Sayt test rejimida ishlamoqda

Ғуломова Хилола Азизовнанинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “Афзалийнинг «Мажмаъ ул-масоил» асари қўлёзма нусхаларининг қиёсий-текстологик тадқиқи”, 10.00.10 - Матншунослик ва адабий манбашунослик (филология фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2020.4.PhD/Fil.633.
Илмий раҳбар: [Ҳасанов Саидбек Рустамович], филология фанлари доктори, профессор; Раҳмонов Насимхон Асқарович, филология фанлари доктори, профессор 
Диссертация бажарилган муассаса номи: Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса (муассасалар) номи, ИК рақами: Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги илмий даражалар берувчи DSc.03/30.12.2019.Fil/Tar.21.01.
Расмий оппонентлар: Имомназаров Муҳаммаджон Султонович, филология фанлари доктори, профессор; Шодмонов Нафас Намозович, филология фанлари доктори, профессор.
Етакчи ташкилот: ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади Афзалийнинг “Мажмаъ ул-масоил” асари қўлёзма нусхаларининг қиёсий-текстологик тадқиқини амалга ошириш орқали уни фиқҳга оид илмий-адабий манба сифатида асослаб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги:
“Мажмаъ ул-масоил” манзумаси муаллифи Афзалийнинг ислом илмларини пухта эгаллаган шахс экани асар матнига таянган ҳолда аниқланган ҳамда у Ҳасанхўжа Нисорийнинг “Музаккир ул-аҳбоб”, Мутрибий Самарқандийнинг “Нусҳаи зебои жаҳонгир” ва “Тазкират уш-шуаро” асарларида келтирилган Афзалийлар шахсига мос келмаслиги далилланган;
Афзалий фиқҳ масалаларини ёритишда “Кифоя”, “Саҳиҳ ул-Бухорий”, “Мухтасар ул-виқоя”, “Ҳидоя”, “Туҳфат ул-фуқаҳо”, “Ҳайрат ул-фуқаҳо”, “Мухтасар ул-Қудурий”, “Муҳит”, “Мухтасар ул-хизона”, “Хулоса”, “Шарҳ ул-авродиййа”, “Қозихон”, “Канз ул-ъибод”, “Салот ул-Масъуд” каби илмий манбаларга асослангани очиб берилган;
Афзалийнинг “Мажмаъ ул-масоил” асарида тажнис, тавзеъ, тарсеъ, иштиқоқ каби лафзий санъатлар, илтифот, таъдид, таносуб, мутобақа, иқтибос сингари маънавий санъатлар, қофиянинг энг фаол тури сифатида муқайяд-и мужаррад, ўртача фаол тури сифатида мутлақ қофиянинг васлли, хуружли, мазидли ва нойирали турлари қўллангани асосланган;
“Мажмаъ ул-масоил” асарининг Тошкент фондларида мавжуд қўлёзма ва тошбосма нусхалари илмий тавсифланиб, улардан профессор С. Ҳасановнинг шахсий кутубхонаси, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти (8398 рақамли), Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейи (646 рақамли) фондларида сақланаётган қўлёзма нусхалари қиёсланган ҳолда йиғма-қиёсий матн тузиш тамойиллари ишлаб чиқилган.
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши.
Афзалийнинг “Мажмаъ ул-масоил” асари қўлёзма нусхаларининг қиёсий-текстологик тадқиқи бўйича олинган илмий натижалар асосида:
фиқҳга оид эски ўзбек тилида ёзилган назмий асарлар, хусусан, Алишер Навоийнинг “Сирож ул-муслимийн”, “Арбаъийн”, Бобурнинг “Мубаййин”, “Рисолайи волидиййа”, Сўфи Оллоёрнинг “Сабот ул-ожизин”, Ҳувайдонинг “Роҳати дил” асарларига оид натижалардан ОТ-Ф1-71 рақамли “Илк ва ўрта асрлар Марказий Осиё минтақасида этно-лингвистик вазият” мавзуидаги лойиҳада фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020 йил 15 сентябрь 89-03-3325-сон маълумотномаси). Натижада ўзбек шеъриятида илк ва ўрта асрлар Марказий Осиё минтақасида ислом фиқҳига оид назмий асарлар туркий тилда ҳам яратилганлиги ҳамда кенг тарқалганлиги масалаларини ёритиб беришга хизмат қилган;
Афзалий томонидан ёзилган “Мажмаъ ул-масоил” асарининг Тошкент шаҳри фондларида сақланаётган қўлёзмалари тавсифи, миқдори, сифатига оид илмий хулосалар ва С.Ҳасановнинг шахсий кутубхонасида сақланаётган Афзалийнинг “Мажмаъ ул-масоил” асари қўлёзмаси электрон нусхаларидан Ғафур Ғулом уй-музейи сайтида ташкил этилган “Нодир манбалар” рукни онлайн экспозициясини шакллантиришда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси маданият вазирлигининг 2020 йил 19 октябрь 01-12-10-4664-сон маълумотномаси). Натижада ўзбек мумтоз адабиёти манбалари, музей фондида сақланаётган қўлёзма асарларнинг электрон каталоги ҳамда музей фондидаги ўзбек адабиётига доир экспозицияларнинг экскурсия матнлари бойитилган;
Афзалийнинг “Мажмаъ ул-масоил” асари тошбосма ва қўлёзма нусхаларининг қиёсий-текстологик хусусиятларига доир маълумотлардан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «Ўзбекистон тарихи» телеканалининг “Тақдимот” кўрсатувида фойдаланилган (Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг 2020 йил 20 март 02-40-626-сон маълумотномаси). Натижада томошабинларга “Мажмаъ ул-масоил” асарининг мазмуни, мумтоз адабиёт намояндаларининг илмий-адабий асарлари ҳозирда ҳам аҳамиятли экани ҳақидаги маълумотлар етказилган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish