Sayt test rejimida ishlamoqda

Шермухамедов Комилжон Абдувалиевичнинг
фалсафа доктори (PhD) диссертацияси ҳимояси ҳақида эълон

I. Умумий маълумотлар.
Диссертация мавзуси, ихтисослик шифри (илмий даража бериладиган фан тармоғи номи): “XX-XXI аср бошларида Миср ижтимоий-сиёсий ҳаётида “Мусулмон биродарлар” уюшмасининг фаолияти”, 07.00.04 – Диншунослик (тарих фанлари).
Диссертация мавзуси рўйхатга олинган рақам: В2017.1.PhD/Tar48. 
Илмий раҳбар: Хасанов Ахаджон Ахмеджанович, тарих фанлари доктори, профессор.
Диссертация бажарилган муассаса номи: Ўзбекистон халқаро ислом академияси.
ИК фаолият кўрсатаётган муассаса номи, ИК рақами: Ўзбекистон халқаро ислом академияси, DSc.35/30.12.2019.Isl/Tar/F.57.01.
Расмий оппонентлар: Бабаджанов Бахтиёр Мираимович, тарих фанлари доктори, Закурлаев Абдумутал Каримович, юридик фанлари доктори, доцент.
Етакчи ташкилот: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти.
Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
II. Тадқиқотнинг мақсади “Мусулмон биродарлар” уюшмасининг деструктив фаолиятини очиб беришдан иборат.
III. Тадқиқотнинг илмий янгилиги: 
замонавий кўринишдаги радикал оқимлар томонидан амалга оширилаётган суицид амалиётининг асоси илк бор Ҳасан ал-Баннонинг “Фаннул-мавт” (“ўлим санъати”, فن الموت), яъни “шаҳидликка рухсат бериш”ни диний матнлар билан боғлаб бериш ғояси орқали татбиқ этилгани аниқланган; 
“Мусулмон биродарлар” уюшмаси (جماعة الإخوان المسلمين) етакчиси Саййид Қутбнинг “такфир” (“динсизликда айблаш”, تكفير) амалиёти билан боғлиқ ўта радикал концепцияси замонавий экстремистик ва террорчи гуруҳларнинг бузғунчилик ҳаракатларини оқлашда асосий воситага айлангани очиб берилган;
“Мусулмон биродарлар”нинг тизимлашган бошқарув иерархияси ва “халифалик давлатини ташкил этиш” билан боғлиқ дастурий мақсадлари “Ҳизбут-таҳрир” сингари экстремистик ташкилотларнинг услубларига бевосита таъсир этгани исботланган; 
Мисрнинг экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича кўп йиллар давомида қўллаган “куч ишлатиш” методи бугунги ахборот кураши даврида етарли самара бермагани сабабли ғоявий тарғибот услубига ўзгаргани ва бу ўз навбатида Ўзбекистон тажрибаси мисолида “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси энг самарали йўл экани асосланган. 
IV. Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши:
замонавий кўринишдаги радикал оқимлар томонидан амалга оширилаётган суицид амалиётининг асоси илк бор Ҳасан ал-Баннонинг “Фаннул-мавт” (“ўлим санъати”), яъни “шаҳидликка рухсат бериш”ни диний матнлар билан боғлаб бериш ғояси орқали татбиқ этилгани ҳақидаги маълумотлардан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари учун буюртма асосида тайёрланган дарслик ҳамда имом-хатиблар учун чоп этилган муаллифнинг “Жаҳолат тўри” номли китобида фойдаланилган (Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг 2020 йил 10 ноябрдаги 2214-сонли маълумотномаси). Натижада бугунги кунда ижтимоий барқарорлик ва тараққиёт учун таҳдид солаётган дин ниқоби остидаги хуружларни олдини олиш, ёшларни соғлом эътиқод ва бағрикенглик руҳида тарбиялаш масалалари очиб берилган; 
“Мусулмон биродарлар” уюшма етакчиси Саййид Қутбнинг “такфир” амалиёти билан боғлиқ ўта радикал концепцияси замонавий экстремистик ва террорчи гуруҳларнинг бузғунчилик ҳаракатларини оқлашда асосий воситага айлангани ҳақидаги илмий-назарий хулосалардан ички ишлар тизимидаги ходимларнинг малакасини ошириш, ислом ниқоби остидаги экстремистик ва террорчи уюшмалар бўйича маълумотлар базасини шакллантириш ҳамда профилактика инспекторлари учун буюртма асосида тайёрланган “Экстремизм ва терроризм – тараққиёт душмани” номли ўқув-амалий қўлланмани тайёрлашда фойдаланилган (Ички ишлар вазирлигининг 2020 йил 28 ноябрдаги 3150-сонли маълумотномаси). Натижада Ички ишлар органлари ходимларида мутаассиб оқимлар томонидан тарғиб қилинаётган ғоялар ислом дини моҳиятига умуман ёт экани ҳақидаги маълумотлар тақдим этилган;
“Мусулмон биродарлар”га хос тизимлашган бошқарув иерархияси ва “халифалик давлатини ташкил этиш” билан боғлиқ дастурий мақсадлари “Ҳизбут-таҳрир” сингари экстремистик ташкилотларнинг услубларига бевосита таъсир этгани ҳақидаги маълумотлардан буюртма асосидаги “Жаҳолатга қарши маърифат”, “Илмдан бошқа нажот йўқ”, “Экстремизм профилактикаси ва дерадикализация масалалари” номли китоблар мазмунига сингдирилган (Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2020 йил 3 ноябрдаги 5461-сонли маълумотномаси). Тадқиқот натижалари жойларда маънавий-маърифий тарғибот ишларининг таъсирчанлигини ошириш ҳамда ёт ғоялар таъсирига тушган фуқароларни соғлом ҳаётга қайтаришда муҳим аҳамият касб этган; 
Мисрнинг экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича кўп йиллар давомида қўллаган “куч ишлатиш” методи бугунги ахборот кураши даврида етарли самара бермагани сабабли ғоявий тарғибот услубига ўзгаргани ва бу ўз навбатида Ўзбекистон тажрибаси мисолида “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси энг самарали йўл экани ҳақидаги илмий-назарий хулосалардан олий таълим муассасалари учун “Дин ниқобидаги таҳдидларга қарши иммунитетни шакллантириш асослари” дарслигини тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 27 декабрдаги 1186-сон буйруғига асосан нашрга тавсия этилган). Натижада талабалар онгида мутаассиблик, экстремизм ва терроризмнинг салбий оқибатларини янада чуқурроқ англаш, жамият барқарорлигига таҳдид солаётган бузғунчи оқимлар ҳақида яққол билим ва тасаввурлар шаклланишига хизмат қилган;
Ўзбекистоннинг экстремизм ҳамда терроризмга қарши кураш бўйича ижобий тажрибаси асосида ишлаб чиқилган илмий-амалий тавсиялардан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий-тарихий концепциясининг “Жаҳолатга қарши маърифат” бандини ишлаб чиқиш ва музей экспозициясини шакллантиришда фойдаланилган (Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг 2020 йил 28 августдаги 234/20-сонли маълумотномаси). Ушбу илмий натижа жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни гуманистик ғоялар, миллий ғурур ва ифтихор руҳида тарбиялашга асос бўлган.

 

Yangiliklarga obuna bo‘lish