унинг бадиий матндаги поэтик  мақоми антропоцентрик қарашлар асосида кўрсатилган;
бадиий матнда терминларнинг лингвопоэтик моҳият касб этиши ва  уларнинг поэтик-эстетик қиммати, қаҳрамон нутқининг ўзига хос хусусиятини кўрсатиш воситаси сифатида комик тасвирни яратишга хизмат қилиши матний қуршов доирасида аниқланган;
касб-ҳунар лексикаси ва терминлар ҳам бошқа луғавий бирликлар сингари метафорик мазмун касб этиб, ёзувчининг индивидуал-бадиий услубини шакллантирадиган, бадиий матннинг эмоционал-экспрессивлигини таъминлайдиган тил бирлиги эканлиги кўрсатилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Бадиий матндаги терминларнинг лингвопоэтик ва лингвокультурологик тадқиқи натижалари асосида: 
терминлар орқали тилда концептнинг воқеланиш муаммоси ва унинг бадиий матндаги услубий мақоми ҳақидаги хулосалардан «Умумий ўрта таълим мактаблари, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида ўзбек тили фанлари ўқитишнинг инновацион методлари» мавзусидаги 7.2.1 рақамли фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 7 октябрдаги  89-03-3741-сон маълумотномаси) Натижада лойиҳа терминларнинг услубий мақоми ва бадиий матн қуршовида намоён бўлувчи семантик-структур хусусиятлари, нутқ услубларига хосланиши  каби янги маълумотлар билан бойиган;  
бадиий матнда терминларнинг поэтик актуаллашиш қонуниятлари, асар қаҳрамони руҳий ҳолатини аниқ ифодалаш воситаси бўла олиши ҳақидаги хулосалардан ХТ-Ф2-013 рақамли ”Умумий ўрта таълим мактаблари амалий психологлари фаолиятини такомиллаштиришнинг фундаментал асослари” мавзусидаги фундаментал лойиҳада фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 7 октябрдаги 89-03-3741-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳа психологик терминларнинг тавсифи ҳамда тилда психологик терминлар орқали концептнинг воқеланиши асосида янада мукаммал бўлишига эришилган;
аниқ ва табиий фанлар терминосистемалари ҳамда ижтимоий-гуманитар фанлар терминосистемаларининг бадиий матндаги стиллаштириш имкониятлари ҳақидаги хулосалардан ModeHED «Институт, университетларда соғлиқни сақлашга оид фанларни модернизациялаш» халқаро лойиҳасида фойдаланилган (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 7 октябрдаги 89-03-3741-сон маълумотномаси). Натижада лойиҳа терминларга доир янги илмий далиллар ҳамда аниқ ва табиий фанлар терминосистемаларининг шаклланишига доир илмий маълумотлар билан бойитилган;
бадиий матндаги терминларнинг лингвопоэтик ҳамда миллий-маданий хусусиятлари, улардан ўринли фойдаланиш хусусидаги хулосалардан Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг «O’zbekiston» радиоканалининг эшиттиришлари сценарийсида фойдаланилган (Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг 2020 йил 12 октябрдаги  04-25-945-сон маълумотномаси). Натижада тайёрланган материаллар мазмуни эшиттиришларнинг холис ёндашув асосида тайёрланишига, тилнинг инсон омили билан боғлиқликда ўрганилишига, тил бирликларининг нутқий имкониятлари, инсон онгида ва дунёқарашида тил дунёсининг аксиологик манзарасини белгилашга доир илмий, амалий ва методологик ғояларнинг кенг жамоатчиликка етказилишига имкон берган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish